Ўзбекистонда энг кўп интерактив мурожаат ИИВга бўлган

Ўзбекистонда энг кўп интерактив мурожаат ИИВга бўлган
29 views
31 May 2014 - 15:50

interaktiv-IIBДавлат интерактив хизматлари ягона портали (ДИХЯП) интерактив хизмат кўрсатиш сифати бўйича рейтингларни эълон қилишни бошлади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди. Давлат интерактив хизматлари ягона порталида бу борадаги биринчи рейтинглар эълон қилинди.

Хабарда айтилишича бундан кейин рейтинглар доимий равишда эълон қилиб борилади.

Рейтингларни ҳисоблашда фойдаланувчилар томонидан давлат органларига қўйилган баҳолар инобатга олиниши таъкидланади. Бироқ порталнинг маълум қилишича фойдаланувчиларнинг аксарияти ўзларининг давлат органига баҳо бериш ҳуқуқидан фойдаланишмаяпди.

Эълон қилинган рейтинга кўра энг кўп мурожаат қилинган давлат органи Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бўлиб, унга 2056 та мурожаат келиб тушган. Бироқ, ушбу кўрсатилган рақам қайси муддат оралиғида эканлиги айтилмаган.

Мурожаатлар сони бўйича ИИВдан кейин етакчиликни “Узархив” Агентлиги эгаллаган. Агентликка 1052 та фуқародан мурожаатлар келиб тушган. Ундан кейинги ўринларни эса Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Адлия вазирлиги эгаллаган.

Шу билан бирга портал фуқароларнинг мурожаатларини қаноатлантириш бўйича ҳам давлат органлари рейтингини маълум қилади. Унга кўра “Узвиносаноат-холдинг” компанияси биринчи ўринга қўйилган. Кейинги ўринларни эса, ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва “Ипотека-банк” эгаллаган. Хабарда таъкидланишича мурожаатларни қаноатлантириш бўйича рейтингни ҳисоблашда фаолияти 15 дан ортиқ фойдаланувчи тарафидан баҳоланган муассаса ва ташкилотлар киритилган.

Бундан ташқари, порталда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича муассасаларнинг энг ёмон бешталигини ҳам эълон қилган. Ушбу ёмонлар бешталигида етакчилик Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳокимиятига берилган. Ундан кейинги ўринларга Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ҳокимияти, Ўзбекистон фермерлар Кенгаши, Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Чироқчи туманлари ҳокимиятлари киритилган.

Давлат интерактив хизматлари ягона порталида фойдаланувчига истаган соҳа бўйича истаган давлат органига мурожаат қилишлари мумкинлиги таъкидланади. Бироқ, келтирилган давлат органлари рўйхатида президент Девони келтирилмаган ёки шахсан президентга қай тарзда интерактив мурожаат қилиш тартиби мавжуд эмас.

Бундан ташқари, порталда фуқаролар интерактив мурожаат қилишлари учун давлат қўмиталари номлари рўйхати келтирилган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрдаги 278-сон қарорида: “Ўзбекистон ССР иттифоқ-республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига айлантирилсин (республика қўмитаси ҳуқуқида)”, -дейилади.

Мазкур ҳужжатга кўра МХХ ҳуқуқий мақомига кўра давлат қўмитаси ҳисобланади. Бироқ, рўйхатда берилган тўққизта давлат қўмитасидан иборат рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати номи киритилмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими