Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлаш хисобига иқтисодий эркинлик чекланмоқда

Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлаш хисобига иқтисодий эркинлик чекланмоқда
69 views
11 April 2014 - 20:20

professionalnyy_riskЎзбекистонда хавфсизликни таъминлаш феноменига давлатнинг ички сиёсатидаги олий мақсад сифатида қаралиши йигирма йилдирки жамиятнинг деярли барча соҳалари ривожидаги асосий тўсиққа айланиб улгурди. Бу ҳақда кўплаб танқидий мақолалар ёзилди, мурожаатлар қилинди. Бироқ, ҳали-ҳануз хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳақида сўз борганда қолган ҳар қандай соҳадаги муаммо давлат назаридан четдаги иккинчи даражалигича қолаверади.

Сўз юритаётганимиз мавзу доирасида 8 апрель куни Ватандош сайтида “Сармоядорлар учун Ўзбекистон жозибасини йўқотдими?” номли мақола чоп қилинди.

Мақола муаллифи асосий эътиборни шахснинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланган иқтисодий эркинлик мавзусига қаратади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон мисолида, бу масалада икки жараённи кузатиш мумкин. Бир томондан Ўзбекистонни кенг иқтисодий имкониятларга эга давлат сифатида тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар – ташқи инвестицияни жалб қилиш, хорижий бизнесларга кенг имкониятлар яратишга қаратилган баъзи қадамлар кўзга ташланса, иккинчи тарафдан, нафақат хорижий, балки маҳаллий компания ва шахсларнинг мол-мулкини олиб, Ғарб, хусусан, Америкага отланаётгани ҳолатлари кўпайиб бораётганидир.

Бунинг сабабини эса муаллиф Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлаш ҳисобига иқтисодий эркинлик ҳуқуқи паймол қилинаётганлиги билан изоҳлайди.

Мақолада Марказий Осиё давлатларида маълум бир давр оралиғида ишлаб чиқарилган махсулот ва хизматларнинг умумий қиймати ва жалб қилинган инвестиция миқдори бўйича кўрсаткичлар келтирилади ва қиёсий таҳлил қилинади.

Хусусан, 2012 йилда Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларнинг бозордаги қиймати 51 миллиард АҚШ долларига тўғри келган. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 203 миллиард, Туркманистонда 35 миллиард, Тожикистон ва Қирғизистонда 6 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.

Халқаро валюта фондининг 2011 йилги ҳисоботида 45.32 миллиард долларлик Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 3.9 фоизини хорижий сармоялар ташкил этган. Бу кўрсаткич Қозоғистон мисолида 7.3%, Туркманистонда 11.35%, Қирғизистонда 11.19%, Тожикистонда эса 0.17 %дан иборат бўлган.

Бундан ташқари, АҚШ Президенти қошидаги Савдо вакиллик идораси ҳисоботида келтирилишича, 2012 йилда АҚШдан Ўзбекистонга 71 миллион, Қозоғистонга эса 11.4 миллиард доллар сармоя кирган.

Ўзбекистонда сармояга муҳтож, маблағ киритилса ривожланиш истиқболи порлоқ бўлган секторлар кўп. Масалан, аниқланган минерал депозитларининг ўзи 3 триллион долларлик бозор ҳисобланади. Шунингдек, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, электр, озиқ овқат, оғир ва енгил саноат, машинасозлик каби бир қатор йўналишларда ташқи сармоядорлар учун қулай имкониятлар мавжуд.

Шунча салоҳият, жозибали бозор бўлатуриб, хорижий сармоядорлар Ўзбекистондан ўзини олиб қочаётгани, Ўзбекистон бозорига кирганлари ҳам чиқиб кетишга тараддудига тушаётганининг олдини олиш мақсадида мақолада қуйидаги таклифлар илгари сурилади:

1. Ўзбекистон ташқи инвестицияни жалб қилиш, эркин иқтисодий имкониятларни яратиш аҳдида жиддий бўлса, ишни маҳаллий бизнеслар учун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатланган тизимини яратишдан бошлаши керак.

2. Хорижий сармоядорлар бу ерда иш бошламоқчи бўлса, аввало, ўлчовни маҳаллий бизнеслар фаолиятига қараб олади. Бунинг учун тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи давлат бошқармалари ва қонунларнинг борлиги кифоя қилмайди. Балки тадбиркорлик ҳуқуқларини судда эркин ва адолатли ҳимоя қилиш имконияти ва кафолатининг мавжудлиги янада муҳимроқдир.

3. “Тадбиркорларимиз ўз ҳуқуқларини билмайди” қабилидаги гапларни кўп эшитамиз. Аслида тадбиркор ҳар бир ҳуқуқини яхши билиши шарт эмас. Қонунда белгиланган ҳуқуқларидан самарали фойдаланиши ва уларни ҳимоя қилиши учун тадбиркор малакали адвокат хизматига мурожаат қилади. Демак, аввало, ана шу ҳуқиқий ҳимоя тизимлари мустаҳкамлаш ҳамда улар фаолиятига давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг беҳуда аралашувига йўл қўймаслик керак.

4. Эркин иқтисодий фаолият юритишнинг кафолати қонун устига қонун қабул қилиш билангина амалга ошмаслигини тушуниш учун етарлича тажрибага эга бўлдик. Хавфсизликни бирламчи билган давлат идоралари ва эркинликни талаб қилувчи фуқаролик жамияти ўртасидаги мувозанат мустақил суд фаолияти билан белгиланмас экан, хавфсизликни таъминлаш номидан иқтисодий эркинлик ҳуқуқлари поймол бўлишда давом этаверади.

5. Том маънодаги иқтисодий эркинликкина ҳақиқий тараққиёт келтиради. Пул иқтисодий эркинлик хавф остида бўлган жамиятларга қараб эмас, балки хавфсизлик билан эркинлик ўртасида нозик мувозанатни қура олган ва эркинликнинг хавфсизлиги таъминланган давлатларга қараб оқади. Эркинлик хавфсизлик учун хавф эмас, балки хавфсизликнинг кафолатидир. Ҳокимиятнинг асл эгалари бўлган халқнинг ҳуқуқ ва эркинликлари топталишига ҳамда хусусий мулк дахлсизлиги тамойилининг бузилишига олиб борувчи йўл ҳеч қачон фаровон ҳаётга олиб бормаган.

Мақола муаллифи санаб ўтган таклифлар мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда табиий бойликларидан унумли фойдаланиш ва асосийси Ўзбекистонда иқтисодий эркинликни таъминлашда ғоят муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Бироқ, бу таклифларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун эса ҳукуматда етарлича сиёсий ирода бўлмоғи лозим. Айниқса, Ўзбекистон каби хавфсизлик тизимлари орқали кучли назорат остида бошқариладиган ва коррупция домида ботган давлатларда тубдан сиёсий ислоҳотлар ўтказилмас экан, иқтисодий эркинликка йўл очилиши амримаҳол.

ЎХҲ ахборот бўлими