Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (11)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (11)
155 views
05 March 2014 - 11:19

evril turon bu tog`lar(давоми)

12
Тоғ қорайди. Сув қорайди. Юсуфбек қирғоқни қоплаган митти, чиройли, ним қизил совунак ўтлардан юлиб олди, уларни кафтида ишқалаб кўпиртирди, юз – қўлини ювди. Кейин оқ тош остидаги олтиндан хабар олгани борди. У кўза тўла тилласига тикилиб, хийла ўтирди. Шу топда Юсуфбек ўзини бениҳоят бахтли ҳис қилар, ҳозир унга тун зулмати босган дунё ёп – ёруғ кўринар, боягина тирик бўлган дўстининг боши энди қайлардадир оқиб кетаётганини хаёлига ҳам келтирмас эди.

Ниҳоят Юсуфбек кўзани жойига яшириб изига қайтди.
Оқ чодирда шам саҳарда ўчди…
Бироқ хиёл ўтмай хавотирли товуш эшитилди:
– Бек ака!..
Юсуфбек қушдай сергак эди. У чўчиб уйғонди. Бироқ қаттиқ чарчаганиданми, товуш қаердан келганини англамади. У шошиб шамни ёқди ва чап томонига қаради. Ёнида Маллабойнинг масъум қизи Сония қимир этмай ётарди. Унинг тиниқ, шаффоф, мусаффо юзлари пахтадек оқариб кетган, узун – узун киприклари тўсган кўзлари юмуқ эди. Шу туфайли қизнинг ухлаётган ё ухламаётганлигини билиб бўлмасди. Юусуфбек “Тушимда алаҳсираганман шекилли”, деб ўйлади ва қизнинг яланғоч, оппоқ кўкрагига тикилди. Сўнг кўзлари ёниб, Сонияни маҳкам қучоқлади ва унинг сезилар – сезилмас кўтарилиб тушаётган оппоқ кўксига лабини босди. Қиз заиф ингради. Шу лаҳзада бояги овоз яна такрорланди:
– Бек ака!..
Юсуфбек тез ўрнидан туриб, ички кийимда ташқарига чиқди. Ойдин эди. Чодирдан сал наридаги қайрағоч олдида новча, озғин, жағ суяклари туртиб чиққан, чуқур кўз, юмалоқ бир йигит турарди. У Юсуфбекнинг айғоқчиси – Норбек эди. Юсуфбек уни шаҳардаги аҳволдан хабар олиб келишга юборган эди.
– Ассалом алайкум, Бек ака! – У чопиб келиб, Юсуфбекка иккала кўлини чўзди.
Юсуфбек унинг кўлини олмади. Саломга бош ирғаб, жавоб берди. Сўнг ўзини оқлаган бўлди:
– Қўлим тозамас.
– Менга ҳамиша кўлингиз тоза, Бек ака.
– Шундоқ бўлсаям кўришмаганимиз маъқул. Хўш, қандоқ янгилик олиб келдинг?
– Нохуш хабар… Бек ака.
– Хўш?!
– Бухоро қизиллар қўлига ўтди. Амир Олимхон қочти…
– А?!. – деди Юсуфбек беихтиёр. Бироқ бўшашганини сезиб, дарҳол ўзини қўлга олди.
– Норбек, бор, дам ол!
– Хўп, Бек ака, – Норбек бошқа чодирга кетди.
Юсуфбек турган жойида ўйга ботди: “Шундоқ бўлишини олдиндан сезгандим. Амирнинг ўзи фаросатсизлик қилди. Вақтида Жунаидхон, Саид Абдуллалар билан бирлашиш ўрнига, айш – ишратдан бош кўтармади. Ҳатто қизиллардан таёқ еб, улар билан сулҳ тузгандан кейин ҳам ҳарбий кучини мустаҳкамламади. Ҳарбийсиз давлат давлатми? Унинг очиқ дарвозасидан ит ҳам, бит ҳам кираверади. Ахир у кезларда қизиллар кам эди, уларни бир ҳамла билан бир ёқли қилиш мумкин эди. Энди эса большевиклар кўпайиб, кучайиб кетди. Уларга қарши курашган Кольчак, Деникин, Дутовлар ҳам тамом бўлишди, олмон, жапўн, инглиз, америкаликлар ҳам кўнгилдан кўмаклашмадилар. Энди қизилларнинг ўз ичидан аланга чиқмаса, уларни енгиш қийин. Бу аччиқ ҳақиқатга тан бермасдан илож йўқ. Энди биз ҳам бу ердан тез кетмасак, дорга осиламиз”.

