Ўз фарзандларига оталик қила олмаган кимса, халққа “ота” бўла оладими?

Ўз фарзандларига оталик қила олмаган кимса, халққа “ота” бўла оладими?
31 views
26 May 2014 - 10:54

ota-bo`la-olmaydiБизни бу мавзуда сиз билан сухбатлашишга ундаган нарса халқимиз орасидаги Каримовга нисбатан “Ота” деган тушунчага келиб қолган инсонларнинг борлиги бўлди.

Ота деганда биз кимни тушунамиз? Ёшлигимизда бизни хурсанд қилиш учун “от” бўлиб устига миндирган, бизнинг хурсандчиликни ўзининг хурсандчилигидек қабул қилган зот эмасми? Энг аввало бизларни бу хаётдаги биринчи устозимиз, отамиз эмасми? Ота бизнинг манфаатимиз учун ўз манфаатидан кўз юмиб воз кеча оладиган инсонми? Бизларни нафақат боқиб катта қилган, балки кўчага етаклаб олиб чиққан, фидоийларча бизларни химоя қилиш учун тайёр турган эмасми? Хар доим тўғри йўлдан юришимиз учун, хатто ўзимиз ота бўлиб қолсак ҳам ўз насихатларини аямайдиган инсон деб билмаймизми? Бирор дардга чалинганимизда ичидаги ғамни билдирмай қалбидан эзиладиган, дарддан фориғ бўлишимиз учун югуриб, еладиган инсон отамиз эмасми? …

Хуллас бундай таърифларни тугатиш қийин, лекин биз кимни отамизга қиёслаябмиз, бир фикрлаб, ўйлаб кўрайликчи? Биз отамизни, мансаб учун хар қандай разилликка боришини хохлаймизми? Ота дейишдан аввал у одам тўғрисида “ота дейишга лойиқми?” – деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик.

Бу одамнинг разил ишлари тўғрисида халқ жуда яхши билади, ташқарида айта олмаса ҳам ичида нафратланиши табиий. Чунки халқнинг бошига не кўйларга солаётганини, қандай зулмлар билан хорлаётганини кўриб билиб турибмиз. Шунинг учун халқ ўртасида бир биридан шубхаланиш, “давлат одами”, “сотқин” – деган сўзларга кўп гувох бўламиз ва хатто яқинларимизга ҳам ичимиздагини айта олмаймиз.

Бугун халққа қилганларини эмас, балки ўз оиласида қандай ота эканлиги тўғрисида Озодликдан олинган маълумотлардан фойдаланиб ўз бахоимизни берсак.

Катта қизининг ижтимоий тармоқларда ярим яланғоч суратлари тарқаганидан барчамиз хабардормиз.

Энди кичик қизи тўғрисидаги маълумотга эътиборингизни тортаман:

“”Каримова одатда Тошкентда битта бўлган Porsche Cayenne S Sports Utility машинасида кечки соат 10 ларда, анъанавий рақслар шоуси бошланишига келади ва тонг саҳаргача дабдабали дискотекада ҳолдан тойгунча рақсга тушади. Ўзи учун ажратилган махсус кабинада, тўртта тан соқчисининг ҳимояси остида ўтирадиган Лола Каримова сезиларли миқдорда алкогол ичимликларни ичиб, рақсга тушади. “Бархан” клубининг “Тимур” деб танилган хўжайини ва Каримованинг бандитларга ўхшаган йигити навбатма-навбат у билан рақсга тушади”¸ деб ëзилади АҚШ дипломатларининг Вашингтонга йўллаган махфий ëзувларида”.

Фарзандлар ўртасидаги муносабатга келсак кичиги каттасини судга бериш ниятидагилигини айтган эди:
“Лола Каримова-Тиллаева бу айбловлар юзасидан изоҳ беришдан тийилиб келгани, лекин мавжуд вазиятда, яъни Гулнора Каримова томонидан ўзи ва турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевга нисбатан “ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўҳтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти” дея баён қилди”.

Оила пароканда, яқиндагина катта қизи муаммолар гирдобида қолганида ўз онасига нисбатан қандай айблар қўйгани тўғрисида бутун дунё хабардор бўлди. Онаси тўғрисида билдирган фикрларини сизга хавола қиламиз:
“Оиламизда пулга сиғиниш ҳеч кимда бўлмаган. Кейинчалик у онамда пайдо бўлди”, деб ёзди @GulnaraKarimova.

“Бошқаларга муҳаббат бера олмаслиги жаҳлни чиқарадими? Йўқ! Унга ачинаман! У севиш нима эканини билмайдику! Афтидан у ҳеч қачон ҳеч кимни севмаган!”, дея ёзди Каримова”.

Яна бир маълумотга эътиборингизни қаратамиз, бу жуда ҳам хайратланарли:

“Мени симобга ўхшаган оғир метал билан заҳарлашга ҳаракат қилишди. Худонинг хоҳиши билан мени оёқдан йиқита олганлари йўқ. Лекин ҳануз даволанаяпман”, дея ёзган Каримова бу воқеа қачон, қаерда, ким томонидан қилинганини очиқланмаган”.

Бу захарланишни онасидан кўрган!!!

Бундан ташқари бу ота ўз манфаати учун шу катта қизини қурбон қилишга ҳам тайёр эканлигини билдик, яъни душманлари тўрига ўз қизини ташлаб хукуматдаги ўрнини мустахкамлашга харакат қилди.

Оиладаги холатдан кўрадиган бўлсак, ота ўз вазифасини бажармаганлиги яққол намоён бўлади. Энди ўз оиласида, фарзандларига оталик қила олмаган инсон қандай қилиб бошқаларга оталик қилиши мумкин? Улар нимага буни “ота” дейишмоқда?

Хуллас оталикка лойиқ инсон аввал ўз оиласида ўрнак бўлади, хавас қилгулик даражада оталик қилаолганда ҳам бошқа гап эди. Албатта шахсий суратда ўзлари бундай отани хавас қилишиб, ота ўрнида кўришса бу уларнинг иши, лекин халқ номидан бу ишни қилишлари иқтисодий етишмовчилик бўлишини бахона қилиб кўпайишни олдини олиш мақсадида аёлларни ўзларидан ҳам сўрамай сунъий стерилизациялашни буюрган одамга нисбатан ота дейилиши анчайин хато бўлади. Албатта бундан бошқа ҳам кўплаб хатоларини кўзи очиқ инсонлар кўриб, хис қилиб турибдилар.

Абдумалик Ибн Марвон
26.05.2014