Ўзбекистон музейидан ўғирланган асарлар ким ошди савдосига қўйилди

Ўзбекистон музейидан ўғирланган асарлар ким ошди савдосига қўйилди
25 views
17 March 2014 - 15:38

Uz_Ufimtsev_ToTrain

ОАВ хабарларига кўра, Республика санъат музейида сақланаётган олтита асар (барчаси рассом Виктор Уфимцев қаламига мансуб) хусусий коллекционерлар томонидан турли хил ким ошди савдоларида сотувга қўйилган.

Бу борада музей директори Васила Файзиевадан интервью олган Uz24 порталининг ёзишича, асарлар қачон ўғирлангани ва сохтасига алмаштириб қўйилганлигини суриштирув жараёни аниқлаштиради.

Ҳозирда 42та экспертдан иборат бўлган ишчи гуруҳи барча экпонатларни инвентаризация қилиш бўйича иш олиб бормоқда. Тасвирий графика бўлимини инвентаризация қилиш ишлари якунига етган. Айнан мана шу инвентаризация натижаларига кўра, Уфимцевнинг 6 та асари сохта эканлиги аниқланган.

Музейнинг 96 йиллик тарихида биринчи маротаба бу турдаги кенг қамровли инвентаризация жараёнининг бошланишига Уфимцев қаламига мансуб “Цирк”, “Йўлда”, “Натюрморт” ва бошқа номдаги расмларнинг ким ошди савдоси уйларида сотувга олиб чиқилиши туртки бўлган.

Ким ошди савдоларида расмлар хусусий коллекционерлар томонидан тақдим этилган.

Музейда 67 мингдан ортиқ экспонат бўлиб, шу жумладан уларнинг бир қисми экспозиция сифатида намойиш қилинмасдан музей омборида сақланади.

“Биз ким ошди савдосида сотувга чиқарилган Уфимцев ижодига мансуб расмларнинг Давлат санъат музейида сақланган асл нусхалари эканлигини билганимизда ҳайратга тушганмиз, – дейди музей директори Васила Файзиева. – Баъзи расмлар сотувга чиқарилмаган, лекин кўргазмаларда иштирок этганди. Масалан Третьяков галереясида. Албатта, даставвал бир ким ошди савдосига қўйилган расмларни асл нусха сифатида тақдим қилинаётган сохта нусхалари деб ўйлаганмиз. Бироқ, ишчи гуруҳнинг дастлабки натижаларида музейда сақланаётган нусхаларнинг сохта эканлиги маълум бўлди”.

Музей директорига кўра, музейда Уфимцев асарларининг айнан асл нусхалари сақланган ва бу ҳужжатлар билан тасдиқланган. Уларнинг бир қисми музейга шахсан муаллиф тарафидан совға қилинган, улар халқ бойлиги, миллий тасвирий санъатимизнинг олтин фонди саналади. Рассом 1933 йилдан сўнг Ўзбекистонда доимий истиқомат қилган ва ўз асарларининг каттагина қисмини шу ерда яратган. Ҳозирда яна Уфимцевнинг уй музейига тегишли бўлган расмларнинг ҳам ким ошди савдосига қўйилганлиги аниқланди.

Уфимцев ижодига мансуб расмлар “СОВКОМ” ким ошди савдоси уйида $ 1200 дан $ 30000 гача баҳоланган.

ЎХҲ хабар маркази