Ўзбек муҳожири: Хабаровскда ўзбек милиционери юртдошларини чув туширмоқда

Ўзбек муҳожири: Хабаровскда ўзбек милиционери юртдошларини чув туширмоқда
84 views
19 June 2014 - 10:50

1Таҳририятимизга Россиядан боғланган ўзбек муҳожири Хабаровск шаҳар аэропортида бир ўзбек милиционери ўз юртдошлари бўлган ўзбек муҳожирларини чув тушираётгани, ҳар хил алдов йўллар билан улардан пул ундираётгани ҳақида маълум қилди.

(Муҳожир йигит исмини ошкор қилишимизни истамагани учун шартли равишда – Сардор деб қўямиз).

Сардорнинг сўзларига кўра 2011 йили Хабаровск шаҳридаги ўзбек муҳожирлари орасида катта жанжал ва тўполон келиб чиққан. Шундан сўнг бу ердаги муҳожирларни назорат қилиб туриш учун Ўзбекистон ИИВ ходими бўлган Ғайрат исмли шахс Хабаровск аэропортига вакил бўлиб келган.

“Ғайрат ИИВ одами, ёрдам бераман деб ваъда бериб одамлардан пул олади, бироқ сўзига жавоб бермайди. Масалан кўпчилик ноқонуний юрган муҳожирлар депорт бўлмаслик учун Ғайратга мурожаат қилишади. У эса муҳожирлардан 2000 рублдан пул олади, бироқ, ишни ҳам бажармайди, пул ҳам йўқ”, – дейди у.

Бу одам Ўзбекистон милицияси бўлса у ерда нима қилади ёки собиқ милициями – деган саволга жавоб бераркан – Йўқ, ҳозир ҳам ИИВ да ишлайди. Ҳамма жойда шунга ўхшаш ўзбек милицияси ходимлари бор. Масалан, Владивосток аэропортида ҳам Аваз деган ИИВ ходими ишлайди. Аслида бундан 3 йил олдин ўзбеклар катта тўполон қилишган. Шундан бери Ғайрат ака шу ерда, дейди Сардор.

Сардорнинг айтишича, бундан уч ой олдин бирга ишлайдиган Нодир исмли йигит Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатига тушган. Ҳужжатлари носозлиги учун Сардор айтаётган Ғайрат исмли ўзбек ИИВ ходимига ёрдам сўраб мурожаат қилган. ИИВ ходими бўлган Ғайрат Нодир исмли муҳожирдан ҳужжатлари йўқлиги учун 2000 рубль, депорт бўлмасдан Ўзбекистонга қайтиши учун 1500 рубль пул сўраган.

Нодир ҳам бунга рози бўлиб 3500 рубль пул берган. Бироқ Москва аэропортидаги рўйхатга олиш вақтида аэропорт милицияси Нодирни қўлга олган. Шундан сўнг Нодир Хабаровскка қўнғироқ қилиб ИИВ ходими Ғайратдан изоҳ талаб қилган ва нега бундай бўлганини сўраган. Лекин Ғайрат эса ундан пул олганини тан олмаган.

“Бу одам Ўзбекистоннинг лайчаси, тасаввур қилинг бир кунда 10 та одамни алдаб пулини олса 1500 рублдан 15000 рубль бўлади, бир ойда 450 минг. Кимдир милицияга тушиб қолса 10 минг рублгача олади”, – дея қўшимча қилади Сардор.

Сардорнинг сўзларига кўра ўзбек ИИВ ходими ҳар олти ойда бир маротаба Ўзбекистонга бориб ўзи фаолият олиб борадиган ҳудуддаги вазият бўйича ҳисобот бериб келади.

ЎХҲ ахборот бўлими