Фахриддин Тиллаев устидан шошилинч суд 6 март куни ўтади

Фахриддин Тиллаев устидан шошилинч суд 6 март куни ўтади
153 views
05 March 2014 - 18:31

tillaev-sud2Эртага 6 март куни соат 11 да Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур район судида мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Фахриддин Тиллаев ҳамда “Мардикорлар мустақил касаба уюшмаси” раҳбари Нураддин Жуманиёзов устидан маҳкама жараёни бошланади.

Ф.Тиллаев ва Н.Жуманиёзовга қарши Ўзбекистон ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми (“Одам савдоси”) бўйича айблов қўйилган. Ф.Тиллаевнинг адвокати Полина Брауберг Uzbek.FM билан суҳбатда айтишича, тергов мобайнида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари қўпол тарзда бузилган.

Адвокат Ф.Тиллаев билан 21 январь куни учрашган. Учрашувда маҳбус ўз соғлиғидан шикоят этган (ўнг қулоғи умуман эшитмай қолган ва қон оқиб туради). Тиббий-экспертиза кўригидан ўтказиш ҳақидаги адвокатнинг талабномасини иш юритаётган терговчи қабул қилмаган ва (қонунга хилоф тарзда) тергов бўлими бошлиғига йўллашни тавсия этган.

Адвокат талабномани тергов бўлими бошлиғига йўллаган, жавоб эса фақат бугун 5 март куни келган. Талабноманинг қондириш ёки қондирмаслик эмас, балки “талабномангизни Тоштурма раҳбариятига йўлладик” деган мазмунда.

Бу орада 14 феврал куни адвокат Ф.Тиллаев ҳамда Н.Жуманиёзов билан тергов пайтида учрашишга муваффақ бўлган. Маълум бўлишича, 14 февраль куни, яъни бир куннинг ўзида Ф.Тиллаевга қарши қайта айблов қўйилган, жиноий иш билан таништирилган, тергов иши тугатилган ҳамда иш прокуратурага оширилган. Адвокатнинг айтишича, бу жараёнларнинг бир кунда ўтказилиши – қонунга бутунлай зид, зеро айбланувчига вақт берилиши керак.

Терговнинг бундай шошилинч тугатилишидан мақсад, Ф.Тиллаевни тезроқ судлаб, овоза қилмасдан қамоққа ташлаш, дейди адвокат Е.Брауберг.

Эслатиб ўтамиз, Ф.Тиллаев Ўзбекистондаги “Эрк” партияси фаоли. Уни 2013 йил 20 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг (МЖТК) 40-м 2-қисми (Туҳмат), 52-м 2-қ (Енгил тан жароҳати етказиш) ва 183-моддалари (Майда безорилик) бўйича айблашиб, 15 сутка қамоқ, 1.372.950 сўм, кейинроқ эса 183.060 сўмга жаримага тортишган.

2014 йил 2 январ куни эса Чилонзор район ИИБ ходимлари Ф.Тиллаевни ўз квартирасида ҳибсга олишган, ва яна бир мухолифат фаоли Нураддин Жуманиёзов билан бирга уларга “Одам савдоси” айбловини қўйишган. Ушбу айблов ҳақида батафсилроқ ЎХҲ  сайтидан ўқиш мумкин.