Каримов давлат рамзими?

Каримов давлат рамзими?
29 views
19 March 2014 - 18:03

karimboy-1

Ҳар қандай давлат раҳбари учун биринчи навбатда халқ ҳурмати ва меҳрини қозониш ниҳоятда муҳим аҳамиятга касб этади. Бу ҳар қандай режимда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки, айнан халқ қўллови ҳокимият мустаҳкамлигининг кафолати сифатида кўрилади. Давлат раҳбарининг халқ ҳурмати ва меҳрини қозониши, унинг халқ орасидаги обрў-эътиборини мустаҳкамланиши, энг асосийси аҳолининг барча қатлами учун қадрли бўлган имиджини яратиш мақсадида политтехнологлар, политконсультантлар ҳамда турли хил имиджмейкерлардан иборат бир гуруҳ шахсларнинг тер тўкиши ҳеч кимга сир эмас.

Демократик жамиятларда бундай жараён оддий бир ҳолат сифатида қабул қилинади, зеро давлат раҳбарининг ҳар бир босган қадами жамоатчилик назоратидан четда қолмайди. Демак, бундай жамиятларда давлат раҳбари ўз шахсияти тўғрисида ижобий тасаввурни шакллантириш мақсадида аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва фаровон ҳаётни таъминлаш учун меҳнат қилишга мажбур.

Яккаҳокимликка асосланган тоталитар режимларда эса давлат раҳбари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг йўқлиги, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг цензура остига олиниши халқни объектив ҳолатни билишдан маҳрум қилади. Натижада назоратсиз ҳокимият эгасига айланган давлат раҳбари халқ орасидаги ҳурмат ва обрў-эътиборни қўлга киритиш учун ўзига ҳос бўлган, баъзида қонунга зид бўлган воситаларни ишга солади. Бошқа сўз билан айтганда, қаттиққўл давлат раҳбарнинг ўзига ҳос соҳта шахсият культи яратилади. Бироқ, бундай усул билан эришилган обрў-эътибор ва шахсият культининг умри жуда қисқа бўлиши тарихда кўп маротаба ўз тасдиғини топган.

Одатда политтехнологлар соҳта образларни яратишда бир қанча усулларни ишга солади ва бу усулларнинг ўзи ҳам вақти вақти билан ўзгариб туриши мумкин. Масалан, деярли бир вақтда мустақилликни қўлга киритган Марказий Осиё давлатларининг аксариятида дастлабки кунларданоқ авторитар бошқарув жорий қилинди. Натижада, ҳокимиятни янада мустаҳкамлаш учун давлат раҳбарларининг соҳта образларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди ва бу борада турлича усуллар қўлланилди.

Ўзбекистонни қарийб 25 йил мобайнида бошқариб келаётган И. Каримовнинг сохта образи ва шахсияти культи тўғрисида ҳам турли баҳс мунозаралар бўлди, кўплаб мақолалар ёзилди. Шу сабабли ҳам бу сафар асосий эътибор Каримов шахсияти культини яратишдаги қўлланиладиган усуллар эмас, балки уларнинг қонуний меъёрларга зид бўлган айрим жиҳатларига қаратилади.

Бу жиҳатлар ҳозирда кўпгина давлат ташкилотлари ва муассасаларида Каримов шахсиятининг давлат рамзи сифатида ҳавола қилиниши билан боғлиқ ҳолатга алоқадор. Шу ўринда давлат рамзлари тўғрисида ҳам қисқача тўхталсак.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга”, деган норма белгиланган. Бу эса Ўзбекистон давлатининг рамзлари юқорида тилга олинган учта элемент – байроқ, герб ва мадҳиядан иборатлигини билдиради. Бунинг асосида эса уларнинг ҳар бирига алоҳида қонунлар қабул қилинган. Хусусан, 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси байроғи тўғрисида”, 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида” ва 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Ўз навбатида, давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш мақсадида 2010 йил 24 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди.

Жумладан, мазкур қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги, Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги, Давлат герби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Бу билан гўёки давлат рамзларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳимоясига олинган. Бироқ, бунинг қонундан ташқарида қолган жиҳатлари ҳам борки бу – давлат рамзлари суратлари туширилган расмлар, портретларни турли ташкилотларда илиб қўйиш билан боғлиқ масала. Чунки айнан мана шу портретлар орқали давлат рамзлари ҳақида оммага умумий маълумотлар берилади ва давлат рамзларининг нималардан иборатлиги тўғрисида тасаввурлар уйғотилади.

karimboy-2

Ҳозирда кўпгина вазирликлар, давлат ташкилотлари ва муассасаларнинг деворларига Ўзбекистон рамзлари акс этган портретларни илиб қўйиш одат тусига айланган. Бу ерда гап бевосита давлат рамзларидан фойдаланиш ҳақида эмас, балки мазкур рамзлар сурати туширилган портретларни илиб қўйиш ҳақида бормоқда. Албатта, давлат рамзларининг суратларини илиб қўйиш Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган мажбурий меъёр эмас. Ҳаттоки, бундай талаб давлат муассасаларининг ички уставларида ҳам мажбурий норма сифатида белгиланмаган.

Асосий муаммо президент Каримов портретининг давлат рамзлари қаторида ҳавола қилинишидир. Бу эса, халқ онгида Ўзбекистон Конституциясининг 5-моддасида белгиланган давлат рамзларининг байроғи, герби ва мадҳиясидан иборатлиги хақидаги норма тўғрисида нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин.

Замир Малик