Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (якуний қисм)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (якуний қисм)
101 views
19 March 2014 - 10:54

evril turon bu tog`lar(давоми)

22
Юсуфбек алаҳсираб уйғонди. Ўрнидан турмоқчи бўлди. Туролмади. Тунги нам ва совуқдан елкаси батамом шишиб кетган эди. Устига – устак аъзойи – бадани ўт бўлиб ёниб оғрирди. Бундан унинг қовоғи уйилиб, юзи буришди. У:
– А…аҳ…мат!.. – деб бақирди. Лекин товуш касал одамнинг овозидай қалтираб чиқди. Шу туфайли ўзидан жирканди: “Мен соғман, отдайман!” деб тўнғиллади. Кейин ўзини синаш учун тағин қичқирди:
– Аҳмат!
Бу гал Юсуфбекнинг товуши ўқдек чиқди. Хонага Аҳмадбек югуриб кирди. У ички кийим – оқ кўйлак, оқ иштонда эди, бош яланг, оёқ яланг эди.
– Лаббай, ота.
– Уйнинг олд деворига санчилган ингичка темир қозиқ бор. Ўшани билан отқулоқ баргидан олиб кел.
– Хўп!
Аҳмадбек бир пасда топшириқни бажарди. Юсуфбек ётган жойида уни қўлига олиб, синчиклаб кўзидан кечирди. Кейин ўғлига буюрди:
– Қозиқнинг учини тут чўғида чўғдай қиздириб кел.
Аҳмадбек бунга ҳайрон бўлди. Аммо сабабини сўрашга чўчиди:
– Хўп! – дея ҳовлига чиқиб кетди ва отасининг айтганини тезда қилиб қайтди. Шунда у Юсуфбекнинг ярим белидан юқориси ялонғочлигини ва юз – тубан ётганини кўрди. Унинг елкаси мешдек шишган, шиш ўртасида алланима қорайиб турарди. Аҳмадбек унинг ўқ эканлигини фаҳмлади ва бунда бадани жимирлади.
– Елкамдаги ўқни темир қозиқ билан олиб ташла! Тез! – Юсуфбек ўғлига буюрди.
Аҳмадбек қўрққанидан бўздек оқариб қалтирай бошлади. Юсуфбек таҳдид билан бақирди:
– Имиллама!
– Қўлимдан келмайди, ота.
– Бўл!
– Қўрқаман, ота.
– Бўл! Ё қозиқни кўзингга тиқаман!
– Ахир…
– Хотинга ўхшаб чайқалаверма! – Юсуфбек унинг гапини олмосдек кесди. – Бўл!!!
Аҳмадбекдаги шафқат сўнди. У чўғдек алангаланиб турган темир қозиқни отасининг елкасига жазиллатиб суқа бошлади. Ҳеч қачон инграмаган Юсуфбек шердек тўлғониб, играб юборди. Бироқ дарҳол ўзини қўлга олди. Унда одамзодга бегона, қандайдир ёввойи бир куч ва бардош бор эди. У тишини – тишига босди ва кўз олдига олтинларини келтирди. Аҳмадбек эса ингичка темир қозиқни суқиб бориб, ўқни олиб ташлади. Шунда Юсуфбекнинг тишлари қаттиқ қирчираб, биттаси синиб кетди. Аммо инграмади, ўзини йўқотмади, фақат бутун баданидан томчи – томчи тер тошиб чиқди. Аҳмадбек отасининг бундай чидамлилигига ҳайрон қолди ва унинг елкасига отқулоқ барглари қўйиб, устидан дока билан яхшилаб боғлади.
23
Уч кунгача Юсуфбек ўрнидан туролмади. Сорагунг кечаю – кундуз унинг олдидан жилмади. Аҳмадбек ҳам. Тўртинчи кун қалқди. Таёққа суяниб,ташқарига чиқиб келадиган бўлди. Шундан бир ҳафта кечгач, тонгда Аҳмадбек Итамбулга кетиш учун отасидан изн сўради. Юсуфбек унга оқ фотиҳа берди:
– Худо йўлингни берсин, ўғлим! Омон бўл!
Юсуфбек кафтларини юзига тортди. Сорагунг билан Аҳмадбек ҳам. Сорагунгнинг кўзларидан айрилиқ ёшлари оқди. Аҳмадбек онасидек бўлиб қолган муштипар кампирни бағрига босди:
– Йиғламанг момо! Мен тез кунда қайтаман, – деди.
Шу пайт кутилмаганда от дупурлари эшитилди. Юсуфбек шошиб ёстиғи тагидан тўппонча олди. Сўнг оғриқни ҳам унутиб, дераза ёнига ёнди. Мўралади. Мингга яқин большевик бостириб келмоқда. Ҳаммасининг елкаларига беш отар милтиқлар, ёнларига қиличлар осилган. Улардан фақат учтаси мусулмон: Маллабой, Онорбой, Акобир.

– Офтоб қишлоғининг бойлари, – деди Юсуфбек ёвига ташланаётган бўридек тишларини ғижирлатиб, – қасд олгани келишган. Уларга менинг “дарсим” сабоқ бўлмабти. Сотқинлар!!! – Унинг жағларида ўрикдек – ўрикдек нарсалар кўтарилиб, туша бошлади. – Энди, булардан қутилиб бўлармикан? Бироқ, мени бу аҳволда Маллабой танимайди. Қолаверса, унинг уйини тунда босгандик. Бунга ҳам анча бўлди. Акобир мени кўрмаган. Онорбой ҳам. Лекин шунга қарамай, уччовини ҳам отаман. Кейин у ёғи бир гап бўлар…

Отлиқлар шовқин – сурон билан яқинлашавердилар. Оқтой вовуллаб босқинчиларга ташланди. Ўрис комондир беш отарда унинг бошига кетма – кет ўқ узди. У акиллаб қулади. Юсуфбек фурсатни бой бермади. Тўппончада Маллабойнинг манглайини мажақлади. Кейин ўрис қомандирни. Отлиқлар кутилмаган бу ҳолдан саросимага тушиб қолишди. Шу лаҳзада Юсуфбек Онорбой билан Акобирни ер тишлатди.

Отлиқлар деразани ўққа тутдилар. Ойналар чил – чил синди. Айрим ўқлар похол бўғот тегди. Уй ёна бошлади. Юсуфбек Сорагунг билан Аҳмадбек турган бурчакка чекинди. Аҳмадбекнинг қўлида тўппонча. Аммо у кампирни бағрига босган ҳолда нима воқеа бўлаётганига тушунолмай, қўрқиб, гарангсиб турибди.

