Руслар форуми: “Ўзбеклар бизнинг келажагимиз”

Руслар форуми: “Ўзбеклар бизнинг келажагимиз”
51 views
21 March 2014 - 17:40

DETAIL_PICTURE__40148649Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бозор иқтисодига ўтила бошланди ва бу билан бирга “мардикор” деган сўз ҳам урфга кириб келди. Ишлаб турган кўплаб корхоналар ёпилиши, колхоз-совхозлар тугатилиб, фермер хўжаликлари пайдо бўлиши натижасида шаҳар-қишлоқларнинг минг-минглаб аҳолиси иш тополмай кўчада қолди. Ана шундан бошлаб мамлакатдаги ишга яроқли аҳолининг каттагина қисми иш излаб қўшни Қозоғистон, Русия, Жанубий Қурия, Туркия, араб мамлакатлари, ҳатто Полша, Норвегия, Италия каби Оврупа мамлакатларию олис Америкагача кета бошлади.

Хорижий тилдаги “трудовой мигрант” маъносини англатувчи “мардикорлик” сўзи қулоққа хийла оғир ботса-да, ушбу сўзни ишлатишга мажбурмиз. Чунки қонуний йўл билан расмий идоралар орқали “ишлаш”га кетганлар жуда озчилик, асосан яширин, ноқонуний йўллар билан мардикорлик қилаётганлар кўп. Ҳозир Ўзбекистондан қанча одам чет элларга ишлашга кетгани ҳақидаги маълумотлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Республика ички ишлар вазири Б. Матлубов Русияда 220 минг, Қозоғистонда эса 140 минг ватандошимиз меҳнат қилаётганини айтади. Бошқа расмий маълумотларга кўра, Жанубий Қурияда расман 13800 Ўзбекистон фуқароси ишлаяпти, бундан ташқари, тўққиз мингдан ортиқ норасмий мардикорларимиз ҳам бор эмиш.

Шу масалага бағишлаб Тошкентда ўтказилган бир конференсияда Ўзбекистоннинг 500-800 минг фуқароси чет элларда мардикорлик қилаётгани айтиб ўтилди. Лекин норасмий манбалар мигрантлар сони 5-8 миллион атрофида, деб ҳам ёзади. Буларнинг асосий қисми Русия вилоятларида бўлса, Қозоғистонда бир миллион, Жанубий Қурияда 20 минг мардикор бор экан. Нима бўлганда ҳам, мардикорлик нонини еб кўришга ишқибозларнинг кўплиги кундай равшан. Яқинда ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг салкам ўттиз фоизи “чет элга бориб пул ишлаб келиш ниятида эканини” айтган.

Бунча одамнинг чет элдан пул топиб келишини айблаш ноўрин. Бозор иқтисодига ўтишнинг оғир йилларида мардикорлар топиб келган маблағ ҳаммага асқотди. Кўплар иқтисодий ҳаётини ва турмушини ўнглади, уй, машина, тўй қилиш, фарзандини ўқитиш каби муаммоларини ҳал этиб олди. Республика матбуотида келтирилган хабарга кўра, биргина 2006 йили чет элларда ишлаётган ўзбеклардан жами 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатмаси келган, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ВВП) саккиз фоизига тенг. “Чўнтакда олиб кирилган” пуллар бу ҳисобга кирмайди. Мутахассислар кейинги йилларда бу рақамнинг янада кўпайгани ҳақида ёзишяпти. Бу ёш республика иқтисоди учун катта ёрдам саналади.

Ўзбеклар чет элларда ҳам ўзларининг меҳнатсеварликлари, ҳалолликлари, ақл-заковатларининг ўткирлиги, ҳар қандай оғир ишдан бўйин товламасликларини намойиш қилишмоқда. Ватандошларимизнинг “3D” таснифига кирувчи, яъни оғир, хавфли, ифлос ишларни ҳам индамай бажараверишлари хорижий иш берувчиларга роса маъқул келиб қолгани ҳам аниқ. Ўзбеклар чет элларда ватанимизнинг муносиб сиймоси бўлиб танилишмоқда. Буни Русия сайтларидан бири ўтказган форумда Санёк исмли рус йигитининг сўзлари тўла исботлаб турибди: “Ўзбеклар билан бирга немис пухталиги ва аниқлиги, япон меҳнатсеварлиги, америка прагматизми (уддабурролиги) кириб келди. Ўзбеклар бизнинг келажагимиз. Афтидан Петр Биринчи Оврупага дарча очиб адашган, шекилли”.

Минглаб ватандошларимизнинг киндик қони тўкилган юртларини ташлаб, олис ва нотаниш ўлкаларга иш ишлаб боришларининг асл сабаблари, у ерларда ўзбеклар дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар, хўрлик ва камситишлар ҳақида ёзиш ниятимиз йўқ. Чунки бу ҳақда Ўзбекистон вақтли матбуотида ҳам, хориждаги оммавий ахборот воситаларида ҳам керагича кўп ва хўп ёзилди. Бизни “мардикорлик” масаласининг маънавий-ахлоқий томонлари кўпроқ қизиқтиради.

