Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (15)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (15)
216 views
14 March 2014 - 11:00

evril turon bu tog`lar(давоми)

19
Юсуфбек тариқдай тарқаб кетган хаёлини йиғиштириб, ўзи туғилиб ўсган ҳовлига кўз югуртирди. Кенг, узун супада бир неча хотин дам энкайиб, дам тураяпти. Юсуфбек уларнинг гилам тўқишаётганини фаҳмлади. Супадан пастда, қайроғоч соясида бир жувон ўғирда олма талқонми ё макками янчмоқда. Юсуфбек уни Гавҳар эканини илғади.

Ҳовли адоғидаги ялангликда болалар шовқин – сурон солиб, “Подачи”(20) ўйнашаяпти.

Юсуфбек ёшлигида шу кўм – кўк ялангликда одамлар билан баҳс бойлашиб, бир эшакни бир уриб ағдарган, ўн етти нафар тенгдоши билан навбатма – навбат курашга тушиб, ҳаммасини йиқитган эди. Ўшанда Боғдоннинг донгли одами – Абдураҳмон жевачи(21) унга ўткир, зийрак кўзларини тикиб:
– Ўлмаса, бу бола лашкарбоши бўлади! – деган эди.
Юсуфбек шуни эслаб хўрсинди ҳам севинди:
– Ҳали ҳаёт олдинда!
– Ҳали қизилларни чиққан ерига тиқаман!
– Хали мени дунё тан олади!…
У ўз сўзига ишонди, оёқ, елкасининг оғриғини ҳам унутди.

“Човган” ўйнаётган болаларнинг ботар томони жўхоризор, ундан қуйида, яшил ўтлоқда от, сигир, эшаклар ўтлаяпти. Шохчаларига оқ, кўк, қизил латталар осилган, танаси кавак улкан тут остида икки ола буқа ер титиб сузишмоқда. Юсуфбек: “Булар менинг ҳўкизларимга ўхшайди” деди. Сўнг беихтиёр сўкинди: “Хўй, мегажин, Гавҳар, уйда ялпайиб ўтиргунча, ҳўкизларга қарасанг ўласанми?!”

Ўтлоқ четида тошлоқ қирғоқларига сув сачратиб Боғдонсой чопмоқда. У айланиб – буралиб, нуқрадай товланиб, ташна чўлга шошаяпти. Илон изидай буралган тор сўқмоқдан елкаларига кўза кўтарган қизлар маржондай тизилиб, сойга энмоқдалар! Улар олма гулли пушти кўйлак, атлас лозимда, бошларида қизил дурра, юзлари очиқ.(22)

Оч яшил тоғ бағридаги ёлғиз оёқ йўлдан эшак, от минишган оқ, кўк, пушти саллали эркаклар бирин – кетин сийрак дўланазор этагидаги мачитга келишаяпти. Юсуфбек: “Бугун намозжума экан – да”, деди. Шу зум бехосдан қулоғига киши қалбида тушиниб бўлмайдиган ғамгинлик уйғотувчи қўшиқ чалинди. У қорнини тошга босган ҳолда энкайиб, қоя тубидаги булоққа қаради. У ерда бир қиз чанқовуз чалар, икки қиз қўшиқ айтарди:

Шилдир – шилдир шувоқларга
Сирғам тушди ёр – ёр – а.
Синалмаган ерларга – ё!
Синглим тушди ёр – ёр – а…

Қизларнинг ёнларида уч боғлам ўтин турибди. Юсуфбек уларга бир пас қараб тургач, ўзига – ўзи деди:
“Боғ уйимга бораман, у ёқ тинч”.
Боғдондан бир сой, аниқроғи икки чақирим наридаги боғ уйига борди. Бу ердан қишлоқ кўринмас, уни мингдевона, илонўт, исфараклару, оғочлар ҳамда қоя тошлар тўсиб турарди. Юсуфбек таппилар ёпилган девор остидан аста, бешарпа юриб, ёнида тезаклар уюлиб ётган тандир олдига келди ва атрофига синчковлик билан разм солди: ёлғиз уй, токзор, олмазор, ёнғоқзор… Боғ айланиб бир ариқ оқаяпти. Қирғоқларида жийдалар илқ кузнинг мусаффо шабадасидан озорсиз чайқалмоқда. Боғ тўридан тўқ – тўқ овоз келаяпти. Чамаси у ёқда кимдир тўнка ёрмоқда.

Ҳовли ўртасидан ҳам бир ариқ сув оқиб ўтаяпти. Унинг устига катта сўри қўйилган. Унга кўп асрлик чинор қуюқ соя ташлаб турибди. Сўри тепасидаги шох бутоқларига тўртта толчивиқ қафас илинган. Уларда какликлар сайрашаяпти. Чинорнинг нариги шохига оқимтир сузма халта осилган. Ундан кўкимтир сув чак… чак… томмоқда.

Ҳовли ўртасида Сора деган гунг кампир товуқларга дон сочаяпти. У новча, озғин. Қадди хиёл букик. Юзи узун. Тор манглайи билан сийрак киприкли қора кўзилари остиларида ажинлар қат – қат. Унинг устки лаби калта. Оғзини очиб – юмганида камшик тишлари юқорисидаги қизил милклари кўриниб туради. Соранинг кўллари узун, бесўнақай, худди эркакларникига ўхшайди. Унинг тупроқ ранг юзлари билан йирик – йирик кўзларида тушинтириш қийин бўлган асов бир нима бор. Ёши олтмиш бирда бўлса ҳам, ҳали у қиз. Дунёдан тоқ ўтаяпти. Уни ҳамма “Сорагунг”, деб атайди. Лекин ҳамма бу алвастига ўхшаш хунук кампирни яхши кўради. Ҳатто Юсуфбек ҳам. Чунки табиат Сорагунгга ажойиб қалб берган. У покиза. Шунданми, боғдонликлар унинг хуниклиги билан гунглигини сезмайдилар. Сорагунг доим узун оқ кўйлак, оқ рўмол, сафсар ранг лозим, калиш кийиб юради.

Юсуфбек сорагунгга кўринмай уйга кирмоқчи бўлди. Бироқ Сорагунг мушукдай сезгир эди. У товуқларнинг бир нимадан чўчиётганини пайқаб, орқасига қаради ва усти – боши юлиниб кетган мудҳиш одамни кўриб, бир сония қотиб қолди. Юсуфбек у томон юрди. Сорагунгнинг хотираси ниҳоятда тиниқ эди. Шундай бўлса ҳам у Юсуфбекни бир онча таниёлмай турди. Танигач, севинганиданми ёхуд ажабланганиданми, ҳайтовур, қандайдир ёввойи товуш билан “У… У… У…” дея қичқирди. Юсуфбек чапақай қўлини оғзига олиб келиб, “жим бўл”, деган ишорани қилди. Сўнг икковлон қучоқлашиб кўришишди. Юсуфбек қўли ва оғзи билан имо – ишора қилиб, “Менинг келганимни ҳеч кимга айтма!” деди. Сорагунг бошини эгиб кўтарди. Юсуфбек уйга кирди. Ўша зоҳати Сорагунг унга оқ иштон, бўз кўйлак, қора чопон, ола дўппи олиб келиб берди. Буларнинг ҳаммаси эски эди. Негаки, Юсуфбекнинг озода кийим – кечаклари қишлоқ уйида сақланарди.

Сорагунг чой қуйиш учун кетди. Юсуфбек ариқда ювиниб, оқ сочиқда артиниб, кийинди. Унинг елкаси ва суяклари қақшаб оғриётган бўлса ҳам, у сир бермади, ўзини соғдай тутиб, хотиржам ўтирди.

Сорагунг тезда хонтахта устини ноз – неъматларга тўлдирди. Булар ичида бир лаган яҳна қўй эти ҳам бор эди. Юсуфбек оч эди, этни учта седана сепилган юмшоқ, оқ нон билан қўшиб еди. Унга Сорагунг аччиқ кўк чой қуйиб бериб турди. Юсуфбек тўйгач, “Худога шукур”, деди. Бадани ҳам яйрагандай бўлди. Сўнг у оғриқни босиш, чарчоқ ва ғамни унитиш учун бир коса шароб ичди ва пар ёстиққа бош қўйганича ухлаб қолди.

20
Юсуфбек кўзини очганда, кенг, муҳташам хонага сийрак қоронғилик чўккан эди. Секин ўрнидан турди, тоза артилган икки қанотли дераза олдига келди. Сорагунг пешайвон устуни билан чинор шохига тортиб боғланган сим дорга эт илмоқда. Тош ўчоқда ўт ёнар, қозондан оқиш буғ кўтариларди. Юсуфбек қўнғир тоғларга ўйчан назар ташлади. Унга туя, от, қўй шаклларини эслатувчи тошлар юриб келаётгандай туюлди. У деразанинг бир қанотини секин очди. Димоғига лаззатли таом аралаш райҳон иси урилди. Ихтиёрсиз бир тарзда ҳовлининг жанубий қисмидаги бир парча ерни эгаллаган райҳонзору гулзорларга боқди. У ерда ўғли, ёлғиз ўғли Аҳмадбек седана гулли гултувакка райҳон солаяпти! Унинг олдида йўлбарс келбатли, Оқтой деган оқ ит чўнқайиб ўтирибди.

Юсуфбек таажжубланди: “Ўтин ёраётган Аҳмабек экан – да. Ҳайтовур, Оқтой кўринмовди… Истамбулдан қачон келди экан?”

