Пайғамбарлар тарихи (22). Зулқарнайн Алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (22). Зулқарнайн Алайҳиссалом
191 views
06 June 2014 - 9:55

pt1-191x300Зулқарнайн алайҳиссаломнинг келиб чиқиши пайғамбар бўлиши

Зулқарнайн алайҳиссаломнинг исми, уруғи ва пайғамбар бўлиб, бўлмагани ҳақида кўп ва чалкаш ривоятлар мавжуд. Унинг Саъб бин Абдуллоҳ ул-Қаҳтоний бўлганлиги ривоят этилганидек, отасининг ҳимoрийлардан эканлиги ҳам айтилади (1). Ибн Ҳабиб Ҳимор қиролларининг исмларини Ҳишом бин Калбдан китобига кўчирар экан, Саъб бин Карим бин Ҳамолни Аллоҳу Таоло ўз китобида “Зулқарнайн бин Ҳамолга эса, “Туббо“ исмини берганини қайд этади (2).

Зулқарнайн алайҳиссалом ҳақида “ҳам набий эди, ҳам расул эди“, деганлар қаторида (3), у “расул бўлмаган бир набий эди”, деганлар ҳам бордир (4). Ҳазрати Алига кўра, Зулқарнайн алайҳиссалом на бир набий эди, на-да қирол. У Аллоҳнинг солиҳ бир қули эдики, у Аллоҳни севмиш, Аллоҳ ҳам уни севган эди (5).

Зулқарнайн алайҳиссаломнинг фазилатлари

Бошқа ҳеч кимсага берилмаган имкон ва сабаблар Зулқарнайн алайҳиссаломга берилганди. Ер юзининг шарқи, ғарби, ҳатто инсон оёғи тегмаган тупроқларга ҳам бoрган ва барча борилган ўлкаларни фатҳ этганди (6).
– Зулқарнайннинг Ер юзининг шарқи, ғарбига бориб улгуришга қандай кучи етганлиги ҳақида сенинг фикринг қандай?, – деб сўраганларида, Ҳазрати Али:
– Булутлар унга йўлини тезлаштирар, эгри йўллар тўғирланар, унинг олдида ёйилар, кеча-кундуз унга бир бўлар эди, – деди (7).

Қуръони Каримда Зулқарнайн ҳақидаги баён

(Эй расулим,) яна сeндан Зулқарнайн ҳақида сўраяжаклар. Айт: “Энди мeн сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман”. Ҳақиқатдан Биз унга (Зулқарнайнга) бу eрда салтанат‑ҳукумронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл – имконият ато этдик. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, у (қуёшнинг) бир лoйқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди.

Биз: “Эй Зулқарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан”, – дедик. У айтди: “Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат‑жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон‑eнгилларини буюрурмиз.” Сўнгрa, у (шарққа қараб) йўл олди. То (кетаётиб) кун чиқишга eтиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавми устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик. Xудди илгаригидек бўлди (яъни Зулқарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомaласини қилди). Аниқки, биз уни барча ишларидан xабардормиз (уни) иҳота қилиб олгандирмиз. Сўнгра у яна йўл олди. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига eтиб келгач , у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар:
– Эй Зулқарнайн, шак шубҳасиз (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж-Маъжуж (қабилалари), ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, (биз билан уларнинг ўртасига) бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?, – дедилар.
У (Зулқарнайн) айтди:
– Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунёдан билан эмас, балки) куч қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир дeвoр бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар. То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зулқарнайн: Босқонлар билан) дам уринглар, – деди. Бас, қачон у (темир терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эригач), деди:
– Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишига ҳам, уни тешиб ўтишига ҳам қодир эмаслар. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қоим бўлишига яқин қолганида) ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир, – деди (яна) у (8).

ИЗОҲЛАР:

1) Ибн-и Асокир. “Тарих”, 5- жилд, 254-255- бетлар.
2) Ибн-и Ҳабиб. “Китаб-ул мухаббар”, 365-366- бетлар.
3) Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 2- жилд, 103- бет.
4) Салабий. “Ароис”, 361- бет.
5) Ибн-и Иcҳоқ. “Китоб-ул мубтадо вал-маъбос”, 5- жилд, 185- бет; Ибн-и Асокир. “Тарих”, 5- жилд, 256- бет.
6) Ибн-и Иcҳоқ Ибн-и Ҳишом. “Сиро”, 1- жилд, 328- бет.
7) Ибн-и Иcҳоқ. “Китоб-ул мубтадо вал-маъбос”, 5- жилд, 185- бет.
8) Каҳф сураси, 83-98- оятлар.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.