Туркманистон Оврўпага муқобил газ беради

Туркманистон Оврўпага муқобил газ беради
73 views
07 June 2014 - 11:34

3

Туркия ва Туркманистон ўртасида энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш борасида ушбу ҳафтада икки мамлакат президентлари келишиб олишди. Бу ҳақда WordYou нашри хабар берди. Мутахассисларнинг фикрича Абдуллоҳ Гулнинг Қурбонқули Бердимуҳамедов билан учрашуви натижалари бутун дунё учун муҳим бир мужда ҳисобланади.

“Ўзининг россия табиий газига қарамлигини камайтиришга интилган Оврўпа туркман гази етказиб берилишидан ҳар қачонгидан кўпроқ манфаатдордир”, – деб қайд этади Анқарадаги стратегик таҳлиллар Халқаро Марказининг Кавказ ва Каспий минтақаси бўйича мутахассиси Гунер Ўзкан.

Каспий денгизи ёки Эрон орқали ўтиб Туркиядан Оврўпага узанадиган газ қувури табиий газ заҳиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи Туркманистон учун “энг маъқул йўналишдир”, – дейди у “Анадўли” агентлигига берган интервьюсида.

Сўнги пайтларда эрон иқтисодиётига қарши ғарб санцияларининг бироз юмшатила бошланиши Туркия, Эрон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида энергетика махсулотлари савдосига имкон беради.

Шунга қарамасдан, мутахассиснинг фикрига кўра, Каспий минтақасидаги энг кучли ўйинчи бўлган Россиянинг ўз газига муқобил бўладиган бир лойиҳанинг амалга ошишига тўғаноқ бўлмайди деб ҳисоблаш нотўғридир.

“Яқинда Россия ва Хитой ўртасида имзоланган 400 млрд. долларлик битим Хитой билан газ нархи билан боғлиқ музокараларда Туркманистоннинг позициясини зайифлаштиради. Туркманистоннинг ҳам муқобил бозорларга эҳтиёжи бор, ва бу нуқтаи назардан Туркия орқали Оврўпага чиқиш фавқулотда муҳим аҳамият касб этади”, – дея қўшимча қилди Ўзкан.

Туркманистон ҳозирда Хитойга табиий газ етказиб берувчи энг йирик давлатдир. Мамлакат йилига экспорт қиладиган 80 млрд. кубометр газнинг ярмидан кўпроғи (52 фоизи) хитойлик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.

Яна 24 фоизини Россия, 22% – Эрон ва қолган 2% – бошқа собиқ Совет Иттифоқи давлатлари сотиб олади.

Туркия-туркман лойиҳасини амалга оширишдаги асосий қийинчилик Каспий денгизи орқали газ қувири ётқизиш ҳамда Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий ва ҳудудий келишмовчиликдан иборат, дея таъкидлайди Гунер Ўзкан.

ЎХҲ ахборот бўлими