Ўзбекистонлик муҳожир: “Сиз бизнинг орзуимизни ўғирладингиз жаноб президент!”

Ўзбекистонлик муҳожир: “Сиз бизнинг орзуимизни ўғирладингиз жаноб президент!”
30 views
25 April 2014 - 14:08

abdullayevШу йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистонлик ўзини Фурқат Раҳматуллаев деб таништирган меҳнат муҳожири Youtube орқали президент И. Каримовга мурожаат қилиб уни давлатни бошқаришда лаёқатсизликда айблади. У Каримовнинг бошқарув йилларида диктаторлик режимини сақлашга қаратилган тоталитар тизим яратилганини таъкидлайди.

“СССР парчаланганидан сўнг бизнинг буюк давлат қуриш орзуимиз бор эди. Сизнинг 23 йиллик бошқарувингизда биз нимага эришдик? Сиз бизнинг орзуимизни ўғирладингиз жаноб президент! Буюк давлат ўрнига иқтисодий жиҳатдан боши берк йўлга кириб қолдик. Барча йирик корхоналар инқирозда, ёки банкрот ҳолатида ёки талон-тарож қилинган. Биз саноатлашган ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ўрнига бошқа давлатларнинг ҳом ашё етказиб бериш манбаига айланиб қолдик”, – дея таъкидлайди Раҳматуллаев.

Бундан ташқари Раҳматуллаев ўз мурожаатида давлат бошқарув тизимига ҳам тўхталиб қуйидагича мурожаат қилади:

“Давлат тузилмаларида эса энг қуйидан бошлаб тепагача, сизнинг вазирларингизгача коррупцияга ботган. Сиз давлат ҳокимиятининг шундай вертикал шаклини яратдингизки, ҳатто энди ўзинингиз ҳам қўл остингиздагиларни назорат қила олмаяпсиз. Янада қуйироқдагилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу сабабли ҳам ўз қўл остингиздаги барча йирик мансабдор шахсларнинг ҳорижга чиқишлари учун шахсан ўзингиздан рухсат олишлари лозимлиги тўғрисида фармон бердингиз. Бунинг маъноси шуки, кемангиздаги барча каламушлар қочишни бошлаган, сиз эса уларни тўхтатиб қолиб “чўксак ҳаммамиз бирга чўкамиз” -демоқдасиз”.

Бугунги кунгача видео роликни 46 минга яқин одам томоша қилган. Рахматуллев ўз мурожаатининг 12 минутида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги муаммоларини санаб ўтади ва Ислом Каримовни давлатни бошқариш лаёқатига эга эмасликда айблайди.

Бундан ташқари, Рахматуллаев Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзбошимчалигини ва бутун мамлакатнинг коррупцияга домига тушиб қолганини таъкидлайди.

Қуйида Фурқат Раҳматуллаевнинг видео ролик орқали қилган мурожаатини тўлиқ тинглашингиз мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими