Ҳар қандай улкан иморат битта кичкина ғиштдан бошланади

Ҳар қандай улкан иморат битта кичкина ғиштдан бошланади
21 views
02 July 2014 - 18:21

01Мен, қатор мақолалар билан ушбу сайтда вояга етмаган фарзандим Бахриддинжонга нисбатан, Қашқадарё вилоятининг хуқуқни ҳимоя (поймол) қилувчи органлари, яъни –«суд-хуқуқ тизими» -деб номланувчи ташкилот вакиллари томонидан, қасддан содир этилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни, изоҳлаб беришга ҳаракат қилдим. Тўғри, мен уларнинг ҳатти-ҳаракатларини, ҚОНУН нормаси элагидан ўтказиб, қонун нормасининг, улар томонидан ғаразли мақсадларда қасддан бузилиши ҳолатларини ҳамда кимлар томонидан ва қай усулда содир этилганлигини аниқ ёзма далил ва исботлар билан тақдим этдим.

Балки бу баъзилар нигоҳида зерикарли машғулотдек туюлгандир. Аммо, билингки, ўғлимга нисбатан содир этилган ушбу ғайриқонуний айбловлар, фақат ўғлим тақдирида бўлган ягона ҳолат эмас, балки бу жамиятимизда содир этилаётган шу каби негатив ҳодисаларнинг, мен томонимдан исбот этилган кўзгудаги ягона аксидир. Кўзгуга эса бир вақтда кўп ҳам сиймо сиғавермайди!…

Ушбу ёритилган материалларга турлича муносабат билдирилганлиги учун, мен қуйидаги фикрларимни сизлар билан алмашишга жазм этдим:

Гарчанд, кўпчилик қўрқув ва ҳадик туфайли тўғридан-тўғри сайтда ўз муносабатини билдирмаган бўлсада, аммо –«мени фош этманг илтимос, яқинларимни тинчлигини ўйлайман» -каби илтимослар билан телефонга ва SMS орқали, ушбу ёритилган материалларга турлича муносабат билдирдилар ва уларнинг фикрларини асосан икки гуруҳга бўлиб, жавоб қайтаришга жазм этдим:

Биринчи гуруҳдагилар фикрлари асосан шундай: -Бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқ, ахир ҳаммаёқ ҳудди шундай порахурлик-ку, бир сизнинг ўғлингиз эмас-ку шунга шунчами ва ҳокозо шунга ўхшаш умумий гаплар, тушкунлик кайфиятидаги мантиқсиз фикрлар!…

Аммо азизлар, бу фикрлар икки томондан ўта зарарлидир, яъни: -биринчидан, булар ўз тасдиғини топмаган умумий фикрлар бўлиб, умумий фикрга жавоб бўлмайди, қолаверса умумий қуруқ фикр(гап) билан иш битмайди –иморат қурилмайди. Бу баландпарвоз гап эмас, ахир хар қандай улкан ва буюк иморатни ҳам умумий қуруқ гаплар асосида қура оласизми, – йўқ!…

Ҳар қандай улкан иморат, авваломбор биттагина аниқ ўлчамдаги кичкина ғиштдан бошланади ва кейин иккинчи ва кейингиси-кейингиси ва натижада улкан иморат қуриш мумкин. Ха азизлар, улкан иморат олдида бир дона ғишт жуда-жуда кичкина ва митти (худди ўғлимнинг муаммосидек), аммо мана шу кичкинагина аниқ ўлчамдаги ғиштлар, кўпайишиб-бирлашиб аниқ ҳисоб-китоб асосида аниқ ўлчанган жойга ва ўта аниқликда бетон қоришма билан бир-бировини махкамлаб терилсагина ,улкан ва буюк иморат тўғри қад кўтаради ва мустахкам бўлади. Бу қуруқ фалсафа эмас, балки бу ҳаёт фалсафаси. Шунинг учун ҳар бир инсон ҳеч бўлмаганда бир ғиштдек ўзини ҳис қилсин, фуқаролик жамияти -деб номланадиган ушбу улкан иморатда ўз ўрнини аниқ (хақ-хуқуқини) топа билсин, ушбу улкан иморатнинг – бир ғишти каби!!!…

