Ўзбекистон раҳбарининг ақли жойидами?..

Ўзбекистон раҳбарининг ақли жойидами?..
44 views
13 March 2014 - 13:26

Pg-24-Uzbek-gettyЎзбекистон раҳбарининг кейинги беш-ўн йил оралиғидаги ҳатти-ҳаракатларини кузатар экансиз, бу инсоннинг миясида қаттиқ ўзгаришлар рўй бераётганини кўрасиз. Айниқса, бу ҳолат унинг турли мавзулардаги чиқишлари, имзо чекаётган қарору фармонларида кўпроқ кўриниб қолаяпти.

Мисол учун, ўтган йилнинг декабрида, Конституция байрамидаги нутқи ва Олий Мажлисда 2014 йилга ном бериш ташаббусини олайлик. Аввало, пойинтар-сойинтар алжираш, оғзидан кўпик сочиб, мамлакатнинг гуллаб-яшнаб кетгани-ю халқ турмушининг мислсиз фаровонлашгани ҳақидаги ёлғонлари ҳар қандай ақли расо одамнинг жиғига тегади, жаҳлини чиқаради.

Инчунун, жорий йилга берилган номни олинг. Ғирт тентаклик эмасми? “Авлод” араб тилидан таржима қилинса “бола” дегани. 2000 йил Ўзбекистонда “Соғлом авлод йили” сифатида ўтган бўлса, мияси айниган чол нега энди бу гал “Соғлом бола йили” дея эълон қилганини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмаса керак.

Худди шундай алжирашни Вазирлар Маҳкамсининг январ ойида йил якунларига бағишланган мажлисида ҳам эшитдик. Залда ўтирганларнинг нақадар ижирғангани-ю энсаси қотганини айтмаса ҳам бўлади. Давлат раҳбари кўзларини лўқ қилиб, ҳақиқатдан мутлақо йироқ рақам ва янгиланишлар ҳақида лоф ураяпти. Республикадаги реал воқеъликни эса вилоят раҳбарлари кўриб турган бўлса, олий раҳбарнинг оғзидан бол томизиб айтаётганлари буткул ёлғон эканини улар билмай ким билсин?

Дарвоқе, Каримовнинг мияси суюлаётган бўлса-да, маккорлиги юз чандон ортганини шу йилнинг 5 мартида имзолаган қарори билан изоҳласак ҳам бўлади. Зеро, у айтган гапларга залдагиларнинг ишонмагани ёки истеҳзо билан қабул қилганини унинг ўзи яхши сезиб тургани боис, “ҳап сенларними, кунингни кўрсатаман” қабилида давлат амалдорларининг хорижга чиқишларини чекловчи қарор қабул қилиб юборди.

Аслида, 1995 йилда ҳам шунга ўхшаш қарор имзоланганини эътиборга оладиган бўлсак, бу янгилик эмас. Илгариги қарордаги зиғирдек “лазейка” ҳам бу галгисида йўққа чиқарилди. Давлат амалдорларининг 25 категорияси энди фақат президент ризолиги билангина Ўзбекистондан чиқиши мумкин. Боз устига, туман ва шаҳар даражасидаги амалдорлар хорижга чиқишлари учун энди Вазирлар маҳкамасидан изн олишига тўғри келади.

Таассуфки, Украинадаги сўнгги воқеалардан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, республика раҳбари қатағонларни яна-да кучайтириш йўлини тутган кўринади. Украинадаги феврал инқилоби аслида калтабин Януковичнинг ахмоқона қарорлари, яккаҳокимлик, ҳокими мутлақлик касаллигига чалина бошлагани ҳам сабаб бўлган. Ўзининг криминал ўтмиши билан халқига яхши таниш Янукович украин олигархлари, молиявий ва иқтисодий корчалонлари ҳамда жиноий гуруҳлар шафеълигида ҳокимият тепасига келган эди. Барча молиявий оқимлар, мамлакатдаги асосий моддий манбаларни шахсан ўзи ва яқинлари ихтиёрига ўтказиш борасидаги уринишлари, шу орқали ҳокимият тизгинини бутунлай қўлга олишга интилиши, халқ ва ўз пушти паноҳлари манфаатига зид ҳатти-ҳаракатлари оқибатида тахтдан улоқтирилди.

Бугунги кунда пўконида елни тутиб тура олмай қолган Ўзбекистон раҳбарининг амалдорларни хорижга чиқишини чекловчи қарори ҳам ўзи тайинлайдиган раҳбарлар, вазирлар ва ҳокимларга ишонмаслиги ва айни пайтда, Каримовнинг нақадар аянчли аҳволда эканини кўрсатади.

Унинг ўзи ўйлаб топган қатағон машинаси – МХХ ҳам минг уринмасин, тизгин қўлдан чиққанини кўрсатаётир. Унинг ва унга яқин тўдаларнинг халқ бошига қанчалик кулфат ёғдиргани, мамлакат иқтисодини абгор ҳолатга олиб келганини қуйи раҳбарлар тизими жуда яхши билади.

Боз устига, президент оиласининг кирдикорлари ўтган йилдан бери тўхтовсиз ошкор бўлаётгани ҳам Ўзбекистондаги оз сонли бўлса-да, эс-ҳуши жойида раҳбарларнинг асабини таранглаштириб қўйди. Ҳатто, вилоят ва туман ҳокимлари ҳам давлат раҳбари ва унинг оиласига тегишли мол-дунёнинг хориж банкларидаги ҳисоб рақамларида сақланишини ниҳоят тушуниб етди.

Бу гапни бежизга айтаётганим йўқ. Чунки, бир муддат олдин зомби ҳолатига туширилган ҳокимларнинг бир нечтаси билан ҳамсуҳбат бўлгандим. Ҳатто тор доирадаги ўтиришларда ҳам бечоралар давлат раҳбарини “отамиз” дея ардоқларди. Бугунга келиб эса, ўзим билган, таниган ҳокимлар, вилоят ва туман даражасидаги раҳбарларининг аксариятидан Каримовга нисбатан нафратомуз сўзларни эшитганимдан кейин, қайсидир маънода, ўзгаришлар бўлишига умидлангандек бўлдим.

Аммо умидларимнинг айтарли ёруғ эмаслигини ҳам айтишим керак. Ўзбекистонда ўзгаришлар, назаримда, Украина сценарийсига ўхшаш бўлади. Аммо ур-тўполон ёки қонли тўқнашувларсиз, ими-жимида, қўл синса енг ичида, қабилида. Оқсарой, аниқроғи, Кўксаройда рўй беради. Мункиллаб қолган қария соғлиғи билан боғлиқ муаммолар чиққанига мамлакат ва дунё жамоатчилигини ишонтириш қийин иш эмас. Ўзбекистоннинг ер ости ва ер усти бойликлари, нефт ва газ, олтинлари, вольфрам ва уран сингари кўплаб конларига ҳеч бир монеъликсиз эгалик қилиб келаётган Азимов, Иноятов, Мирзиёев, Арипов, Қодиров каби яна бир қанча давлат амалдорлари ҳамда уларнинг олигарх ҳамтовоқлари тўплаган мол-дунёсининг асосий қисми хориж банкларида эканини эътибордан соқит қилмасак, тасарруф этишдан маҳрум қилинишлари улар учун жонларини суғириб олишдек гап.

Шу боис ҳам қариянинг бу галги қарори унинг ўзига қарши ишлатилиш эҳтимоли кўпроқ. Буёғини йил охирига қадар кўрсак ажаб эмас…

Қаландар Шоший