Большевиклар Лелиннинг Темур ҳоқондан ўғирлаб олган ушбу сўзини тумор қилиб тақиб юрардилар:
“Онгли душмандан қўрқиш керак…”
Шундан келиб чиқароқ қизиллар Юсуфбекни ўзларига энг улкан, энг хавфли ғаним деб билардилар. Унинг Чингизхон мисол қайтмас, ботир, аёвсизлигидан кўра ҳам, халқни уйғотгувчи ақл – идрокидан қўрқардилар. Яна чет элга қочиб кетишидан, у ёқда куч тўплашидан, шўро ҳукуматининг обрўсини тўкишидан кўрқардилар. Шу сабабли Юсуфбекни тутиш учун Туркистонни алғов – далғов қилиб излардилар. Мана, ниҳоят, йиллар кечароқ уни ўз ҳовлисида исканжага олдилар. Ва томоқларини йиртароқ ғазабга қотилган нафрат билан бақирдилар:
– Юсуф босмачи таслим бўл!
– Кунинг битди!!
– Ташқарига чиқ!!!
“Эртами, кечми ўлим ҳар бир кишининг бошида бор, – деб ўйлади Юсуфбек, – Лекин, мен учун босқинчини енголмай ўлиш оғир, Тангритоғданда оғир. Тангрим, нега менга бундоқ қисматни раво кўраяпсан? Тангрим, яна озгина умр бер! Шўро қиличидан бошлари узилаётган, очликдан инграётган элим учун ўч олай!
Осмон жим.
Ерда қиёмат.
Қизиллар ёнаётган уйга яқин келдилар. Юсуфбекни тирик тутиш ниятида яна гулдираб кичқирдилар:
– Палағда тухим!
– Қонхўр!!
– Уйдан чиқ!!!
Юсуфбекнинг кўз олдига олтинлари келди.
“Буларни четга кетиш учун ит азобида йиққандим, – деди ўзига – ўзи, – энди, бир пасда ундан, жонимдан айрилаяпман. Бу қандоқ қисмат?”
Осмон жим.
Ерда қиёмат.
Юсуфбек шўродан қассос олиш учун ўлишни истамади. Ногоҳ ёвуз бир фикр уни илондай бўғди.
Ундан қанча қутилай деса, шунча қаттиқ бўғди.
“Хато йўл! – деди ичида бир Юсуф, – тузатиб бўлмас хато йўл!”
“Тўғри йўл” – деди икки оёқда омонат турган Юсуф.
“Йўқ, бу улуғ гуноҳ!”
“Ундан бошқа йўл бўлганда…”
“Йўқ, бу йўлдан қайт!”
“Йўқ, у шўро… мен… мен… ҳали… ўлмаслигим керак… Босқинчини ҳайдай, сўнг майли мен ўлдир, сўнг майли ўлигимни итга ташла ё… ё… майли, дўзахда ёндир!..”
Юсуфбек бир нимани кўнглига тугиб, тўппончасини ўқлаб, ён чўнтагига солди. Сўнг ўша эски чопонини кийди, эшик олдида ётган таёқни олди, унга суянган ҳолда саксон ёшли чолдек букчайиб ҳовлига чиқди.
– Юсуф босмачи қани?! – Бир зумда отлиқлар уни ўраб олишди. Ҳатто уларнинг бу “мункиллаган чол” Юсуфбек эканлиги хаёлларига ҳам келмади.
– Ичкарида… – деди Юсуфбек қовоғини уйиб.
– Сен кимсан? – Ўрис командир қамчиси билан унинг иягини кўтарди.
– Қўравулман.
– Чақир Юсуфбекни! – Ўрис ёнаётган уйга хавотир билан тикилди. – Тез!
Аҳмадбек отасининг гапини эшитди. Жони узулаётган одамданда тушкин бир алпозда ҳовлига чиқди. Юсуфбекнинг хаёлига эса ҳали ҳам дам олтин, чет эл, интиқом… дам ўғли келар ва ҳар вақт тарозининг интиқом… турган палласи оғирроқ чиқарди. У энди “Мени айтиб қўймаса экан”, деб чўчий бошлади. Кейин оталик туйғуси уйғондими, бу фикридан қайтди: “Айтса, тақдиримдан кўраман”.

Аммо ўғлига қарашга юраги бетламади. Аҳмадбекнинг орқасидан Сорагунг ҳам чиқди. Унинг сочи тўзғиб кетган, кўзидан юм – юм ёш оқмоқда.

Отлиқлар Аҳмадбекнинг заррача қўрқмаётганлигини, ҳатто ўзларига парво ҳам қилмаётганлигини, кўзлари ғам аралаш шиддат билан баланд тоғларга қадалганлигини, алп қомати тик ва мағрур турганлигини кўриб, бир лаҳза унга тегмадилар. Кейин гавдали ўрис зобит машъум сукунатни бузиб бақирди:
– Қизларингизни, молларингизни ўғирлаган Юсуф босмачи шу махлуқми?
Савол жавобсиз қолди. Чунки қизиллар ичида битта ҳам ерли йўқ эди. Шунда бирдан ҳозиргина отиб ўлдирилган уч бой зобитнинг эсига тушди. У гап тизгинини кескин бурди:
– Бу маймун шўронинг ашаддий душмани, Кўршерматларнинг ҳамтовоғи. У ўн бир марта большевикларнинг ҳарбий гарнизонларига босқинлар уюштирган, юзлаб қизил аскарларнинг бошларига етган.
– Ўч оламиз!!! – Отлиқлар ғазабга миндилар.
Аҳмадбек қимирламади ҳам, ҳеч кимга қарамади ҳам.
Шу даҳшатли онда унинг кўз олдида севимли хотини – Зуҳра билан ўғилчаси – Ўлмас гавдаланди. У дунёда шу иккисидан бошқа ҳеч кими йўқлигини, энди уларнинг аҳволи нима кечишини аччиқ ҳасрат билан ўйлади.

