Ноумид шайтон!

Ноумид шайтон!
16 views
08 March 2014 - 11:52

images

Олим эди, бир кун ул Иблис бўлди,
Нияти одамни қилмоқ беиймон.
Аммо одамларга берилди имкон,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Инсон деган сўзга қофия – исён,
Ва лекин оз бўлсин, баъзида «иймон».
Биргина калима охирги замон…
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Одамлар тинмасдан ҳаддан ошдилар,
Иймондан чиқдилар, ҳар ён қочдилар,
Ҳаттоки осмонга тошлар отдилар,
Ва лекин…
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Ҳар ким турли томон нигоҳин тиккан,
Умидли кўзларда «Аллоҳ – бир» деган
Калима янграса кифоя экан…
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Баъзан қалбимизга тушар туғёнлар,
Баъзан қарши олсак оғир тўфонлар,
Ҳақни топиб келган Абу Суфёнлар…
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Кўпчилик билмайди иймон лаззатин,
Умидга ишониб яшамоқ бахтин,
Асли бу энг азиз, энг яхши сокин,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Энг сўнгги манзилни тавба билайлик,
Аллоҳдан сўрайлик, Унга йиғлайлик.
Сўнгга лаҳзада ҳам умид қилайлик,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Хайрулло Ҳамидов