Бу борадаги энг оғир йўқотиш йигитларимизнинг имон-эътиқоди билан боғлиқ масалаларда содир бўляпти. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасига тушиб қолган мардикорларимиз тезда ўз руҳий асосларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишяпти. Ҳали имон-эътиқоди унча шаклланиб улгурмаган мусулмон йигитлари иш жойларида изғиб юрган турли миссионерлар, ўзга дин ва мазҳаб вакиллари тузоғига осонгина илинишмоқда. Жанубий Қурияда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига қараганда, айрим ватандошларимиз у ерда насронийликнинг протестантлик, Иеҳова шоҳидлари каби мазҳабларига ўтишган. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлгани аниқ. Мусулмон ватандошлари томонидан билдирилган эътирозларга улар: “Худо битта бўлганидан кейин насроний бўлдинг нимаю, мусулмон бўлдинг нима, фарқи йўқ-ку!” дея қўл силтаб қўяқолишган. Қозоғистон, Русияда ишлаётганлар орасидаги намозхонлар эса шароит йўқлигини, қаттиқ чарчаётганларини баҳона қилиб, ибодатларини тўхтатиб қўйишган. У ерларда ҳам ватандошларимиздан насронийликка, турли оқим ва мазҳабларга эргашиб кетаётганлар топилади.

Ватандош мардикорлар орасида оила ва никоҳ муносабатлари ҳам издан чиқмоқда. Улар оиладан уч-тўрт йилга, баъзан бундан ҳам кўпроқ муддатга узилишмоқда. Ҳар қандай шаҳватини тия олган одам ҳам бунча узоқ муҳлатга хотинсиз юра олмайди. Улар борган жойларида дарров бунинг “чораси”ни топишга интилишади. Агар бу нарса қонуний никоҳ йўли билан ҳал қилинганида бу ҳақда ёзиб ҳам ўтирмас эдик. Аммо Русияда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига қараганда, ўзбек йигитларининг аксарияти рус аёлларига ҳеч қандай никоҳсиз, гувоҳларсиз, маҳрини ҳам бермай “уйланиб” олишяптийкан. Ҳатто хотинини эргаштириб ишга борган бир-икки мардикораларни “Тулага нега ўз самоваринг билан келдинг” дея “аския” ҳам қилишармиш. Энг ачинарлиси, мардикор йигитларнинг кўпи бу ишлари зинодан бошқа нарса эмаслигини тушунмас ҳам эмиш.

Яна бир муаммо шуки, бундай ватандошлар орасида ватанга, оилага қайтишни бутунлай “унутиб” юборгани ҳам талайгина. “Тўй қиламиз, уй қурамиз, машина оламиз” деган баланд орзулар билан эрларининг иссиқ ўрнини совутиб, чет элга ишга жўнатган ўзбек аёллари беш-олти йиллардан буён оиласига оз-моз пул жўнатиш билангина ўзининг борлигини “эслатиб” турган эрлари бошқа аёллар билан тўшакни баҳам кўраётгани ҳақида ўйлашармикин? Уларнинг ўзлари не аҳволга тушишяпти? “Эрларимиз уйга қайтишни ўйламаяпти, бу ёқда болалар тарбиясиз бўлиб кетяпти, жўнатган пули ҳам керак эмас, тезроқ уйга қайтариб беринглар” дея масжидларга, маҳалла фуқаролар йиғинига, ҳуқуқ органларига шикоят қилиб юрган аёллар орзу-ҳавасларининг нечоғли қимматга тушиши ҳақида бошда нега ўйлашмадийкин? Ахир улар ҳам тирик жон, Аллоҳ яратган фитрати билан эрларини соғинади, болаларининг “дадамиз қачон келадилар” деган саволига жавоб тополмай қийналади. Водий қишлоқларидан бирида яшайдиган танишимизнинг: “Қишлоқда йигитлардан мену бир неча қартайган чолларгина қолганмиз, кўчадан ўтгани юрагим безиллайди, эрларини соғинган аёлларнинг кўзлари баданимни тешиб юборай дейди” қабилидаги гаплари ҳам фожиани бутун бўй-басти билан ошкор қилиб турибди.

Чет элларда ишлаётган йигитлар (аёллар ҳам) ўзлари исташадими-йўқми, ўша жойдаги халқларнинг менталитетию улар турмушидаги зарарли одат ва қусурларга тақлид қилишади, эргашишади. Айниқса, Русияда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, бангиворлик, қимор ўйнаш, пичоқвозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар тобора одат тусига кириб боряпти. Бу эса яхши ахлоқ ва тарбия кўриб ўсган мусулмон йигитларининг ватанга безори, пиёниста, бузуқи ва расво бўлиб қайтишларини “кафолатлайди”. Биладиган кишиларнинг эътироф қилишича, Русияда ишлаб қайтганлар ичида хотинини қизғанмаслик, ҳар гап орасида айниб сўкиниш, бировларнинг озгина ютуғини ҳам кўролмаслик, катталарга беҳурмат бўлиш каби халқимиз менталитетига ёт қусурлар “юққан” кишилар ҳам кўп топилади.

Оғир шароитларда ишлаб саломатлигини йўқотиш, ўпка сили, сўзак, заҳм, ҳатто СПИД каби оғир касалликларни орттириш каби йўқотишларга қараганда инсоннинг маънавий-руҳий қашшоқлашуви оғир оқибатларга олиб боришини ҳеч ким инкор қилолмайди. Жисмоний касални тузатиш мумкин, аммо руҳий-маънавий хасталарни, ахлоқан тубан кетганларни тузатиш учун узоқ муддат, кўп куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади. Кўпроқ пул топиш, хотинларининг кун сайин ўсиб бораётган нафсий иштаҳаларини қондириш учун ватанидан узоқларга ишлашга кетаётганлар (шу жумладан уларнинг аёллари ҳам) ана шу аччиқ ҳақиқат тўғрисида бир ўйлаб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Халқимиз “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши”, “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-тарозу”, “Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши” каби ҳикматли мақолларни бежизга тўқимаган, ахир!

Аҳмад МУҲАММАД