Порахўр мактаб деректори

Порахўр мактаб деректори
28 views
21 March 2014 - 17:54

8432fbf53de1b5283ae2a0af38b(Қўл остидаги ўқитувчидан турли мақсадларда пул талаб қилиб олганди)

Таълим-тарбия тизими ниҳоятда пок, ҳалол соҳа ҳисобланади. Аммо бу соҳада баъзида ўз нафсларини тия олмайдиган раҳбар ходимлар учраб қолаётганлиги афсусланарли ва ачинарли ҳолатдир. Департаментнинг Қарши шаҳар бўлимига мурожаат қилган фуқаро Дилдора Эшнаеванинг аризаси текширилиш жараёнида ана шундай баднафс, порахўр мактаб директорининг жинояти фош бўлди.

Қарши шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Дилдора Эшнаева ўқув йили бошланиши даврида дарс соатлари камлиги сабабли имкон бўлса кўпроқ дарс ажратишини сўраб мактаб директорига мурожаат қилади. Мактаб директори Қизларгул Суюнова бундай хизмат эвазига ўқитувчидан 300 000 сўм пул беришини талаб қилади. Ноилож қолган Дилдора Эшнаева унга, имконига қараб, 200 000 сўм пул беришга мажбур бўлади. Орадан бироз вақт ўтиб Дилдора Эшнаева бошқа жойга, яъни Қарши маданият коллежига ишга ўтмоқчи бўлади. Директор унинг меҳнат дафтарчасини коллежга ўтказиб бериш учун яна 50 000 сўм талаб қилади. Шунингдек, 35 минг сўмлик ёғ маҳсулоти ҳамда мактабдаги шанбаликда қатнашмаганлиги учун 100 000 сўм пул сўрайди.

Қизларгул Суюнова ана шу олган поралари билан кифояланиб қолмайди. Нафсини тиёлмаган мактаб директори навбатдаги порани, яъни 30 000 сўм миқдордаги пул ва 40 000 сўмлик чинни идишлар тўпламини олаётганида сир фош бўлди. Қизларгул Суюнованинг бу жиноий хатти-ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят иши жараёнидаги тергов ҳаракатлари натижасида унинг айблари тўлиқ исботланди. Порахўр мактаб директори суд ҳукмига кўра, жиноятига яраша жазоланди.

Ганжа Мухсин