«Чорсу» меҳмонхонасининг тугамайдиган таъмири яна диққат марказда

«Чорсу» меҳмонхонасининг тугамайдиган таъмири яна диққат марказда
69 views
28 June 2014 - 12:29

Тошкентнинг Чорсу майдонида жойлашган ва таъмири бир неча йилдан бери тугамаётган (ёки бошланмаётган) «Чорсу» меҳмонхонасининг янги макети сурати интернетда пайдо бўлди, деб хабар берди маҳаллий ОАВ.

1

Мазкур суратларнинг меҳмонхонани таъмирлаш билан боғлиқ олдинги лойиҳаларга оидлиги ёки эндиликда бошланиши мумкин бўлган таъмирлаш ишларига тегишлилиги ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.

3

Сўнги маротаба ушбу меҳмонхонанинг қурилиш тарихи ва бир неча йиллардан бери тугамаётган таъмирлаш ишлари тўғрисида 2010 йилнинг сентябрь ойида Озодлик радиоси сайтида таҳлилий мақола эълон қилинганди.

“Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси Тошкентнинг Эски шаҳар қисми марказида йиллардан бери қаровсиз ҳолда ëтган “Чорсу” меҳмонхонаси замирида бунëд этилиши белгиланган замонавий комплексни 2012 йил 1 сенябрига қадар ишга туширтирмоқчи. Аммо ўтказилган кичик тадқиқотдан¸ бу режа ҳам амалга ошмай қолади¸ деган хулоса туғилади”, – деб ёзганди Озодлик.

Дарҳақиқат, ушбу тахмин ўз исботини топиб меҳмонхонанинг таъмирлаш ишлари ҳануз якунига етмади.

Даставвал, 1982 йили «Москва» номи билан фойдаланишга топширилган меҳмонхона 2000 йиллар бошида таъмирлаш учун ёпилган эди. Ўшанда Ўзбекистондаги хорижликларга мўлжалланган аксар меҳмонхоналар эгаси бўлган Ўзбектуризм миллий компанияси 2002 йилида Туркиядаги Emsaş İnşaat Turizm Ticaret ve Sanayi A.Ş. ширкати билан биргаликда “Chor-su Hotel” деб номланган қўшма корхона тузганди. 70 фоиз ҳиссаси турк ширкатига тегишли бўлган бу корхона¸ қарийб 23 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ëтқизиб¸ меҳмонхонани таъмирлаб ишга тушириш мажбуриятини зиммасига олганди. Аммо орадан икки йилча ўтмай¸ бу корхона Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари бўйича суди қарори билан¸ сармоядор сифатидаги мажбуриятларни бажармаганликда айбланиб тугатилганди ва турк ширкати Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Шундан сўнг 2007 йил сентябрида меҳмонхонани очиқ савдога қўйиш бўйича ўтказилган халқаро тендер ғолиби бўлган Жанубий Кореяда рўйхатга олинган Daegeon Global Co. Ltd ширкати “Чорсу” базасида замонавий меҳмонхона комплекси барпо этиш мажбуриятини зиммасига олганди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ¸ агар ширкат ўз мажбуриятини 2012 йилнинг 1 сенябрига қадар адо этса¸ харид қарзини вақтида тўламаганлик боис йиғилиб қолган жарима тўловларидан озод этилиши¸ акс ҳолда шу пайтгача киритган сармоясидан айрилиши таъкидланганди.

Бироқ, 2010 йили Озодлик ўтказган тадқиқот натижаларига кўра Daegeon Global Co. Ltd ширкати фаолияти билан боғлиқ бир қанча шубҳалар юзага келганди. Хусусан, номи Ўзбекистон хабарларидан ташқари фақат бир марта – Корея ахборот хизмати ҳисоботидагина қайд этилган бу ширкат 2007 йилнинг 14 мартида¸ Ўзбекистондаги “Чорсу” меҳмонхонаси 7 миллион долларга сотиб олинишидан атиги беш ой аввал ташкил топгани, фаолияти на маҳаллий ва на хорижий тадбиркорларга маълум экани¸ ҳамкорлик ва алоқа учун на манзили ва боғланиш имконлари жамоатчиликка берилгани таъкидланганди. Ушбу маълумот 2014 йилнинг июнь ойида қайта текширилганда ҳам Daegeon Global Co. Ltd ширкатининг Gwonseon-Dong провинциясида қайддан ўтгани ҳақидаги кичик маълумотдан бошқа ҳеч нарса топилмади.

Шубҳали ширкат билан имзоланган шубҳали келишув эса “Чорсу” меҳмонхонасини таъмирлаш билан боғлиқ ишларда бирор ўзгариш ясамади. Пировард натижада, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тилга олинган қарори ҳам айрим номаълум сабабларга кўра бажарилмасдан қолди.

2

2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри туристик салоҳиятини оширишга қаратилган янги қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжатда ҳам «Чорсу» меҳмонхонасини таъмирлаш масаласи ҳақида сўз борди. Унга кўра таъмирлаш ишлари 2013 йил июлига қадар тугатилиши керак эди.

Бироқ, «Чорсу» меҳмонхонасининг таъмирлаш ишлари 2014 йилнинг июнь ҳолатига келиб ҳам ўз якунига етмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими