Исроф, очлик ва ўлим…

Исроф, очлик ва ўлим…
44 views
13 June 2014 - 10:41

isrof, ochlik va o`lim1994 йил. Суданда бўлиб ўтган очарчилик вактида кичик қизалоқ бир неча километр узоқликдаги овқат тарқатиш пунктига йўл олган. Орқадаги ўлаксахўр эса боланинг ўлимини кутмоқда.

Суртакаш Кевин Картер ушбу сурати учун “Пулицер” мукофотига лойиқ топилди. Расмга тушириб бўлиб, у ердан дарҳол кетган Картер вақт ўтиши билан виждон азобида ўз жонига қасд қилади. Қизчанинг тақдири номаълум…

Жуда кўплаб умидлар боғланган ва бедаво муаммоларнинг ҳал этилиши кутилган XXI асрга кириб келганимизга ҳам бир мунча вақт бўлди. XX асрда инсоният ўз бошидан кечирган қирғинбарот урушлар, боши берк кўчага киритиб қўйган ижтимоий-сиёсий муаммолар ҳамда тобора ошиб боргани сайин дунё афкор оммасини ташвишга солаётган аҳоли миқдори ана шу ечимини кутаётган муаммолар сирасига киради. Буларнинг барчаси қайсидир маънода «эскириб», янги асрда «янгилари» янгича кўринишда намоён бўла бошлади. Улардан бири сифатида очарчилик ва исрофгарчилик ортидан келиб чиқаётган ўлим таҳликасини олиш мумкин…

Бугунги кунга келиб инсоният ўзи «асос солган» бир қатор занжирли муаммоларни бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳал этишга мажбур бўляпти.

XX асрда нон ва сувдек зарурий озуқа сифатида олдимизга чиққан нефт заҳираларининг тугаши, уларнинг келажак авлодгача етиб бормаслиги хавфи илм аҳлининг атом энёргияси, кейинчалик эса қуёш нуридан фойдаланиш чораларини излаб топишга ундади. Ниҳоятда тезлик билан тараққий топган давлатлар бир томондан кун сайин ўсиб бораётган аҳоли олдида коинотда яшаш учун қулай муҳитни излашга тушаркан, бошка бир томондан туғилишни назорат қилиш билан бу оғир дарддан халос бўлишга интилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айни дамда ривожланган давлатларда очарчилик унчалик ҳам жиддий кўринишга эга эмас. Шунга кўра ғарбликлар янада ҳаётдан кўпроқ баҳра олиш илинжида.

Бу борада анчагина хотиржамликка берилган бир қанча ғарбликлар ана шу ҳис ва фикр ортидан кўп овқат ейиш сабабли касалхона остоналарида шифо умидида турган бир пайтда, миллионлаб инсонлар дунё келажагини очарчилик фалокати билан башорат қилган Мелтус ва Ричардларнинг анча йиллар олдин чизиб берган сценарййсини ўйнашга шай турибди.

Гарчи дунё аҳолиси Мелтус ва Френсис Плейс маълум қилганидек, геометрик тартибда ортмаган бўлса-да, лекин аҳоли ўсиши ортидан келиб чиққан даҳшатли манзара бу борада ўзини даҳо деб билган ва сиёсий арбобларни инсонларни озиқ-овқат ва яшаш жойи билан таъминлаш борасида жиддий бош қотиришга мажбур қилмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги кунда уммонлар қаъридан то чексиз коинот кенгликларигача бўлган ҳудудларда янги ресурс ва имкониятларни излаш авж олиб кетди.

Дунёнинг бир томони очарчиликка қарши «жон олиб, жон бериб» курашар экан, бошқа бир томонда ниҳоятда тўкин-сочин ҳаёт ва исрофгарчилик халқларнинг иқтисодини еб битириб, тинкасини қуритди. Исрофнинг миқдори қанча бўлмасин, миллий иқтисодга зарари катта экани тарихий мисоллар билан исботланган. Зеро, майда-чуйда деб қаралган арзимас нарсалар бирлашиб, катта рақамларни келтириб чиқаради. Мисол учун, бир дақиқада 10 томчи сув томадиган жўмракдан бир ойда 170 тонна сувни бекорга оқиб кетишини кўпчилик билмаса ҳам керак. Кундалик ҳаётида ниҳоятда кўп гуруч истеъмол қиладиган Хитой мисолида оладиган бўлсак, бир маҳал овқатда ҳар бир хитойлик 3 граммдан гуруч исроф қилганда, умумий ҳисобда 45 минг тонна гуруч исроф бўлиши муаммонинг жиддийлигидан дарак бермайдими?