Юсуфбек чодирга кирди. Лекин оғир ўйлар қуршовида ухлолмади. Шунга ғам – қайғу ва ғулғуладан қутилиш учун сувга ташна одам мисол кўзадан май симирди. Сўнг уни олган жойига – остона ёнига қўйди. Ва тўшак устида мунғайиб ўтирган Сонияга буюрди:
– Тур, ювин!
У қумғондаги илиқ сувга юз – кўлини ювди. Гулсиз оқ сочиққа артинди. Кейин Юсуфбекнинг кўрсатмаси билан тўшак адоғига терги ёзди. Унга иккита нон, тоғ ғози эти ва олтита тухум қўйди. Юзма – юз ўтиришди. Юсуфбек Сонияга кўзадан бир коса май қуйиб узатди.
– Ич, бир қултум ҳам қолдирмай ич, ғам, ҳасратни унутасан.
Умрида май ичмаган қиз қўрққанидан ичди.
Оз – оздан ғоз эти ейишди.
Юсуфбекнинг кайфи ошди.
– Сен сотқиннинг қизи бўлсанг ҳам, менга ёқаяпсан, – Юсуфбек қонга тўлган кўзларини шаҳвоний ҳирс билан Сонияга тикди, – мен сенга ёқаяпманми?
Қиз мовий кўзларини юмиб, очди.
– Кўнглингни айт.
Қиз бошини эгиб, кўтарди. Бироқ унинг кўзлари қўрқувга тўла эди.
– Мен сенинг қизлигингни олдим. Отангни хуни учун. У ўрисга ёрдам берди. Қўрқма, мен сени ўлдирмайман. Аммо сотқинни ҳеч замон кечирмайман! Ҳар қандай ёмонликни кечирсам ҳам, сотқинни кечирмайман! Ҳатто оға – иним бўлса ҳам, ўғил – қизим бўлса ҳам кечирмайман! Ўлдираман! – Юсуфбекнинг кўзи ваҳшиёна ёнди. – Юрт ички сотқинлардан тозаланса, эл, эл бўлади. Сен буни тушунмайсан. Сени қонинг бошқа. Туркка ўхшамайсан. Сариқсан. Сариқ сулувсан. Ё туркмисан? Тилинг ғалати. Менга аёлнинг миллати эмас, ўзи муҳим, чиройи муҳим. Тушундингми?
– Тушундим, – Сониянинг кўзи тиниб, боши айлана бошлади.
– Уйқинг келаяптими?
– …
– Ёт, ечиниб ёт, мен сенинг кўз очиб кўрганингман, уялма.
Сония кўрпа орасига кириб ечинди.
Юсуфбек тергини йиғиштирди. Сўнг яланғоч бўлиб, тўшакка кирди. Сониянинг уйғотгувчи… дудоқларидан ўпди, ёндиргувчи эҳтирос билан ўпди.
Қиз ингради.
Беҳол ингради.
– Тилингни бер, тилингни, Сония.
Энди очилган гулдай етилган Сония ўзини йўқотди. Тилини чиқарди. Қўрқувданмас. Ғаройиб тотдан.
Юсуфбек мислсиз эҳтирос билан унинг гилос ранг тилини сўрди.
Сония терга ботди.
Юсуфбек ҳам.
Сониянинг кўзи сузилди.
Беқиёс истак билан сузилди.
Юсуфбек ҳам шу ҳолатга тушди.
Бетакрор ҳолатга…
Оқ чодир тўлғонди Денгиздаги елкандай тўлғонди.
Тонггача…
Қуёш тикка кўтарилаётганда Юсуфбек чўчиб уйғонди. Тушида оч бўрилар орасида колганмиш, кўлида куроли йўқмиш, қўрққанидан теракка қочиб чиққанмиш. Шунда бўрилар ёввойи одамларга айланганмиш ва ваҳимали чинқирароқ оғочга чиқа бошлаганмиш, Юсуфбек қўрққанидан бақириб, пастга сакраганмиш…

Юсуфбек бу мудҳиш туш таъсирида анчагача ўзига келолмади. Аъзойи – бадан терга ботди. У тушини ҳар нарсага йўйиб кўрди. Лекин бири ҳам кўнглига ўтирмади. Унга алам қилди, томоғида каклик тухумидай келадиган нарса ўйнай бошлади. Бора – бора унинг асаби босилди. У секин кўзини юмди. Шу он беихтиёр Норбек айтган хабар эсига тушди: боши тош остида қолган илондай тўлғона бошлади: “Яна озгина, озгина вақт Олимхон енгилмай турганда, хорижга ўтиб кетардик… Бу сўзлар Юсуфбекнинг миясида тегирмон тошидай айланди, айланган сари боши тарс ёрилиб кетаётганга ўхшарди.

“Энди вақтни бой бермаслигимиз керак!”

У ўзи сезмаган ҳолда ўрнидан отилиб турди: оппоқ тўшакда юзтубан ётган, гўзал елкаларию силлиқ болдирлари очилиб қолган Сонияга ҳам қарамасдан тез кийинди ва тўғри шалолага борди.

Юсуфбек ювиниб, кийиниб бўлганда, арчазордан юксакликдаги қорли чўққида лола баргагидай шуъла қалтираб турарди. Бу – сўнгги шуъла эди. Яқиндай кўринган, аслида ҳеч қандай тирик жон ета олмайдиган уфқ айланасидан қон денгизи пайдо бўлган, бу кишига илоҳий бир сир борлигидан далолат бераётгандай эди. Бу ер чуқур сойлик бўлгани учун олис, қорамтир осмонга тошиб чиққан тумонот юлдузлар аниқ кўрина бошлади. Юсуфбек салқин шабададан билинар – билинмас чайқалаётган эчкиўт, отқулоқ, пидина сингари ўт – ўланларни оралаб юриб, сой бўйига келди. Бу жойга йигитлар кечки овқатга йиғилишган эди. Юсуфбек ўзини бехавотир одамдек тутиб, улар билан саломлашди. Сўнг томоғини қириб олиб, секин гапирди:
– Йигитлар, қизиллар Бухорони олипти. Амир хорижга қочипти.
– А!
– Э!
– Вой!
Ҳамманинг юзига қайғу ёйилди. Ўсар эса қалин қовоғини уйди:
– Ўзидан кўрсин. Қўшин тўплаш ўрнига, “Олма пиш, оғзимга туш”, деб оғзини очиб ўтирди. Бухорони қўш қўллаб қизилларга топширди. Ўзи “эл учун, юрт учун яшаш, ишлаш, лозим бўлса ўлиш муқаддас бурчимиз!” деб жар соларди. Лекин эл – юрт учун ўзи бир иш қилдими? Юртни ғорот қилди. Ҳеч бўлмаса бирор анҳор қурмади. Қайтага эл мулкини ўмарди. Энди, мана, оғир кун келганда элиниям, юртиниям ташлаб қочти. Қочгандаям хазинани олиб қочди. Тўнғиз! Энди эл жабр кўради. Шўрога қул бўлади.
– Тўғри айтасан! – унга қўшилди Қўйбоқар.
– Шўрони мақташаяпти – ку, – гап қистирди лабларини ялаб, қимтиниб Жайноқ, – халқ тенг, тинч – тотув, тўқ яшармиш.
– Ким айтди?! – сўради Ўсар қамчисини қора чарм этиги қўнжисига асабий уриб.
– Элда шундай сўз юрибти.
– Эл! Эл деганинг пода. Ким нима деса, ишонади, ким нима буюрса қилади. Кўлоғингга қўрғошиндек қуйиб ол, овсар, шўро эл қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, алдаёпти.
– Йўқ – а.
Ўсар қизилларни ёмон кўрарди. Бунинг устига қизиққон одам эди. Унинг кўзига қон тошди. Ғазаб билан ўшқирди:
– Онангни с!.. Қанжиқ!
Жайноқ кўрқиб кетди. Семиз юзи муздек оқарди, оёғи қалтиради.
– Қўрқма, исқирт, сени уришга ҳазар қиламан. – Ўсар юзини четга бурди.
– Кечиринг, билмай айттим.
– Ўч, каламуш!
Жайноқ қўрққанидан елкасини қисган бўйи ўчоқ томонга шошиб йўналди, Қўйбоқар уни чалиб йиқитди.
– Маймун! – деди у ижирғаниб, – қандоқ тузум бўлсаям, ишламасанг мана буни ейсан! – У икки бармоғини йириб, бошмалдоғини ўтказиб кўрсатди. Тушиндингми, ювинди?
– Тушиндим, – деди ялтоқланиб Жайноқ ва қалқди, – мен лақма эса “Шўро замонида ҳамма тенг яшайди”, деган гапга ишониппан.
– Сен мунофиқсан! Қўлоғингга қўрғошиндай қуйиб ол. Нафс бор ерда тенглик бўлмайди! Тенглик дегани нариги дунёда.
– Етар, бас! – деди шиддатли оҳангда боядан бери қайрағоч танасига жимгина суяниб турган Юсуфбек: – Энди ўзимиз ҳақимизда ўйлайлик!
У бирдан сўзидан тўхтади, тез юриб Келдибекнинг олдига келди ва унинг кенг елкасига зилдай қўлини ташлади:
– Қизиллар жуда ёвуз. Уларни ўзларини “мусулмонман” деб юрган ички сотқинлар қўллашаяпти. Шу сабабли копирлар кучайиб боришаяпти. Ланъати сотқинлар! Улар босқинчидан ҳам ёмон!
Йигитлар сой шовқинини босиб қичқирдилар!
– Ит эмганлар!
– Хоинлар!
– Уларни бола – чақалари билан бирга ёқиш керак!
– Замон келса!.. – Юсуфбек гапни кесди.
– Замон келса ҳам улардан қутилиб бўлмайди, – эътироз билдирди Болта, – дарров замонга мослашади. Миллий қиёфага киради…
Юсуфбек Болтанинг чин сўзи олдида бироз ўйланиб турди, сўнг пичоқдан чандиқ бўлиб кетган қаҳрли юзига қараб деди:
– Бунга йўл қўймаймиз!
– Тепага чиқиб олсалар кучимиз етмайди. Куч ишлатар дажжоларини ишга солади.
Юсуфбек бетга чопар Болтанинг тўғри сўзлиги учун ҳурмат қилар ва унга ишонарди. Шунга майлини синдирмай деди:
– Болта, тирик бўлсак, бу ҳақда замон келганда гаплашамиз, ҳозирча эрта.
– Тўғри, – Арслон уни маъқуллади.
Юсуфбек йигитларга бир – бир синовчан кўз югуртирди ва кейин жиддий бир тарзда сўради:
– Балки, бизнинг ичимизда ҳам сотқинлар бордир?
Ўртага жимлик чўкди. Ўчоқ бошида ивирсиб юрган Райимберди, Жайноқ, Янгибойлар бир – бирларига ер сингалаб қарадилар. Сукутни Болта бузди:
– Бор.
– Ким?
Ўсар жавоб берди:
– Райимберди, Жайноқ, Янгибой бесақол.
– Асосинг борми?
Келдибек ўртага чиқди. Жайноқ, Янгибой, Райимбердилар типирчилаб қолишди.
– Қизиллар билан бирга бўлган деган миш – мишлар юради.
– Бу асос эмас, Келдибек.
– Шамол бўлмаса оғочнинг учи қимирламайди, – деди Арслон.
Каттабек гап суқди:
– Бизга ишонмасангиз, буни Маллабой, Онарбой, Акобирлардан сўранг.
– Энди, бир камим шу эди.
– Қизлари шу ерда – ку, – гапга қўшилди Саримсоқ.
– Чақиринглар!
Каттабек, Арслон, Ўсарлар чодирларга ёндилар. Аммо шу аснода Жайноқ, Райимберди, Янгибойлар от устида эдилар. Йигитлар гап – сўз билан бўлиб буни кеч пайқашди. Келдибек, Саримсоқ, Болталар яйдоқ арғумоқларга сакраб миндилар ва қамчи босдилар. Ярим соат кечмай уларни тутиб келишди. Ранглари ўлик тусига кирган ялоқлар Юсуфбекнинг оёғига йиқилиб эландилар:
– Биз ҳеч кимни сотмаганмиз, сотмаймиз.
– Бўлмаса нега қочдинглар?
– Бир қошиқ қонимиздан кечинг, қўрқдик, туҳмат ёмон.
Қизларни олиб келишди. Қони тез Болта қиличини суғурди.
– Ким ёлғон сўзласа чопаман! – У оч бўридек хирилла- ди, – манавилар қизиллар билан бўлганми, – суқ бармоғида ялтоқларни кўрсатди.
Қизлар унинг аждарҳони эслатувчи важоҳатидан музладилар.
– Кутишга тоқатим йўқ! – Болта қиличини ғазабноқ кўтарди. У беомон ялтиради. Қизлар ўтириб қолишди. Данбаллари ҳўл бўлди. Янгибой, Райимберди, Жайноқларни ҳам. Калта бўйли кулча юзли қиз (Акобирнинг қизи):
– Э – э – эш – эш – ит – ган – миз – деди эшитилар – эшитилмас овозда дудуқланиб.
– Кимдан?
– У – у – ул – ис – дан.
– О – о – оф – тоб – да ҳам – ма би – ла – ди, – ўрта бўйли, кўркам юзли қиз (Онарбойнинг қизи) уни тасдиқлади.
– Ле – ле – кин… Ҳеч – ким – ни со – о – от – ма – ган – миз – Янгибой Юсуфбекнинг оёғини қучоқлаб ўпди. Юсуфбек уни бўри билан илакишган қанжиқдек тепиб юборди. У чалқанча қулади. Энсаси тошга урилди. Вой – войлаб бошини чангаллади. Иштонини булғади. Атрофни сассиқ ҳид тутди. Ҳамма оғзи – бурнини қўли билан ёпиб, орқага чекинди. – Бесақолга ишонманг, – деди Арслон, – унинг учун муқаддас нарса қолмаган.
– Райимберди билан Жайноқ унданда жирканч, – деди Саримсоқ қаримсиқ юзидан қўлини олиб.
– Булғанчлар! – Юсуфбек бурнини жийириб беомон хириллади, – ёқинглар!

Йигитлар сой бўйига ўтин қалашди. Оёқ – қўллари занжир билан танғиб боғланган, оғзиларига латта тиқилган нас босганларни унинг устига отишди. Тўрт томондан ўт ёқишди. Қуруқ ўтин аланга олди. Хоинлар жон ҳолатда типирчиладилар. Бироқ бўшололмадилар. Улкан ўт тобора гувуллаб ёниб, уларни кулга айлантирди.
– Бизни заҳарлаш учун қулай пайт пойлашган, – Келдибек Юсуфбекнинг олдига келди.
– Бундан мақсадлари нима?
– Олтин – кумушда…
– Қизиллардан ҳам топшириқ олишган, – гапга уланди Арслон.
– Мирзақайнарда бизга қўшилгандиларми?
– Ҳа, шўро урдусини вайрон этган пайтимизда.
– Тушунарли… – Юсуфбек Арслоннинг чап елкасига чап қўлини қўйди, – тушунарли… – Унинг юраги увишди.
Ҳамма ўйланиб қолди.

(давоми бор)