Белорусия ва Қозоғистон Путинга қулоқ солишдан бош тортишди

Белорусия ва Қозоғистон Путинга қулоқ солишдан бош тортишди
23 views
30 June 2014 - 17:15

5507928Белорусия ва Қозоғистон украина махсулотлари импортига чеклов қўйиш борасидаги Россия таклифини қўллаб қувватлашмади.

Россия украина махсулотлари импортига чекловлар жорий қилиш бўйича қўшма резолюция қабул қилишни таклиф қилганди, бироқ Белорусия ва Қозоғистонга бу таклиф маъқул келмади, деб ёзади УНН.

Оврўосиё иқтисодий комиссияси кенгашида Россия Белорусия ва Қозоғистонга Украинанинг Оврўпа Иттифоқи билан ассоциация тўғрисидаги битимни имзолаганига жавоб тариқасида украина махсулотлари импортини чеклаш бўйича қўшма резолюция қабул қилишни таклиф қилди.

Белорусия бош вазири ўринбосари Сергей Румаснинг таъкидлашича унинг давлати бу таклифга қатъиян рад жавобини берган. Унинг сўзларига кўра Украинанинг Оврўпа Иттифоқи билан битим имзолаши ортидан Божхона Иттифоқи учун бўлиши мумкин бўлган таҳдидни аниқлаш имконсиздир. Шу сабабли ҳам шошма-шошарлик билан бундай қарор қабул қилишнинг маъноси йўқ.

Бундан ташқари Қозоғистон ҳам Россиянинг таклифини қўллаб қувватламаган. Чунки айни вақтда Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш учун музокараларни давом эттирмоқда. Бундай эҳтиётсиз қадам эса Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатларига Украина тарафидан тўсиқ қўйилишига олиб келиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, Украинанинг Оврўпа Иттифоқи билан ассоциация тўғрисидаги битимнинг иқтисодий қисмини имзолагани туфайли аччиқланган Россия Божхона Иттифоқидаги ҳамкорларини биргаликда Украинага қарши жазо чоралари қўллашга мажбур қилмоқчи эди. Бироқ, Белорусия ва Қозоғистоннинг миллий манфаатлари Россия билан ҳамкорликдан устун келди.

ЎХҲ ахборот бўлими