“Камолот” ЁИҲ Андижон вилоят Кенгаши раисини “масъулиятсизлик”да айблади

“Камолот” ЁИҲ Андижон вилоят Кенгаши раисини “масъулиятсизлик”да айблади
53 views
10 April 2014 - 19:12

kamolot-1

10 апрель куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўзининг интернет сайти орқали Андижон вилоят Кенгаши раиси Нодира Абдураҳмоновага нисбатан кескин норозилигини ифода қилди.

“Камолот” ЁИҲ сайтида ёзилишича, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати “Туркистон” савол беради” лойиҳада Андижон вилоят Кенгаши раиси Нодира Абдураҳмонова билан интервью ташкил этилиши тўғрисида хабар тарқатган. Интервью 2014 йил 10 апрель куни Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши қошидаги Ёшлар медиа марказида бўлиб ўтиши керак бўлган. Бироқ, Нодира Абдураҳмонова студяга келмаган.

“Кутилган меҳмон белгиланган вақтда студияга етиб келмади. Ажабланарлиси, бу ҳақда на ижодий гуруҳга, на лойиҳа ташкилотчиларига олдиндан хабар берилган. Бундай ҳаракатни “Камолот” ЁИҲ Андижон вилоят Кенгаши томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг республикамиз ҳудудларидаги ижроси, ёшлар етакчиларининг бу масаладаги позициясини намоён этиш, ёшлар билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик фикрини уйғотишга қаратилган “Туркистон” савол беради” медиалойиҳасига бўлган ҳурматсизлик, қолаверса, масъулиятсизлик, деб ҳисоблаймиз.”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, хабарда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг savol@turkiston.uz электрон почта манзилига Нодира Абдураҳмоновага жами 95 та савол ва таклиф келиб тушгани ва “Turkiston” газетаси таҳририяти томонидан интервью учун 32 та савол шакллантирилгани айтилади.

“Афсуски, ушбу саволлар энди жавобсиз қолмоқда. Бунинг учун ижодий гуруҳ номидан савол ва таклиф йўллаган муаллифлардан узр сўраймиз ҳамда лойиҳада фаол қатнашган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Навоий, Фарғона, қашқадарёлик ёшларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз”, – деб ёзади “Камолот” ЁИҲ сайти.

kamolot-2

“Камолот” ЁИҲнинг норозилиги ифодаланган мазкур хабар соат 17:15 да саҳифага жойлаштирилганди. Бироқ, орадан икки соат ҳам ўтмасдан ушбу хабар “Камолот” ЁИҲ сайтидан олиб ташланди. Хабарнинг олиб ташланишини Андижон вилоят Кенгаши раиси талаб қилганми ёки “Камолот” ЁИҲ раҳбарияти бу ҳақда кўрсатма берганми бу ҳақда изоҳ берилмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими