Иқрор

Иқрор
61 views
01 March 2014 - 10:48

indir

Фонийда ўлим бор, асло қолмаймиз,
Ўлим фариштаси келар бир кеча…
Олтин сочмаймизми, ОДАМ бўлмаймиз,
Бошимиз саждага тегмагунича!..

Эҳтимол, фарзандлар қолар бизлардан,
Балким дунё ўрнак олар бизлардан,
Аммо вужудимиз тонар бизлардан,
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Осмонларда балки ҳаёт қилармиз,
Қуёшнинг ёнида ўйнаб-кулармиз…
Бироқ биз ҳамиша тубан бўлармиз
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Дунё дарс олса ҳам бизнинг онглардан,
Турфа жило берган турфа ранглардан…
Ҳеч ким эмасмиз биз эрта тонглардан
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Кўз чақнар, дунёдан кўнгил тўқ, қалб тўқ:
«Саодат бормикан бундан ҳам ортиқ?!»
Асли бир чақалик қийматимиз йўқ
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Фиръавнлар яшаб ўтган макон бу,
Ўзни худо санаб тутган макон бу.
Оқибат бўлакча бўлмас, ҳамон бу
Бошимиз саждага тегмагунича!.

«Отамиз кимгадир, отамиз ҳам бор».
Белгилаб бермайди бу ёлғон шиор.
Чунки бир кун келиб малъунмиз ва хор
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Майли, зоҳирига қилсинлар ҳавас.
Унинг ботинида маъно бўлса, бас.
Кераксиз қовоқдан бошқа нарсамас
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Шу билан инсонлик бўлади пайдо,
Шу билан азиздир бу кўҳна дунё.
Ўзни мажбурлайлик, қўймайлик асло
Бошимиз саждага тегмагунича!.

Хайрулло Ҳамидов