Отлиқлар Аҳмадбекни ўраб олдилар. Ўрис зобит ўз ғазабини жиловлолмади, унинг бошига қамчи тортди. У гандираклаб кетди, йиқилди. Бошқа отлиқлар ҳам қамчиларини ишга солишди. Бир зумда унинг юз – бошию кийим – кечаги қонга бўялди. Бироқ Аҳмадбек инграмади ҳам, қимирламади ҳам. Фақат зўр бериб Зуҳра билан Ўлмасни ўйларди. Ҳадемай бу ширин ўй ҳам бошидан учди. Сорагунг “у..у!. у..” дея додлаб, ўзини Аҳмадбекнинг устига отди.
– Қоч манжалақи! – деб бақирди бояги тўнғиз кўзли, сам – сариқ зобит, – қоч!!! Кетма – кет қамчи босди. Сорагунг ҳам ҳушидан кетди. Юсуфбек бу даҳшатли манзарани кўрмаслик учун ўзи билмаган ҳолда бошмалдоғини ғажиб, бошқа ёққа қараб турарди. Ва қочиш учун пайт пойларди. Шунга оғзидан оқаётган қон соқол мўйловини булғаётганини ҳам сезмасди.

Йўғон гавдали, чўчқадек семиз бир большевик ўзбекнинг қора қорабайиридан секин тушди. Унинг чақчайган кўкимтир кўзи жаллоднинг кўзидек қонга тўлган, тўнғиз терисидек оқимтир юзи қизарган, қурбақа ютган илонникига ўхшаш қорни асабий силкинар эди. Афтидан у шу минг чоғли қўшин бошлиғи ёки ўринбосари эди. У ғилофидан қиличини шарт суғурди. Шунда Юсуфбек улуғ хатога йўл қўйганини ҳис этди ва бор овози билан бақирди.
– Тўхта, тўнғиз! Мен Юсуфбекман!
– Сен алжиб қолибсан исқирт чол! – Тўмтоқ башарали, маймунга бенгзавчи бир ёш большевик Юсуфбекнинг қулоқ – чаккасига устма – уст қамчи тортди. У йиқилди.
Отлиқлар хо – ҳолаб кулишди.
Семиз бор кучи билан Аҳмадбекнинг бўйнига қилич солди. У бир силкиниб, жон берди. Семиз Аҳмадбекнинг бошини қиличда танасидан айирди, зобитларга буюрди:
– Бу маймун каллани оғочга санчиб, улусга кўрсатинглар. Сўнг уни оч итларга ташланглар. Бундан тўнкалар даҳшатга тушсинлар. Шундан кейин улар рус қиличига ҳурмат билан қарайдиган бўладилар. Тушунарлими?
– Тушунарли, – деб бақиришди юзлаб чериклар.
Семизнинг буйруғига биноан ўрта бўйли, озғин, эчки соқол, ит башара бир оддий аскар тандир, ўчоқлардан ўн қадамча наридаги бостирмадан ингичка, узун оғоч олиб чиқди, унга Аҳмадбекнинг бошини болғада қоқиб санчди ва осмонга кўтарди.

Шу пайтда қишлоқ томондан келишаётган одамларнинг бақириқ – чақириқлари эшитилди. Қўлларидаги кетмон, бел, пақирлар қуёш тиғида ялтираб, бир – бирига урилиб кетмоқда. Афтидан улар осмонга беомон ўрлаётга қалин тутунни кўришган ва шунга: “Уй ёнаяпти”, деб ўйлашган.

Большевиклар одамлардан хавотирга тушмадилар. Чунки азонда қишлоққа боришган, Юсуфбекнинг қилмишини уларга айтишган эди. Гавҳархоним Юсуфбекнинг қизлар билан айш қилганини эшитгач, аламдан титраб – қақшади. Шунда, аччиқ устида қизилларга Юсуфбекни боғ уйда эканлигини айтиб қўйди…

