Дўстназар Худойназар: “Ҳамма нарса пулга боғлиқ”

Дўстназар Худойназар: “Ҳамма нарса пулга боғлиқ”
78 views
22 April 2014 - 10:48

Йигирма биринчи асрда ҳамма нарса пулга боғлиқ, балки ўтган замонларда ҳам замонани пул бошқаргандир ёки диний қараш бошқаргандир, буниси менга коронғу.

Менинг бугунги дунё қарашим бутунлай ўзгарди, яъни сиёсий дунё қарашим. Мен олдин ўйлаган ғарбнинг демократияси йўқ энди, яъни бугун дунёни пул бошқаради. Бугунги кунда  давлатларда содир бўлаётган тўнтаришлар замирида ҳам пул турибди, урушлар ортида ҳам пул турибди.

Пул билан яхшини ёмонга, ёмонни яхшига айлантириб кўрсатиш мумкин, бироқ омма ҳаммасини кўриб билиб туриб ҳам сукут сақлаши мумкин. Бугунги кунда бутун дунё диққат марказида бўлган Украинадаги “майдон”да ва шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқларда бўлиб, ўз кўзим билан кўриб, инсонлар билан суҳбатлашиб шунга амин бўлдимки – бугун халқларни қулга айлантирувчи куч бу – пулдир. У кимда кўп бўлса ғалаба шуники.
Украина ҳарбий қисмида хизмат қилувчи бир сержантнинг турмуш ўртоғи ва тўрт ёшли фарзанди билан суҳбатлашиб қолдим.

Йул четида  боласи билан ёмғирда турган аёлни кўриб бефарқ ўтиб кета олмадим, ҳайдовчидан илтимос қилиб “кел  шуларни олиб кетайлик” – десам ҳа мени ҳам ҳаёлимдан ўтди шу фикр, деб машинани тўхтатиб қайтиб олди. Ёмғирда шалаббо бўлиб кетган она ва тўрт ёшли бола машинамизга тортиниброқ ўтиришди. Онаси пинжига кириб олган бола бир неча минутдан сўнг бир оз ўзига келиб қолди. Болакайнинг исми Андрей онасининг исми эса Лена экан. Мен уларни суҳбатга тортиб шу ёмгирда қаердан келишларини ва қаерга боришларини сўрадим. Йўлимиз деярли бир экан. Улар Львов вилоятида хизмат қилаётган оталарининг ёнидан қайтишаётган экан, пулари тугаб қолибди. Шу сабабли катта йулга чиқишга ва қўл кўтариб туришга мажбур бўлишибди.

donetsk-1

Ленанинг айтишича эри десант ҳарбий булимида хизмат қиларкан. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳарбий бўлимда солдатларга бир кунда ярим буханка нон ва уч банка килки, яъни балиқ консерваси беришаркан холос. Мен буни эшитиб: “Нега? Ҳарбий бўлимларда ўз ошхонаси бўладику!” – десам, у кулиб сиз хизмат қилган замонлар ўтиб кетган деди. Мен Киев майдонида турганларни, оддий майдон иштрокчисининг кунига 25 доллар пул олишларини эсладим. Бундан ташқари, бир неча кун олдин Мариупольда майдонга таклиф этишганини ва майдонга йиғилганлар сони беш мингга етса мен ҳар куни 350 доллардан пул оламан деб гапирган украин йигитни эсладим.

Кизиғи шундаки, давлат таъминотида бўлган ватан ҳимоячилари бугунги кунда  бир кунда уч банка килки ва ярим буханка нон олса  майдонда турган одий тўс-тўполончи 25 доллар олади. Ўнбоши, элликбоши ёки юзбошилар қанчадан пул оладилар буниси номаълум.

donetsk-2

Йулимиз ҳали узоқ бўлсада она болани катта йўлдан 12 км четроқда бўлган қишлоқларига ташлаб ўтдик. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики Украинадаги бўлаётган ҳодисалар халқнинг хоҳиши эмас, балки  бу эллик ёки отмишга яқин чўнтаги пулга тўлган депутатларнинг хоҳишлари эканлигидир. Бундан бошқа нарса эмас… Чунки “русофоб”лар ҳам пул олганликлари сабабли кўчага чиққанлар, майдондагилар ҳам пул олганликлари сабаб майдонда турибдилар. Оддий халқнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
БТР (зирхли транспорт) ва танклар устида маскалар кийиб марди-майдон бўлиб юрганларда ҳам ватанга бўлган туйғу йўқ. Уларнинг ҳам ҳар бири бугунги кунда оладиган пулини ўйлайди холос.

Мен Донецк, Мариуполь ва Запорожье шаҳарларида бўлдим. Танк ва БТРларда кўкрак кериб маска кийиб юрганлар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Ҳозирги ҳукуматдагиларнинг ҳар қандай йўллар билан ҳолатни кўпиртириб кўрсатаётганлигининг, янгидан янги фитналар уюштираётганликларининг гувоҳи бўлдим.

Ўз навбатида, Россия айғокчиларининг ҳам фитна чиқарувчи ҳарактларини кўрдим. Ҳаммасининг замирида пул эканлигини кўрдим. Украина халқи  бу жанжаллардан ҳеч нарсага эришмайди, балки яшаш шароитлари янада оғирлашади холос.

Қишлоқ аҳолиси қишлоқ хўжалик ишлари билан машғул. Халқда пул бор. Ҳукумат жар солгани каби Янукович бир кунда банклардаги ва давлат хазинасидаги пулларни олиб кета олмабди.

Интернетдаги аксариат маълумотлар ёлғондир. Чунки Мариупольда ҳарбий бўлимга 400 киши ҳужум қилгани йўк. Аммо, ёнилғиси тугагунча иккита қирувчи самолёт шаҳар устида парвоз қилиб одамларни уйқудан уйғотиб қўрқув солиб турди.

donetsk-3

Шаҳарларга кириш чиқишда турган блок-постлар ҳам барчаси хўжакўрсинга, чунки, мен кеча 900 км йўл босиб деярли барча шарқий шаҳарларда ўндан ортиқ блок-постлардан ўтдим. Ҳеч бирида тўхтатиб сидқи-дилдан машина юкхонасини текширишгани йўқ ёки менинг ҳужжатимни ҳам сўрашгани йўқ. Номигагина салом-алик қилгандан сўнг бизни ўтказиб юборишди холос.

Дўстназар Худойназар

20.04.2014