Бундан ташқари дунёда етарли ичимлик суви билан таъминланмаслик оқибатида юзага келган касалликлар туфайли қарийб 25 минг инсон оламдан кўз юммокда. Бир йиллик ҳисобда эса бу кўрсатгич 8 миллионни ташкил этади. Юзага келаётган мазкур ҳолатлар сувнинг беқиёс ўрни ва уни исроф этиб бўлмаслигини очиқ кўрсатиб турибди. Зеро аҳоли сони ўсиши билан тобора камайиб бораёт-ган чучук сув заҳираси инсоният олдида ўзига яраша алоҳида муаммо кўринишини олди. Бу ҳолат шу бугунги кун муаммоларини 14 аср олдин худди кўриб тургандек, денгиз соҳилида бўлсак ҳам сувни исроф қилмасликка чақирган Пайғамбаримиз (с.а.в.) олиб келган таълимотнинг нақадар ўринли эканини билдиради, албатта.

1983 йили амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, Туркияда 30 миллиард лиралик нон исроф этилган. Бундай катта миқдордаги пул билан 30 та йирик корхона, 8 та катта сув омбори қуриш ёки 3 мингта жамоат транспорти – автобус сотиб олиш мумкин эди. Шунингдек, ўша йили Истанбулда исроф қилиб, ахлатга ташланган бир ҳафталик нон миқдори Норвегия халқининг бир кунлик нон талабини қондирадиган даражада катта эди.

Бу борада ўзбек халқининг ҳам иши «беш». Негаки, одат тусига кириб бораётган тўй-ю маъракадаги пишириладиган овқатлардан тортиб, ким ўйлаб топгани ноъмалум кераксиз одатларни шулар жумласида санайдиган бўлсак, иқтисодий ва моддий зарарлар ўзимизнинг «ичимиз-дан» чиқаётгани очиқ кўринади. Не-не заҳматлар ва пешона теримиз билан ишлаб топган мол-давлатимизни бир кунда беҳуда совуриб, кела-жак авлодга моддий жиҳатдан яхшигина «ўрнак» бўлаётганимиз етмаётгандек, уларни маънан баркамол қилиб тарбиялаш борасида ҳам анчагина ночормиз.

Бетакрор сармоя саналмиш умр неъматини кераксиз ва фойдасиз ишлар учун сарфлаймиз. Ҳатто бу йўқотишларимизнинг фарқига ҳам бормаймиз. Қилмиш-ларимизни ювиш мақсадида эса иқтисоднинг оғирлашиб, яшашнинг қийинлашиб кетганидан нолишдан нарига ўтмаймиз. Аслида буларнинг барчаси бизнинг нималардандир ўз ўрнида ва етарлича фойдаланмаётганимиздан дарак бермайдими?

Бирлашган миллатлар ташкилотининг турли. муассасалари берган маълумотларга қараганда, ҳар куни 40 мингта бола исрофгарчиликдан келиб чиқувчи очарчилик ва озиқ-овқатларнинг яна бир кун яшаш илинжида ўлим билан курашаётган бечораларга юборилмаслиги натижасида орттирилган касалликлар туфайли нобуд бўлади. Бир йилда ўртача 19 миллион боланинг қорни тўйиб овқатланмаслиги оқибатида модда танқислиги юзага келиб дунёдан кўз юмиши инсонни ўйлантириб қўяди. Ҳозирги пайтда 800 миллион киши очлик билан юзма-юз турибди. Айниқса, 31 та камбағал давлат очликка энг кўп гирифтор давлатлар рўйхатидан жой олган.

Дунё аҳолисининг бир қисми тўкис ҳаётдан «эзилиб», исроф ичра «сузаётган» бир даврда, бошқа томонида очлик балоси болалар ва катта ёшдагиларнинг оммавий ра-вишда ютиб юбораётгани, тўғрисини айтганда, ўзининг маданий эканини даъво қилувчи халқлар шаънига уят ва зиллатдир. Жаҳон Банкидан олинган маълумотларга қараганда, ривожланган давлатларда чиқинди сифатида ташлаб юборилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари дунёда очликдан ўлаётган инсонларнинг 15 баробарини таъминлашга бемалол етади.

Очликдан инсонлар энг кўп талофат кўрган 1973-1974 йилларда дунёга қўлга киритилган 1,2 миллиард тонна донли маҳсулотларнинг 400 миллион тоннасини ривожланган давлатларда ҳайвонларига ем сифатида ишлатилган.

Юқорида келтирилган маълумотга беҳуда сарфланган оқсилли озиқ овқат маҳсулотлари кирмайди. Соя ловияси, ерёнғоқ, брюква, катан, кўпра ва палма меваси каби оқсилга бой ўсимликлардан олинган қарийб 60 миллион тонналик маҳсупот худди шу йўллар билан исроф этилган. Бунга 100 миллион тонна пахта чигитини ҳам қўшсангиз, дунёнинг баъзи ўлкаларида очлик туфайли юксалаётган фарёдлар сабаби Яратганнинг ато этган неъматла-рини ўз ўрнида эмас, масъулиятсиз ва инсофсизлик билан ишлатилаётганида экани аён бўлади.

Дунё дон маҳсулотлари етиштирилишда саноқли ўлкалардан бири бўлишимизга қарамасдан баъзан эртанги кун учун ташвишга тушиб қолишимиз қанчалик исррфгар халқ эканимизни кўрсатади. Ўрганилган маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунёда йиғилган озиқ-овқат маҳсулотлари дунё аҳолисининг 10 баробарини таъминлашга етади. Бу бизга Қуръонда баён қилинган «Енглар, ичинглар, исроф қилманглар…» ояти каримасининг қанчалик ўринли эканини кўрсатиб, исроф этилмаган тақдирда бизга бахш этилган неъматлар эҳтиёжимизни етарлича таъминлаши, ризқсизликдан ҳеч кимнинг ўлмаслиги ва ҳар кимнинг ризқи тақдири илоҳийда қатъий белгилаб берилганининг (Ҳуд, 11-6) тасдиғини дунё ҳаётида ҳам кўрсатиб беради.

Исрофгарчилик динимизда ҳам қаттиқ қораланади. Зеро бир ўтиришда икки хил овқатни «охират неъматларини еб тугатиш» деган, «тўқ қоринга овқатланишни исроф» деб билган ҳазрати Умар (р.а.) ҳамда бир, икки ва уч маҳал овқат ейиш ҳақида сўралганида биринчиси сиддиқлар, иккинчиси мўмин бандалар одати ва уч маҳал овқат ейдиган одамнинг олдига мол охурини қўйиш кераклигини айтган Саҳл Тустарийдек Исломнинг буюк олимлари ўзларининг энг қатъий муносабатларини ақл ва мантиқ эгаларига кўрсатиб берган эдилар. Қолаверса, умматлари ичида учта қўрққан н арсаларидан бири «қорин катталиги» эканини айтган Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳамда исроф қилувчиларни шайтоннинг биродарлари (Исро, 27) ва Ўзи суймаган бандалар эканини (Анъом, 141) Китобида билдириб қўйган Парвардигорнинг Ўзи масалага қатъий чорани чизиб беради. Умуман олганда динда биргина ном билан лағв деб аталиб, дунё ва охират фойдасига кирмайдиган барча беҳуда ва бефойда ишлар билан машғул бўлиш исроф туркумига киради ва қаттиқ қоралади. Шундай экан ҳақ йўлдан озмаслик ва «шайтон сафдошлари» бўлиб қолмаслик учун барчамиз инсоният кўмагига шошайлик ва уни ҳалокатдан асрайлик.

Усмон