Бир пастда оломон етиб келди. Улар ичида қуриб қолган ёғочни эслатувчи Гавҳархоним ҳам бор. У таёққа санчилган бошни кўриб телбай чинқирди.
– Бу Аҳмадбек – ку!
Оломон ҳам бундан дахшатга тушди.
Босқинчилар гап нимадалигини билишди. Семиз ғазаб билан Юсуфбек ётган ерга борди. Ўғлининг боши олинганини сезган Юсуфбек ҳушига келса ҳам “Маҳлуқлардан ўч оламан!” деб ўйлаб, тўппончасини ушлаганича атайлаб юз – тубан ётган эди. Семиз аждарҳодай тўлғониб, оломонга уқдирди:
– Мана бу чол уни Юсуфбек деб айтди.
Худди шу он “чол” яшин тезлигида қалқди ва семизнинг кўкрагини қонга булғади. Большевиклар довдираб қолдилар. Юсуфбек пайтни бой бермай, яқинида турган отлиқ орқасига йўлбарсдек сакраб минди, унинг бошига бир мушт уриб ағдарди ва отнинг жиловини силтади.
– Чу!!!
– Ана, у! Гавҳархоним Юсуфбекни тўппонча ушлаган чапақай қўлидан ва шиддатли ҳаракатидан таниди. – Ўша!..
Шу сония чўтир юз, кўк кўз зобит Юсуфбекнинг елкасидан ўқ узди. У қулади. Ва жон ҳолатда ирғиб турди, Гавҳархонимга тўппонча тепкисини босди. Лекин унда ўқ йўқ эди. Зобит Юсуфбекнинг бошига кетма – кет қамчи босди. У:
– Единг тўнғиз! – дея гандираклаб йиқилди.
– Бу маҳлуқни дарров калласини узинглар!!! – Бор овози билан чинқирди кўк кўз зобит.
– Тўхтанглар, одамлар! – Ҳамма ҳозиргина оқ отда етиб келган кимсага юзланди. У Болтанинг иниси Теша эди. У оғаси ўлдирилгандан кейин шўролар томонига ўтган эди. Калта, озғин, юзи юмалоқ, қисиқ кўзи ичига чўка бошлаган бир киши эди. У секин, аммо кескин ва таъсирли оҳангда гапида давом этди.
– Боғдонда бир одат бор. Кимки, гуноҳсиз одамни ўлдирса, у тошбўрон қилинади.
– Тошбўрон қиламиз! – Қизиллар момоқалдироқдек гулдиради.
Оломоннинг дами ичига тушиб кетди.
Большевиклар Юсуфбекни чинорга танғиб боғладилар. Теша отдан сакраб тушди. Қўлига мушукнинг бошича келадиган юмалоқ, қизғиш тош олди.
Қизиллар ҳам.
Юсуфбек заҳарли кулиб, уларга қаҳрли нигоҳини санчди.
Шўро Теша:
– Бошланглар!!! – деб хитоб қилди ва ўзи Юсуфбекка тош отди. У бехато тегди. Юсуфбек пинагини ҳам бузмади.
Узун кўйлаги йиртилиб, юз – боши қонаб, сочлари тўзғиб кетган Сорагунг: “У… у… у…” дея қулочларини кенг ёйиб, Юсуфбекнинг олдини тошдан тўсди.

Большевиклар уни уриб, ҳушидан кетказишди. Сўнг судраб четга олиб чиқишди ва сойга улоқтиришди. Шундан кейин қизиллар Юсуфбекнинг боши – кўзига гувуллатиб тош ота бош- ладилар. Бу тошлар мўлжалга тегса ҳам, Юсуфбек қимирламас, инграмас, қонга қорилган юзидан эса заҳарли табассум аримас эди. Бу ҳол қизилларнинг ғазабларини баттар қўзғатди. Улар уни янада шиддат билан тошбўрон қилишда давом этдилар.
Бироқ оломон Юсуфбекка тош отмади.
Унга ёрдам ҳам бермади.
Қўрқди.
Юсуфбекнинг кўзлари оқиб тушди, юзи, бадани илма тешик бўлди, қонга бўялди.
Шундай аянчли ҳолда ҳам у мақсадига етолмай кетаётганини ўйларди.
Афсус – надомат билан ўйларди…
Унинг баҳайбат боши шилқ этиб кўксига тушди, тиззалари букчайиб қолди. Лекин қизиллар уни ҳамон тошбўрон қилардилар..

1975 йил- 29 август 2013 йил.