Қозоғистон топширган диндорлар “ҳануз қийноққа солинмоқда”

Қозоғистон топширган диндорлар “ҳануз қийноққа солинмоқда”
64 views
24 June 2014 - 14:20

dindorlar qiynoqda1Францияда жойлашган АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар уюшмаси) инсон ҳақлари ташкилоти уч йил аввал Қозоғистондан Ўзбекистонга топширилган 29 нафар диндорнинг ҳануз қийноққа солинаётганини айтган.

Франциялик ҳуқуқ фаоллари Қозоғистон ҳукуматидан уларга қарши қийноқ қўллангани ҳақидаги иддаоларни текшириш ва қочқинларнинг оилаларига товон пули тўлашни тезлаштиришни талаб қилганлар.

Jarayon.com сайтининг ташкилот эълон қилган баёнотдан иқтибос келтиришича, АСАТ қозоқ ҳукуматини қийноқларга шерикликда айблайди.

Ташкилотга кўра, 2012 йил ёзида маҳбусларнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни текшириш учун Ўзбекистонга йўлланган Қозоғистон дипломати ўзбек қамоқхонасида уларни қийноққа солинмаганликлари ҳақида ариза ёзиб беришга “мажбурлаган”.

АСАТ-France шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматини 2011 йил июнида Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинларни зудлик билан озод қилиш ва уларнинг жисмоний ва руҳий дахлсизсизликларини таъминлашга чақирган.

dindorlar qiynoqda2

Ватанида диндорлиги учун таъқиб қилинганини айтган 29 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчилар 2010 йил июнида Алма -Ота полицияси томонидан ушланган. Қозоқ томони уларнинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оғир жиноятлар содир этганликда гумонланиб, қидирувга берилганликларини айтган.

Қозоқ расмийлари қочқинларни бир йил давомида ҳибсда ушлаб туришган ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигининг Олма-Отадаги идораси уларни қочқинлик мақомидан маҳрум қилган.

Франциянинг инсон ҳақлари ташкилоти 2011 йилда 29 нафар қочқин номидан Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ариза топширганди. Ўз навбатида БМТ қўмитаси Қозоғистон ҳукуматига ариза кўриб чиқилгунича қочқинларни эктсрадиция қилмай туришни тавсия этган.

dindorlar qiynoqda3

Аммо шунга қарамай Қозоғистоннинг қочқинларни Ўзбекистонга топшириш қарори халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қоралашларига сабаб бўлган. Қозоқ маҳкамаси қочқинлар ватанларида диний эътиқоди туфайли таъқиб қилингани ва Ўзбекистонда қийноқларга юз тутишлари ҳақидаги даъволарни рад этган.

Ўзбекистон ҳукумати 29 нафар маҳбуснинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни шарҳламаган. Маҳбусларнинг аксарияти қийноқлар билан ном чиқарган Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасида сақланаётгани айтилади. Маҳбусларнинг Қозоғистонда қолган яқинлари учинчи давлатда бошпана топишгани ёки излашаётгани айтилади.

Манба: bbc.co.uk/uzbek