Каримов ҳукумати яна “огоҳликка даъват” қилмоқда

Каримов ҳукумати яна “огоҳликка даъват” қилмоқда
38 views
27 May 2014 - 8:03

5Шу кунларда Тошкент шаҳар бозорларининг маъмуриятлари бозорда посбон ва сардор бўлиб ишлайдиган шахслар (ҳукуматнинг расмий “қулоқ”лари) билан махсус йиғилишлар ўтказиб, уларни огоҳликка ва сергаликка чақиришни бошлади.

Ўтказилаётган йиғилишларда айтилишича, гўёки, “ шу йилнинг март-апрель ойларида қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга 200 исломий жангари кириб келган. Яна 300 та жиҳодчи Ўзбекистонга киришга шай турибди. Улар республикадаги конституцион тузумни ағдариб, бу ерда Ислом давлати қуришмоқчи”, эмиш. Шундай мазмундаги йиғилишлар ҳозирча “Олой”, “Фарҳод” ва “Эски Жўва” бозорларида ўтказилган.

Бундай йиғилишлардан чиққан “қулоқ”лар ўзлари ишонган сотувчиларни ҳам “исломий жангарилар ҳавфи”дан огоҳлантиришмоқда. Уларнинг айтишича, яқинда ҳарбийларнинг “усиленний” режимга ўтказилиши ҳам ана шу жангариларнинг кириб келгани билан боғлиқ эмиш.

Бундай хабарларни эшитган фуқаролар, айниқса, ўзи шундоқ ҳам қўрқоқ кишилар Антон Чеховнинг қаҳрамони Беликовга ўхшаб: “Ишқилиб, бир ишкал чиқмаса бўлди”, деб, ваҳимага тушиб қолишган.

Тошкентдаги мухбиримиз