“The Earth Times” журналида Орол денгизи инқирози ҳақида мақола эълон қилинди

“The Earth Times” журналида Орол денгизи инқирози ҳақида мақола эълон қилинди
87 views
08 April 2014 - 16:43

orol dengizi muammosiЎзбекистон ТИВ ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг ёзишича, яқинда Британиядаги дунё атроф-муҳити муаммоларини ёритадиган “The Earth Times” интернет-журналида Орол денгизи муаммоларига бағишланган “Марказий Осиёда экологик хавф-хатарлар” сарлавҳали мақола эълон қилиган.

Мақолада бир пайтлари ажойиб сув ҳавзаси бўлган Оролда бугунга келиб балиқ турларининг кўпчилиги йўқ бўлиб кетгани, баҳри азим атрофидаги Мўйноқ сингари аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларнинг катта қисмида ҳаёт кечириш тизими издан чиққани ва қумга чўкиб қолиб кетган кемаларнинг аянчли ҳолати билан боғлиқ инқироз тафсилотлари атрофлича ёритилгани айтилади.

“Экологик фожеа оқибатларини бартараф этиш жуда мураккаб вазифадир, чунки Орол денгизининг қуриши давом этмоқда. Бундай ҳолат ҳамон атроф-муҳитга, қишлоқ хўжалигига ва атмосферага ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда”, деб ёзади журнал.

“The Earth Times” журналида алоҳида таъкидланишича, инқирозга юз тутган денгизнинг атрофида жойлашган Ўзбекистон ва унга қўшни мамлакатларга халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги керак. 2010-йили БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Оролбўйидаги экологик бўҳрон оқибатлари билан танишган чоғида Орол денгизи муаммоси жаҳондаги энг аянчли экологик муаммолардан бири ҳисобланишини қайд этар экан, бу масалага нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё мамлакатларининг эътиборини қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди. БМТнинг Ўзбекистондаги агентлиги 2012 – 2015-йилларга мўлжалланган “Орол денгизи инқирози оқибатида жабр кўрган аҳолининг ҳаёт тарзини таъминлаш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Мақолада маълум қилинишича, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистон ҳукуматига соқлиқни муҳофаза этиш соҳасида кўмаклашмоқда. Бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик “Мингйиллик ривожланиш мақсадлари”нинг 8-бандига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этилмоқда. 2001-йилдан 2011-йилга қадар минтақада болалар ўлими икки баравардан кўпроққа қисқарди, бироқ шундай бўлишига қарамай, Орол денгизига яқин ҳудудларда болалар саломатлигининг аҳволи ҳали-ҳамон жиддий муаммо бўлиб турибди.

Мақола муаллифи Орол қуришининг салбий оқибатлари билан кураш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам тўхталган. “1990-йилдан буён юздан зиёд дастур ва лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди. 2013-йили Оролбўйидаги лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш режаси тасдиқланди”, деб ёзади у.

Кўрилаётган барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, минтақанинг ҳаёт тарзига бўлган хавф-хатар ҳамон сақланиб қолмоқда. Чунки бу ерда туз аралаш қумдан иборат 5,5 гектарли улкан Оролқум саҳроси пайдо бўлган. Оролдан ҳар йили атмосферага 75 миллион тонна заҳарли чанг кўтарилмоқда, бу чанг Помир, Тян-Шан музликларига, ҳатто Арктикага ҳам етиб борди.

Шу боис, бу муаммоларни ҳал этиш учун 1993-йили ташкил этилган Оролни асраш халқаро жамғармаси сингари инқироз оқибатларини бартараф этиш масалалари бўйича Марказий Осиёдаги мавжуд интилишни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақа мамлакатларида сув масаласида ҳамкорликнинг асосий қоидаларини белгилаб берадиган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари қўлланишини мустаҳкамлаш муҳимдир, деб ёзган “The Earth Times”.

ЎХҲ ахборот бўлими