Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатди

Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатди
24 views
16 April 2014 - 12:28

img1414m

Ўш шаҳрида 14 апрел куни эрта тонгдан аҳоли газсиз қолди, дея хабар беради Turmush.kg нашри.

Ўшнинг газ хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишни тўхтатди. Газ етказиб беришни тўхтатилишига сабаб “Қирғизгаз” ва “Ўзбектрансгаз” ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича тузилган шартнома муддатининг тугагани бўлган.

Ўзбекистоннинг “Ўзтрансгаз” компанияси билан имзоланган шартномада, агар “Қирғизгаз” ўз эгасини ўзгартирадиган бўлса, Қирғизистонга газ етказиб берилиши тўхтатилиши кўзда тутилган.

Энди “Ўзбектрансгаз” табиий газ етказиб бериш бўйича “Қирғизгаз” сотилган “Газпром” билан битим имзолайди.

“Қирғизгаз» вакилларининг маълум қилишларича, Ўзбекистон билан янги шартнома бўйича музокараларни “Қирғизгаз”ни 1 долларга сотиб олган Россиянинг «Газпром» вакиллари олиб бориши режалаштирилган, бироқ “Қирғизгаз”нинг сотилиши билан боғлиқ жараён чўзилиб кетгани сабаб, Ўзбекистон томони билан вақтида шартнома имзолаш имкони бўлмаган.

“Қирғизгаз” ЁАЖ раҳбарияти ҳозирда Москвада мазкур масалани ҳал қилмоқда. Газ узатиш тизими қачон тикланиши ҳозирча номаълум.

Айни пайтда Қозоғистон Қирғизистоннинг шимолига газ етказиб бериш бўйича шартномани 2014 йилнинг иккинчи чораги учун узайтирди. Бу ҳақда, “Қирғизгаз” компанияси матбуот хизматига асосланиб, Tengrinews.kz хабар тарқатди.

Келишув бўйича, “Қозоқтрансгаз” компанияси қўшни республикага 100 миллион кубометр газни ҳар минг кубометрини 224 доллардан етказиб беради. Шундай қилиб, Қирғизистон шимолида газ таъминоти билан боғлиқ узилишлар бўлмайди. Қозоғистон газ тўлиқ ҳажмда етказиб берилишини, Қирғизистон эса тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлаган.

УХҲ ахборот бўлими