ЎХҲ веб сайтига МХХ собиқ ҳодимидан мактуб

ЎХҲ веб сайтига МХХ собиқ ҳодимидан мактуб
112 views
03 April 2014 - 13:34

Мен, Ёқубов Қувондиқ Юлдашевич, МХХ собиқ ҳодимиман, махсус хизматда ишлаган одамнинг махсус хизмат ҳодимиман дейиши ўзи аҳмоқлик.

Адрес Чирчиқ шаҳар Амир Темур 62/63, ҳақиқатан бу маълумот менданлиги аниқ бўлиши учун, военный билет номерим 0042122, паспорт СТ 2263381, мен ҳақимда 27 январь 2014 йил UZXALQHARAKATI.COM сайтида ва бошқа сайтларда Усмон Ҳақназаров номи билан чиқарилган мақолалар ҳақида изоҳ бермоқчиман ва рахмату-узрларимни етказмоқчиман. Фақат сизлардан илтимос, бу орқали кимнидир мақташ, қоралаш ёки кимгадир қарши фойдаланманглар.

Президентимиз И.Каримов ва раисимиз Р.Иноятовдан менга берилган имкониятдан фойдалана олмаганим, уларнинг ишончларини оқлай олмаганлигим учун чин дилдан кечирим сўрайман. Ҳозирда озодликда ва оилам даврасида эканлигимдан Президентимиз И.Каримовнинг раҳмдилиги, бағри кенглиги ва раисимиз Р.Иноятовнинг кечиримлиги, тўғри йўл танлашда ёрдам берганлари ва ҳаёт сабоқларини ўргатганлари учун мен ва оилам номидан катта раҳмат айтаман.

Мақола ҳақида

1. 2011 й. 21 октябрда №3211-ЛС буйруққа асосан ишдан бўшатилганим рост, лекин бунга Р.Иноятовнинг умуман алоқаси йўқ, қайтанга улар мени тушунгани ва оилавий аҳволими тушунганлари мен учун катта ёрдам бўлди бўлмаса ўша вақтдаёқ қамалиб кетардим. Ишдан бўшашимга ўзим фақат ўзим айбдорман.

2. Ишга қабул қилинишим. Мен интернат мактабда тарбияланиб, кейинчалик олий ҳарбий билим юртида ўқиганман. Яқин қариндошларим судланганлиги сабабли МХХга қабул қилишмаган. Шунда президентимизнинг “Ўзбекистон 21 аср бўсағасида, хавфсизликка таҳдид, тараққиёт кафолатлари ва барқарорлик шартлари” асарига асос қилиб, “И.Каримов думшани бу – менинг ва менинг оилам душмани” номли шахсий иш режаси ишлаб чиқиб Президент девонидан ёрдам сўраганман. Р.Иноятов шунда менга ишониб имконият берган ва ишга 2092-ЛС буйруққа биноан қабул қилган. Афсус, имкониятдан фойдалана олмадим, президентимизнинг ишончларини оқлолмадим. Бу иш режаси ҳеч қанақа ўлдиришга асосланмаган.

3. Қамалишимга келсак, унга ҳам ўзим айбдорман, Р.Иноятовнинг бунга алоқаси йўқ. Бунга сабабчилар 2012 йил март-апрель ойларида Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасида регионалний офицер охрана (минтақавий қўриқлаш офицери – таҳр.) лавозимида ишлаган Джон Волдмейр ва шу вақтда Россия ФСБдан МХХга мени “давлат сирларини сотмоқчи” мазмунидаги хат сабабчи. Барибир қамалишимга ўзим айбдорман. Президентимизнинг раҳмдиллиги, кечиримлиги ва Р.Иноятовнинг ишга ҳолис ёндошганлиги, оилавий аҳволимни тушунганлиги учун ҳозир озодликдаман.

4. Тоштурмадаги “Мараканец” билан бўлган воқеа, бу иккита махбус орасидаги жанжал холос. Буни Р.Иноятовга умуман алоқаси йўқ.

5. Госсоветник (давлат маслаҳатчиси – таҳр.) Жамшид Файзиевга ҳақиқатан ариза билан мурожаат қилганман. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз уруғ аймоқларини, халқни ва қўл остидагиларни йиғиб: “Берганимни олинглар, бермаганимни сўраманглар ва куч билан тортиб олишга уринманглар” деганлар. Мен ҳам судланганлигим ва ишга нолойиқ топилиб, ишдан бўшатилганимга қарамасдан ишга қайта тиклашини сўраб президентимиз ва Р.Иноятовга ариза ёзганман.

6. 20 январдан бери ҳеч нарса бўлмаган. МХХ мени таъқиб қилмаяпти, МХХ билан ҳозирда мени боғлаб турган нарса бу – менинг қайта ишга тикланишга ҳаракат қилаётганим. Бу билан айтмоқчиманки, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганлар “Танланганларгина қўмондон бўлади, яхши қўмондон ҳамманинг гапини эшитади, лекин қалби буюрганини килади”. Амир Темур бобомиз таърифлагандай, Президентимиз И.Каримов ва Р.Иноятов яхши қўмондонлигидан, президентимизнинг раҳмдиллиги, кечиримлиги ва бағри кенглиги учун ўзим ва оила аъзоларим номидан катта раҳмат айтаман, ва менга берилган имкониятдан фойдалана олмаганим, ишончларини оқлай олмаганим учун чин дилдан кечирим сўрайман.

Усмон Ҳақназаровнинг 27 январдаги мақоласига келсак, ким ва нима учун мен ҳақимда маълумот тарқатганидан қатъи назар, бу Президентимиз И.Каримов ва МХХ раиси Р.Иноятовни омма ва бутун жаҳон олдида обрўсизлантириш деб тушунаман.

Мени давлат сирларини сотишга уринишда айблашган, ҳалиям мен ва мени оилам бахтига президентимиз ва Р.Иноятов бор экан, бўлмаса давлат ҳоини бўлиб ҳозирда қамоқда бўлардим. Ўзингиз ўйланг, МХХни сотсам, президентни сотган бўламан, президентни сотсам, ватанни сотган бўламан. Фақат Лола ёки Гулнора Каримова эмас, балким шу юртдаги хар бир ёш авлод президент И.Каримовнинг фарзанди бўлгани каби, мен ҳам И.Каримовнинг фарзандиман. Энди айтинг, қандай қилиб ўз отамни сотишим мумкин? Президентимиз И.Каримов ва раисимиз Рустам Расулович Иноятовдан мени кечиришларини, уларнинг ишончларини оқлаш учун яна бир бор имконият беришларини сўрайман.

Ёқубов Қувондиқ Юлдашевич
МХХ собиқ ҳодими
2 апрель 2014 йил