Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари тизимига ўзгаришлар киритилди

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари тизимига ўзгаришлар киритилди
30 views
08 May 2014 - 10:28

dtmdtmЎзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовлари тартиби ва тизими тубдан янгиланган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) директори Жаҳонгир Исмоилов ЎзАга берган интервюсида маълум қилган.

Жаҳонгир Имоиловнинг таъкидлашича, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари тизимига янгиликлар киритилган. Давлат раҳбарининг 2014-йил 30-апрелдаги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2014-йил 1-майда Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган ва тегишли масалалар муҳокама этилган.

Мажлисда маълум қилинишича, 2014/2015-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда математика фани бўйича тест синовларига информатика ва ахборот технологияларига тааллуқли савол ҳамда топшириқлар киритилмоқда. Мисол учун, математика бўйича 30 савол, информатика ва ахборот технологиялари бўйича 6 савол киритилди.

Тест синовларига математика фани ҳам киритиладиган 168 таълим йўналишининг 108 таси бўйича имтиҳонларга юқорида қайд этилган масалаларни жорий этиш кутилмоқда. Чунончи, “Математика фанини ўқитиш услуби”, “Физика ва астрономия фанини ўқитиш услуби”, “Кимё фанини ўқитиш услуби”, “Физика”, “Иқтисодиёт”, “Солиқ ва солиққа тортиш”, “Электроника ва асбобсозлик” ва бошқа таълим йўналишлари шулар жумласидандир.

Абитуриентларнинг билим даражасини аниқлашда (3,1 балл даражасида баҳоланади) мутахассислик бўйича фанлар ролини тубдан ошириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилишда тест синовларига киритилган фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда янгилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

ДТМ директорининг қайд этишича, Президентнинг 2012-йил 10-декабрда “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2014-йил тест синовлари тизимига 24 таълим йўналишида чет тиллар бўйича тест синовлари жорий этилади. Чет тиллар бўйича тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 дан 59 тага етади.

Жорий йилдан чет тили киритиладиган таълим йўналишларига “Ташишларни ташкил этиш ва транспорт логистикаси” (транспорт турлари бўйича), “Радиоэлектрон ускуналар ва тизимлар” (соҳалар бўйича), “Телекоммуникатсия”, “Информатика ва ахборот технологиялари” (соҳалар бўйича), “Ахборот хавфсизлиги” (соҳалар бўйича), “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” (соҳалар бўйича), “Энергетика”, “Автомобил ва тракторсозлик” кабилар мисол қилиш мумкин.

Таълим йўналишлари таҳлил этилиб, 43 таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар, жумладан, 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди. “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефт ва газ конларига ишлов бериш ҳамда улардан фойдаланиш”, “Электротехника, электромеханика ва электр технологиялари” (соҳалар бўйича), “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” (соҳалар бўйича) ва бошқа йўналишларда фан блоклари ўзгартирилди.

Яна шуни қайд этиш керакки, жорий йилдан физика асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари сони бештадан 20 тага кўпайтирилди. Булар, масалан, “Механика”, “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефт, газ ва кимё саноати технологияси”, “Электротехника, электромеханика, электр технологиялари” йўналишларидир.

Биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони 18 тадан 21 тага кўпайди. “Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик”, “Зоотехния” (турлар бўйича), “Ветеринария” ва бошқалар шулар жумласидандир.

Имоиловнинг қўшимча қилишича, 2014-йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кирадиган абитуриентлар тест синовидан ўтказиладиган фанлар бўйича савол ҳамда топшириқлар рўйхати ҳам қайта кўриб чиқилган. Бунинг учун тест саволларини тузиш бўйича экспертлар гуруҳи таркибига олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, академик литсей ва касб-ҳунар коллежларининг 200 га яқин тажрибали ўқитувчиси, юқори малакали мутахассислар, илмий кадрлар жалб этилган.

ЎХҲ ахборот бўлими