Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон ҳукумати “умрбоқий” референдум ўтказиш бўйича тайёргарликка киришди

Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон ҳукумати “умрбоқий” референдум ўтказиш бўйича тайёргарликка киришди
128 views
31 March 2014 - 5:03

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг амалдаги президенти ваколатларини умрбоқий муддатга чўзиш ҳақида умумхалқ референдумини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича амалий ишларни бажаришга киришди. Шундай қилиб…

Ҳукумат ва вилоят ҳокимиятларида ўтказилган йиғилишлар

Жорий йилнинг 10-15 март кунлари республика Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимиятларида амалдаги президент ваколатларини умрбоқий муддатга чўзиш ҳақидаги умумхалқ референдумини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган махсус йиғилишлар ўтказилди. Туман ҳокимиятларига ва халқ таълими бўлими раҳбарларига сайлов округлари ва участкаларини ташкил қилиш вазифалари юкланди.

Бундан ташқари, мактаб, коллеж ва лицей директорларига ҳамда маҳалла қўмиталари раисларига президент Ислом Каримов ваколатларини умрбоқий муддатга чўзиш нақадар муҳимлиги ҳақида тарғибот-ташвиқот тадбирларини бошлаш буюрилди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзАААг), Матбуот агентлиги (ЎзМА), Республика маънавият ва тарғибот маркази каби ташкилотларга ҳам ҳудди шундай топшириқлар берилди.

Юқорида номи келтирилган референдумни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ушбу ҳамда бошқа ишлар ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилинмасдан, маҳфий тартибда амалга оширилмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати “умрбоқий” референдумни ўтказиш ҳақидаги илк расмий хабарни шу йилнинг иккинчи ярмида, аниқроғи, Мустақиллик кунини нишонлаб бўлгандан кейин етказишни режалаштирмоқда. Шунгача эса референдумни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича барча ишлар оммага эълон қилинмасдан бажарилади.

Шу билан биргаликда Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримовни умрининг оҳиригача иқтидорда олиб қолишнинг иккинчи вариантини ҳам ишлаб чиқяпти. Ислом Каримов томонидан таклиф қилинган биринчи вариантдан фарқли равишда иккинчи вариант Ўзбекистон Хавфсизлик Кенгашида ишлаб чиқилган бўлиб, аввалига президент ваколатларини вақтинча Бош вазирга беришни, кейин эса Каримов ва Мирзиёевларнинг “МедвеПутин” усулида мансаб алмашишини кўзда тутади.

Каримовни сиёсий иқтидорда олиб қолишнинг иккинчи варианти амалдаги президентнинг давлат бошқарувида қолишига қонуний тус бериш ва Ғарбдаги либерал танқидчиларни тинчлантириш учун атайлаб ишлаб чиқиляпти. Яқинда Каримов ҳукумати томонидан Конституцияга ўзгартиришлар киритилиб, президентнинг баъзи ваколатларини Бош вазирга бериш негизида ҳам ана шу мақсадлар ётибди.

Эслатиб ўтамиз, Каримовни иқтидорда олиб қолишнинг ушбу усули Украина ва Қирим масалаларида Ғарб Путин Россияси устидан ғалаба қозониши эҳтимоли учун заҳира варианти сифатида ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирча эса, яъни Қиримни босиб олиш борасида Кремльнинг муваффақиятлари кўриниб турган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати Каримовни вақтинча Мирзиёев ўрнига ўтказиб, иқтидорда олиб қолгандан кўра, уни мамлакатнинг умрбоқий президенти қилиб расмийлаштириш осонроқ эканлигига 90 фоиз амин. Шу сабабдан Каримов ҳукумати дарров “умрбоқий” референдумни ўтказиш бўйича ноошкора ишларни бажаришга киришди.

Режалаштирилаётган референдум ташаббускори ҳам Ўзбекистон президенти лавозимида ёки мамлакатнинг амалдаги сиёсий раҳбари сифатида иқтидорда қолишига шубҳа қилмаяпти. Оҳирги йиғилишлар ва жамоат тадбирлари, шу жумладан, яқинда нишонланган Наврўз байрамига Ислом Каримов кучли қувватлантирувчи дори-дармонлар таъсирида чиққани ҳам президентни ташвишлантирмаяпти.

Март ойининг биринчи ўн кунлигида Ислом Каримов Швейцариянинг “Zeromax” компанияси собиқ раҳбари Миродил Жалоловни чақириб, унга бартараф қилинган ширкат ишини қайта тиклашни буюргани ҳам Ўзбекистон президентининг сиёсий оптимизмидан далолат беради. Каримов Одил-бойга қайта тикланадиган бизнесда ўзининг шахсий ҳимоясини ваъда қилди. Бунинг эвазига эса Ўзбекистон президенти Миродил Жалоловдан “ҳамма ишлар ҳақида фақат давлат раҳбарининг ўзига ҳисобот бериш”ни талаб қилди. Ислом Каримов Одил-бойга: “На Лола, на Татьяна, на Шавкат ва на бошқаси сенга босим ўтказа олмайди. Сен фақат мен билан ишлайсан”, – деди.

Бундан тўрт йил илгари “Zeromax”ни фаоллик билан бартараф қилган Ўзбекистон давлат тузилмалари эндиликда Швейцария компаниясини юридик ва амалий жиҳатдан “тирилтириш” ишларини бошлашди. “Zeromax”га аввал тегишли бўлган барча мулк, шу жумладан, “UzGazOil” ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, завод ва фабрикалар, нефтгаз конлари, “Bunyodkor” стадионию футбол клуби ва ҳоказолар яқин муддат ичида собиқ бизнес-монополистга қайтариб берилиши кутилмоқда. Шундай қилиб…

Афсуски, ҳақ бўлиб чиқдик!

Афсуски, вақт бизнинг илгариги материалларимиз ва таҳминларимизнинг, масалан, “Ислом Каримов умрининг оҳиригача иқтидорда қолишга қарор қилди” деган хабаримиз (2014 йил 3 мартдаги айнан шундай сарлавҳадаги мақоламиз) тўғрилигини кўрсатмоқда. Эндиликда манбаларимиз Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримовнинг навбатдаги аксилконституциявий истагини юридик жиҳатдан расмийлаштириш бўйича амалий қадамлар қўя бошлагани ҳақида хабар беришмоқда.

Бироқ жорий йилнинг февраль ойида биз Каримовнинг ушбу нияти ҳақида илк бор бонг урганимизда баъзи ўқувчилар, ўзини буюк эксперт ҳисобловчи баъзи чаққон “сиёсатшунос”лар ва ўзини журналистика корчалони ҳисоблайдиган баъзи шаллақи журналистлар бизнинг маълумотларимиз “нодонлар учун тўқилган эртаклар”, “жиннининг алаҳсираши” эканлиги ҳақида дод-вой кўтаришганди.

Ўтган йили биз Гулнора Каримова ва унинг бизнес-салтанатига қарши уюштирилган ҳужум Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси бўлиб, тўнғич қизнинг “музлатилган” пулларини Ғарбдан Ўзбекистонга қайтаришни кўзда тутиши ҳақидаги огоҳлантирувларимизни ҳам чаққон “сиёсатшунос”у шаллақи журналистлар ҳудди шундай “вазмин”қарашлар билан қарши олишганди. Шаллақи журналист томонидан бошқарилаётган ва “Ўзбекистонда блокировка қилинган сайт” бизнинг ёзганларимизни масхара қилиб: “Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтаришнинг ҳеч ҳам иложи йўқ, чунки бундай молиявий операциялар учун реал механизмлар мавжуд эмас”, деб ёзганди.

Мана энди Ўзбекистон ҳукумати Германия ҳукумати орқали “ўзбек тарафи Гулнора Каримовага қарши жиноят иши очиб, уни расман жазоласа, Ғарб Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтариши” ҳақида АҚШ ва ЕИ ҳукуматлари билан аллақачон ҳуфиёна келишиб қўйгани маълум бўлмоқда. Хусусан, Швейцария прокуратурасига яқин журналистлар “Би-Би-Си” радиосига интервью бериб: “Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримова устидан жиноий иш очишга ва уни жазолашга журъат эта олса, Швейцария ҳукумати Гулноранинг пулларини ўзбек маҳкамасига қайтаришга мажбур бўлади”, -деди. Шундай қилиб…

Сўнгсўз

Мақолаларимиз эълон қилинган кундан бир ярим ой вақт ўтгач, бизнинг материалларимиз эмас, балки чаққон ва сохта сиёсатшуносларнинг олди-қочди гапларию “вазмин” қарашлари, Ислом динидан ва ўзбек миллатидан қўрқадиган шаллақи журналистларнинг “холисона” мақолаларию хулослалари “нодонлар учун тўқилган эртаклар” ҳамда “жиннининг алаҳсираши” бўлиб чиқди.

Биз ҳамиша: “Оҳирда кулган яхши кулади”, деб келганмиз. Ўзбекистон ҳукумати амалдаги президент ваколатларини умрбоқий муддатга чўзишга бағишланган умумхалқ референдуми ўтказиш ҳақида расман хабар бериб, Каримов режимининг навбатдаги сиёсий спектакли ҳақидаги бизнинг огоҳлантиришларимиз ҳақ бўлиб чиқса, яна оҳирги бўлиб кулишдан хавотирдамиз.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,

сиёсатшунос

 

2014 йил 25 март