Иккинчидан, ушбу умумий фикрлар ўта пессимистик характерга эга бўлиб, ҳудди 100 ёшга кириб ҳамма нарсадан тўйиб, тушкунликка тушиб қолган ва ҳаётга қизиқиши қолмаган ва ҳар қандайин янгилик ва яхшилик нишонасидан умидини узган қарияни эслатади. – ахир нега???…- Афсус!!!…

Йўқ азизлар, ҳолбуки бизга Яратган Эгам яшаш бахтини берган экан – яшаш керак, бунинг учун курашиш керак, курашиш деганда ҳам ақл-заковатни четга сурмасдан, ҳақ йўлида собитқадамлик билан адолат учун адолатли, (Ганди таълимотини эсланг) курашиш керак деб ўйлайман..

Иккинчи гуруҳдагилар: – Ушбу воқейликни англамаган, яъни гарчанд ўқиган бўлсаларда-уқмаган, туб моҳиятига етмаган ўқувчилар деб ҳисобладим. Яъни, миясининг чархларини айлантиришга мажбурламаган, енгил елпи юзаки интернетга киришиб, бир эрмак сифатида; -“бекор хай-вай кўтарибсиз-система кечирмайди” ёки -“ўғлингиз айбдор-тўқликка шўхлик қилган, айбсиз киши қамалганини эшитмаганман”; -“ишингиз ёмон бўлса давлат айбдорми” каби асоссиз, аксинча ёритилган воқеликка мутлақо мувофиқ келмайдиган иғво ва фасод билан йўғрилган гаплар қилишган.
Бунинг сабаби деб, мен ушбу кишиларнинг муомала маданияти ва ҳуқуқ маданияти етишмаслигида деб ҳисоблайман. Бунинг билан мен ҳамма юрист бўлсин демоқчи эмасман, балки ҳар бир инсон ҳеч бўлмаганда, ўз жойида ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила билиши ва маҳкам тура билиши лозим деб ўйлайман, ҳеч бўлмаганида бир ғишт каби.
Шу ўринда, билдирилган фикр ва мулоҳазаларга, ўз муносабатимни билдирмасам бўлмайди, деб ўйлайман:

04Мен, системадан қўрққанимда эди, 3 йил 8 ой давомида тинмай ҳақиқат йўлида курашиб, давлат бошқарув органларига 1000 га яқин аниқ далил ва исботларга йўғрилган шикоятлар билан мурожаат этмаган бўлар эдим. Минг афсуски, ушбу давлат бошқарув органлари мансабдорларидан сас-садо чиқмаганидан кейин, 3-йилнинг 9-ойидан бошлаб, мен ушбу муаммони кенг оммага ёритишга қарор қилганман. Хўш, нимадан қўрқишим керак, қотилликни “Қ”сига ҳам алоқаси бўлмаган 17 яшар бир ўспирин 14 йилга қотилликда айбланиб озодликдан маҳрум этилган бўлса, адолат ва ҳақиқат учун курашишда, ўғлимни пок номини оқлашдан қўрқишим керакми, сиз қўрқармидингиз? Нари борса, 53 йилдан буён оғзига сигарет олмаганнинг ёнидан наша чиқар, ёким умри бино бўлиб фақат ва фақат тинчлик ва ҳақиқат деб, киши ҳаққига хиёнат қилмай юрган бир кимсанинг бирор жойидан террористик-экстремистик китоб чиқар , шундан қўрқишим керак эканми? Йўқ ва яна йўқ!!!…

– Ўғлим тўқликка шўхлик қилган эмиш, айби бўлмаганда қамалмаган бўлар эмиш!… Сиз аввал ёритилган мақолалардаги далил ва исботларни ўқидингизми-уқдингизми???…
Агар ўғлим тўқликка шўхлик қилиб, ҳайдовчининг биқинига пичоқни тиқиб олиб, НЕКСИА автомашинасининг олд ўнг ўриндиғи полигига қўйган бўлса, нега, тергов органи ҳам тўқликка шўхлик қилиб, 18 кунгача НЕКСИА автомашинасининг олд ўнг ўриндиғи полигида ётган 28 см узунликдаги қотиллик қуроли пичоқни олиб, ашёвий далил этиб топмаган экан?…
Агар ўғлим тўқликка шўхлик қилиб марҳумнинг устидан кўйлагини ечиб олган экан, нега тергов органи ҳам тўқликка шўхлик қилиб, қайтадан кўйлакни кийдириб қўйишиб, кейин мурдани кўйлаги билан қайтадан ковлаб олишиб видеога туширган экан?

