Қадрингни билсанг-чи, қизгина!

Қадрингни билсанг-чи, қизгина!
48 views
28 March 2014 - 17:12

12A5809C-F15D-40BA-B3B9-FC0D731C8F38_mw1024_n_sЭндигина жойидан жилган “Дамас” автомашинасини йўл-йўлакай тўхтатган уч қиз қийқиришганча орқа ўриндиққа жойлашиб олишди.

— Шофёр ака-а, — нозланиб сўз қотди улардан бири, — насияга опкетасизда, атиги бир остановкага!
Хўп дея қолинг энди, — жўр бўлди унга ёнидаги дугонаси.

16-17 ёшлар чамасидаги қизларнинг ноз-карашмасига ўрта ёшлардаги шофёр акамиз ҳам “эриб” кетди чоғи, оғзининг таноби қочиб, кўзгуни қизларга тўғрилаб қўйди-да, илмоқ билан гап ташлади:

— Майли, кейин чой-пойга таклиф қилиш эсдан чиқиб, олдингилардай қочиб қолмайсизларми ишқилиб, жононлар?
Қизлар машинани бошларига кўтариб, қийқиришди. Биринчи сўз қотган қиз карашма билан жавоб қилди:

— Во-ой, бирор муздайроғидан айтинг, ўзи куйган юракларни чой билан куйдириб нима қиласиз?! — Яна қийқириқ янгради. — Ҳа, айтгандай, — эътирозли оҳангда давом этди у, — бошқа йўловчиларга йўлкирани бироз ошириб қўйсангиз, бизлар шу ҳисобдан текинга кетармидик, шофёр ака?!
— Бўпти, оширсак ҳам сизлар учун оширганимиз бўлсин, лекин…

Агар қўйиб берса, қизлар билан ҳайдовчининг беъмани ҳазиллари тугай демасди. Охири жим туролмай:
— Қизлар, — дедим орқага бурилиб, — уялмайсизларми, сизларда қадр-қиммат, ҳаё деганидан борми ўзи? Ҳали ёшсизлар, бир-икки бекатга пиёда кецанглар ҳам бўларди, насияга олиб кетишу, йўлкирани ошириш ҳақида отаси тенги шофёрга маслаҳат бергандан кўра!

— Қўяверинг, опажон! Бу асал қизлар ҳар кунги мижозларимдан, ўзимиз келишиб оламиз, — луқма ташлади шофёр ўзини оқлаб. Кейинги бекатда тушиб қолаётган қизларга яхшилаб разм солдим: тўладан келган сергап қизнинг оқ кофтаси жуда юпқалигидан… Қолган икки қиз эса бир хил матодан этаги узун, кўйлак деса, кўйлакка ўхшамайдиган, юқори қисми салкам белигача очиқ, енг ўрнида елкаларидан фақат боғич ўтказилган алламбалони кийиб олишган.

Қизлар узоқлашгунча, улар орқасидан хирсли термулиб қолган ҳайдовчи машинани юргизаётиб яна ўзини оқлашга тушди:
— Тавба, дейману бу қиз деганида ибо-ҳаё бўлмаса қийин экан, ҳай-ҳай демаса, елкага чиқиб кетай дейди-я!

— Кечирасиз, ука! — дедим икки дақиқа олдин қизларга суқланиб-қийшанглаган, энди эса баҳона қидираётган ҳайдовчига истеҳзо билан, — улар ҳали йўл бошидаги ғўр қизлар экан, лекин сизнинг ёшингиз ва ақлу-ҳушингиз жойида бўлса керак? Қизларнинг куракда турмайдиган илтимосини рад қилганингизда эҳтимол хатоларини англаб бошқа бундай қилишмасмиди?!

— Э, қаёқда дейсиз? — бошини чайқади шофёр, — баъзилари кўзини сузиб, худди елимдай ёпишиб олади, яна бурди-балони кийиб, хаёлни ҳам ўғирлаб қўйишади, қурмагурлар. Энди опа, кўнгилигизга олмангку-я, ўзингиз гувоҳ, баъзи бир қизлар борки, нақ шайтонга дарс беради-да ўзиям.

— Бўлиши мумкин, — дедим, лекин бу ерда мен шайтонлик ҳунарини бир томонда эмас, балки икки томонда ҳам кўрдим. Демак, шайтонга дарс бериш фақат қизларгагина хос эмас экан, тушунган чиқарсиз, энди тўхтатинг, манзилимга келдим! — дедимда машинадан тушиб қолдим. Гапнинг очиғи ҳайдовчининг қизлар ҳақидаги “шилдир” гапларидан таъсирландимми, икки юзим ловуллаб-қизариб, бир бекат олдин тушиб қолибман.

Яёв кетар эканман, кўз олдимдан дам-бадам қийқираётган қизларнинг ибосиз сўзлари, беҳаё нигоҳларию алламбало кийимлари кетмасди. Беихтиёр пичирлайман:

— Бунча хору-хас, қадрсиз бўлмасанг, ҳали ўн гулингдан бир гулинг очилмаган навниҳолсан-ку, қизгина! Вужудингни томошақовоққа айлантирганинг ва ҳаё чегарасини босиб-янчиб ўтаётганинг самарасини вақти келиб, кўзингдан шашқатор ёшу афсус-надомат билан қарши олмагин тағин. Балки ўша пайт ҳам ҳозиргидек енгил ўйлаб, ҳаммасига қўл силтаб кетишинг мумкиндир. Чунки тарбиянинг пойдевори мустаҳкам бўлмаса, бари бекор! Энг оғриқли нуқтаси шуки, сабр-тоқати, ибо-ҳаёси ва касбу-камолоти билан олам аҳли аёллари ичра ном қозониб келаётган ўзбек хотин-қизлари қадр-қиммати баъзи бир “лат эганлар” тўдасининг касрига қолаяпти. Шуни ҳеч кўз олдингга келтирармикансан? Бундан бироз бўлса-да, виждонинг азобланармикан? Кўзингни каттароқ очиб, олди-орқангга теранроқ назар сол! Вақт борида қадрингни билсанг-чи, қизгина!

Шафоат ЖЎРАҚУЛОВА