Хитой ҳукумати 380 та уйғурни ҳибсга олди

Хитой ҳукумати 380 та уйғурни ҳибсга олди
41 views
24 June 2014 - 19:14

uyg`urlar hibsxonadaХитой ҳукумати охирги бир ой ичида Шинжон ўлкасида 380 та уйғурни ҳибсга олди. Бу ҳақда хабар тарқатган Хитой давлат телеканалларининг маълумотига кўра Пекин “мусулмон айирмачи” деб атаётган уйғурларни мамлакат ғарбида содир бўлган ҳужумларда иштирок этганликда айблаган.

“32 та террорчилик ячейкалари фош қилинди”, – деб ёзади Хитой маҳаллий матбуоти.

Қувғиндаги уйғур ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътироф этишича, Хитой ҳукуматининг этник озчиликка нисбатан олиб бораётган репрессив сиёсати ва ислом меъёрларига риоя қилишнинг чекланиши Шинжон ўлкасида ҳавотирларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили минтақада содир бўлган тўқнашувда 200 одам ҳалок бўлган. Кескин ҳарбий чоралар натижа бермаяпди: ўтган ҳафтада полиция идорасига қилинган ҳужумда 13 одам полициячилар тарафидан отиб ташланганди.

Legal Daily расмий нашрининг ёзишича, 315 та уйғур терроризм билан боғлиқ моддаларда айблангшан ва улардан камида 13 таси қатл қилинган. Тўқнашув вақтида олтита полиция ходими ўлдирилганди. Тинтув пайтида компютерлар, китоблар ва DVD-дисклари ҳамда хитой куч ишлар тизимларининг таъкидлашларича, гўёки қуроллар ва портловчи моддалар топилган.

Шинжон жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Ван Чаньронгнинг журналистларга билдиришича, 20 дан ортиқ ноқонуний таълим масканлари ва машқ лагерларида тинтув ўтказилган.

Пекин бугунги кунда Шиндондаги жамоатчилик фикрини қаттиқ назоратга олган. Расмий ёндашувга зид бўлган ҳар қандай эркин фикр зудлик билан тўсиб қўйилади ёки фикр эгаси ҳибсга олинади.

Пекиндаги Миллатлар Марказий университетининг иқтисодиёт бўйича профессори бўлган 44 ёшли Илҳом Тўхта шу йил январида ҳеч қандай тушунтиришларсиз ўз уйидан олиб кетилганди. Таниқли олим уйғурларнинг ҳуқуқларини талаб қилиши ва ҳимоя қилиши билан кенг танилган эди. Шундан бери Илҳом Тўхтанинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ўтган ҳафтада унинг адвокати Ли Фанпин профессорнинг аллақачон судланган ва қамоққа ташланган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.

Бироқ, 23 июнь, душанба куни у хитойнинг WeChat мобил ижтимоий тармоғида Илҳом Тўхта иши эндигина прокуратурага оширилгани ва ундан сўнгина судга юборилиши ҳақида хабар қолдирди.

ЎХҲ ахборот бўлими