Брюсселда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик режаси муҳокама қилинди

Брюсселда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик режаси муҳокама қилинди
23 views
19 March 2014 - 14:52

вто узбБрюсселда бўлиб ўтган Ўзбекистон-ЕИ ҳамкорлик Кенгаши мажлисида турли хил соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олинган. Шу билан бирга, асосий муҳокама қилинган мавзулардан бири Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш билан боғлиқ бўлиб ЕИ томони бу масалада Ўзбекистонни қўллаб қувватлашини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигига 2013-2015 йилларда Европа Иттифоқининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб қувватлаши лойиҳасини амалга ошириш мақсадида бир миллион АҚШ доллари миқодридаги техник кўмагининг ажратилиши масаласини кўриб чиқиш вазифасини топширилган.

Лойиҳа доирасида аъзолик ортидан келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш мақсадида Ўзбекистон иқтисодий ҳолатига ўхшаш аъзо давлатлар ва аъзо бўлиш тараддудидаги давлатлар тажрибасини ўрганиш, миллий қонунчиликни ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш, икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар ўтказиш орқали ЖСТга аъзо асосий давлатлар ҳайрихоҳлигига эришиш, ишчи гуруҳининг аъзо бўлиш жараёни билан боғлиқ мажлис, конференциялар ва давра суҳбатларини ташкиллаштириш каби масалалар қамраб олинган.

Маълумки, 1994 йилдан бошлаб Ўзбекистон ЖСТ кузатувчиси мақомига эга бўлиб, бу ташкилотга аъзо бўлиб кириш учун ариза берган. ЖСТ Бош кенгашининг 1995 йил январь ойидаги қарори билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиб кириши бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этилди. 1998 йилнинг сентябрь ойида
ЖСТга Ўзбекистон ташқи савдо режими бўйича Меморандум тақдим этилди.

Бироқ, ўтган 20 йил мобайнида Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият ва божхона қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш борасида сезиларли муваффақиятларга эриша олмади. Бу кўпгина халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида ўз аксини топган. Хусусан, Жаҳон Банки гуруҳи томонидан амалга ошириладиган ва тадбиркорлик соҳасидаги имкониятларни таҳлил қиладиган “Doing Business” (Бизнес юритиш) таҳлилий докладлари иақдим қилган рейтинг натижасига кўра 2013 йили Ўзбекистон 189 мамлакат орасида 146 ўринга қўйилганди.

ЎХҲ хабар маркази