Одам савдогари

Одам савдогари
119 views
23 March 2014 - 12:30

imagesМаҳкам Жиянов Яккабоғ туманидаги Татар маҳалла фуқаролар йиғинининг Ширинбулоқ қишлоғида яшайди. Ёши 30 ни қоралаб қолган бу йигит 2006-йилдан буён Қозоғистан Республикасининг Жамбул вилоятидаги Тарас шаҳрига бориб қурилиш ишларида ишлаб келади. Бир қарашда оддий ҳол. Тинчгина бориб ишлаб, ўз кунини кўриб юраверса-ку олам гулистон еди. Аммо у ҳамқишлоқларининг ишончига кириб, уларни ҳам Қозоғистонга ишга олиб бориб, мўмай ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, шу йўл билан текин бойлик орттиришга ҳаракат қилди, ва бу қинғирлиги уни қамоқ сари етаклаб келди.

Маҳкам Жиянов ўтган йилнинг март ойида танишлари Маҳмуд Тўраев ва Алибек Муродовни ўзи билан хорижга боришга ундайди ҳамда уларнинг ҳар бирига ойига 300-350 АҚШ доллари миқдорида маош олиб беришга ваъда қилади. Унинг ёлғон ваъдаларига лаққа тушган Маҳмуд Тўраев ва Алибек Муродов Маҳкам билан бирга Қозоғистонга жўнашади. Орадан бир ой ўтиб, яна икки кишини, Ғайрат Тоҳиров ва Ориф Исломовларни чақириб олган Маҳкам уларга ҳам ҳар қайсисига ойига 300-350 АҚШ доллари миқдорида маош билан таъминланадиган иш ваъда қилади. У Ғайрат Тоҳиров ҳамда Ориф Исломовларни Қозоғистоннинг Қазикурт божхона постида кутиб олиб, уларнинг паспортларини олиб қўяди. Олиб борган ва чақириб олган шерикларни эса қозоғистонлик Тўлаган ва Малик исмли кишиларнинг шахсий қурилишига ишлата бошлайди. Бу қурилишда Маҳкам Жиянов ўзи иш бошқарувчилик қилади.

Шу тариқа Маҳкам Жиянов ўзи билан ишлайдиган шерикларининг ишига кўз-қулоқ бўлади. Аммо уларнинг меҳнат ҳақларини олиб беришида алдоқчилик йўлига ўтади. У Маҳмуд Тўраев ва Алибек Муродовларнинг ўтган йил 28 мартдан 28 майгача бўлган вақтдаги 900 АҚШ доллари, Ғайрат Тоҳиров ва Ориф Исломовларнинг 30 апрелдан 24 июлгача бўлган даврдаги 1100 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақларни бермсасдан ўз манфаати йўлида ўзлаштириб юборади.

Маҳкам Жияновнинг ушбу жиноий хатти-ҳаракати юзасидан ўтказилган тергов жараёни ва суд вақтида у ўз айбига иқрор бўлмасликка уринди. Аммо тўпланган фактлар, далиллар, даъвогарлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари унинг айбини исбот қилди. Маҳкам Жиянов тергов даврида жабрланувчиларга етказган моддий зарарнинг бир қисмини қоплади. У ушбу фирибгарлик хатти-ҳаракатлари билан жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга айбига мос ҳолда суд ҳукмига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Лекин “амнистия тўғрисида”ги Қарорга асосан тайинланган жазо учдан бир қисмига қисқартирилди. Шунингдек, Маҳкам Жияновдан етказилган моддий зарарнинг қопланмай қолган қисми ҳисобидан Ғайрат Тоҳировга 1 162 800 сўм, Ориф Исломовга 387 600 сўм ундирилиш ҳам суд ҳукми асосида белгиланди.

Ганжа Мухсин.

23 март 2014 йил.