У бошқа ўғил болалари турмаганига Аҳмадбекка қатиқ меҳр қўйган, шунга уни Истамбулдаги мадрасга ўзи олиб бориб қўйиб келган эди. Аҳмадбек у ерда бир усмонли турк қизига уйланди. Юсуфбек ўғлини қанчалар соғинса ҳам, лекин ҳозир уни кўрганидан негадир қувонмади.

Юсуфбек елкасига беқасам чопонини ташлаб, ташқарига чиқди. Ит уни танимади, ер титиб ириллади. У: “Ҳа, Оқтой, кўзингни ёғ босдими?” деди эркаловчи овозда. Ит унинг товушидан таниди, Юсуфбекнинг олдига чопиб борди, олдинги оёқлари билан унга осилароқ суюнган ва соғинган оҳангда ғингшиб, эркалана бошлади.

Шу он Аҳмадбек ҳам унинг қошига етиб келди. Боя у отаси ширин уйқуда ётганига уни безовта қилишдан ўзини тийганди. Ота – бола қучоқлашиб, ўпишиб кўришишди. Аҳмадбек отасининг қуйиб қуйгандай ўзи. Фақат унинг кўзи раҳматли онаси – Иқлимхонимнинг кўзидай шаффоф, ўйчан, бурни қирғий, лаби бежирим, ним қизил. У энди ўттизга тўлса ҳам, гавдасининг баҳайбатлиги, юзининг ғадир – будирлиги, соқол – мўйловининг ўсиқлиги ҳамда жиддийлиги учун қирқ – қирқ беш ёшларга кирганга ўхшаб кўринарди.

Аҳмадбек отасининг таниб бўлмас даражада озиб – тўзиб кетганига ич – ичидан ачинди, шу билан бирга ажабланди. Лекин бунинг боисини сўрамади. У анча андишали, мулоҳазали йигит эди. Аммо Юсуфбек унинг мусаффо кўзидаги, оқиш юзидаги ифодани дарҳол уқди.
– Макка – ю – мадинага қилган сафаримиз хайрли бўлмади, ўғлим, – у ўсиқ қора соқолини чапақай қўли билан ғижимларкан, Аҳмадбекнинг кўзига синчковлик билан тикилди.
– Нечун, ота? – У Юсуфбекнинг Фарғона водийсида қилган ишидан бехабар эди. Буни Юсуфбекнинг зийрак кўзлари илғади ва енгил нафас олди.
– Афғонистонга ўтиш олдимизда қизилларга тўқнаш келдик. Кўпчилигимиз қўлга тушдик. Фақат уч киши қочишга улгурдик. Лаънатилар менинг елкамдан ярадор қилишди, бари- бир қочдим.
– Қочмаганингизда нима қиларди?
– Ўлдирарди.
– Наҳот?
– Ўз кўзим билан кўрдим, қўлга тушганларни ўша зоҳати отиб ташлашди. Тўғри келса, улар оналарини ҳам аяшмайди! Юсуфбек алдаётганлигини сездириб қўймаслик учун гапни бошқа ёққа бурди. – Хўш ўзингнинг ишинг қандоқ?
– Ёмонмас. Ўша ўзим ўқиган мадрасада сабоқ бераяпман. Яқинда ўғиллик бўлдик. Отини Ўлмас қўйдик.
– Муборак бўлсин, ўғлим! – Юсуфбек Аҳмадбекнинг қўлини сиқиб, пешонасидан ўпди.
Оқшом осмон рангини ўчирди. У ёқдан, бу ёққа кўршапалаклар уча бошлади. Ота – бола ариқда қўлларини ювишди, сўри тўсиғига (панжарасига) осилган сочиққа артишди ва ичкарига киришди. Оқтой уларга эргашиб остонагача борди, кейин чўлтоқ думини икки оёғи орасига қисиб, истар – истамас орқасига қайтди.

Муҳташам хона осма чироқдан нурафшон. Юсуфбек тўрга, атлас кўрпачалар устига ўтирди. Аҳмадбек чап қўлидаги райҳон тўла гултувакни дераза раҳига қўйгач, отасига юзма – юз чўккалади.

Сорагунг юмалоқ хонтахтага оппоқ терги ёзди, икки чинни коса шўрва, сўнг бир сопол лаган эт ва олча гулли суяк идишда аччиқ – чучук олиб келди. Юсуфбек:
– Қани, ўғлим, ичимликдан ол! – деди. У бир сўзли киши эди. Бироқ бугун Тангритоғдаги аҳдидан вақтинча қайтишга мажбур бўлди. Нега? Елкаси билан совуқ урган оёғидаги беомон оғриқни босиш учун.

20. Подачи – хоккей, човган.
21. Абдураҳмон жевачи – у ўрис босқинида генерал Ломакин кўшинини Жиззахдан ҳайдаб чиқарган ва уни Сайхуннинг нариги қирғоғига улоқтириб ташлаган миллий ботир.
22. Боғдон хотин – қизлари азалдан паранжи ёпинишмайди.

(давоми бор)