Нега тергов органи, ўғлим бозордаги магазиндан сотиб олган пичоққа қаноат қилмасдан, 18 кундан кейин бозордан 1.5 км узоқликдаги Х.Расуловнинг дўконидан пичоқ сотиб олганлигини айбловга қўйган экан?

Агар ўғлим тўқликка шўхлик қилиб олдиндан жиноий режа асосида Х.Расуловнинг дўконидан пичоқ сотиб олган экан, нега прокуратура терговчиси Д.Азимов ҳам тўқликка шўхлик қилиб ушбу, пичоқ сотиб олинганлиги фактини рад этган экан?

Майли, балки мен тўқликка шўхлик қилган ўспирин ўғлимни ҳимоя қилаётгандирман.

Аммо, 1996-97 йилларда, Шахрисабзда яшаган катта ёшдаги аёл икки укаси билан тўқликка шўхлик қилишиб ўлдирмаган турмуш ўртоғини ўлдирдим дейишиб қамалиб кетишган эканми?.
Ёким, ўлган марҳум, тўқликка шўхлик қилиб, орадан 4 ой ўтганидан сўнгра Россиянинг Астрахан шаҳрида қайта тирилиб, тўқликка шўхлик қилиб қайтиб келган эканми?…

Ёхуд, Ўзбекистон Олий суди, 1997 йилда, тўқликка шўхлик қилиб, Қашқадарёлик бир неча суд прокуратура ва милиция ходимларини жавобгарликка тортган эканми? Бундайин инкор этиб бўлмайдиган аниқ далил ва исботларни кўплаб келтириш мумкин, қолаверса олдин босилиб чиқилган мақолаларда батафсил ёритилган, фақат ўқиганда уқадиган ва ҳолисона фикр ва мулоҳаза юрита оладиган ақл соҳиблари керак, ҳолос!

Минг афсуски, мана деярли бир ойдан буён ушбу ишга тааллуқли 11 та мақола чоп этилга бўлсада, аммо на Олий суддан, на Бош прокуратурадан бирор бир муносабат ёким эътироз билдирилган эмас?…

Албатта, -«сукут ризолик аломатидур» -деганлар доно аждодларимиз, аммо бизга ушбу тахлитдаги ризолик-сукунати эмас, ҳақиқат ва адолат муҳимроқдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратурасидан, қонун нормалари асосида ишни қайтадан кўришларини ва адолат деб номланувчи буюк неъмат тантана қилинишини қайта ва қайта сўрашдан биз асло чарчамаймиз, ахир ҳар қандай инсонда ҳам виждон ва унинг азоби бордир?..

Интернет, яъни тезкор ва кенг қамровли алоқани шунчаки эрмак деб тушунадиганларга эса салгина ақл ва идрокка ҳам йўл бериш лозимлигини, ўз мияларини озроқ бўлсада, ҳар замонда бўлсада чархлаб туриш лозимлигини эслатиб қўйишни ўзимга фарз деб биламан.

Зероки, бежиз айтилмаган,-«Мазлум киши-зулмга маҳкумдир» …

Оташ юрак, қалби қайноқ мухлис-мухлисаларимизга ҳам тилагимиз: Олов олиб ёнаётган ёғга, шошқалоқлик ёки жаҳл устида сув сепиш мутлақо ярамайди. Бундан на қазонга, на ёғга, на инсонга фойда бор; -ёнаётган ёғга сепилган совуқ сувдан қозон чарс ёрилади, сепилган совуқ сувдан ёғ ишдан чиқиб қоп-қора бўлади, сепилган совуқ сувдан инсон куйиб жизғанак бўлади!!!
Зероки, бежиз айтилмаган, -«жаҳлу-жаҳолат ташриф буюрса – ақлу-адолат тарк этади бизни»!…

Яна учрашамиз деган умид билан,
Бахром Абдурахимов.
+998907210725; +998912140916:
E-mail: bahrom2661@mail.ru
Skype: bahrom6126