Уйғурларга Рамазон ойида рўза тутиш таъқиқлаб қўйилди

Уйғурларга Рамазон ойида рўза тутиш таъқиқлаб қўйилди
42 views
03 July 2014 - 13:46

uighur-1

Шинжон минтақасидаги Хитой ҳукумати давлат хизматчилари, талабалар ва ўқитувчиларнинг Рамазон ойида рўза тутишларига расмий таъқиқ ўрнатди. Бу ҳақда «Франс пресс» агентлиги маълумотларига таяниб channelnewsasia.com хабар берди.

Бочжоу радио ва телевидения давлат университети ўз сайтида “партия аъзолари, ўқитувчилар ва ёшларнинг” таъқиққа риоя қилинишини таъминлаши ҳақида маълум қилди.

“Биз Рамазонда рўза тутишга рухсат берилмаслиги ҳақида барчага эслатиб ўтамиз”, – дея баёнотдан иқтибос келтиради «Франс пресс».

Қорақош округидаги об-ҳавони кузатиш бюроси ўз сайтида “олий ҳокимият органлари томонидан келган кўрсатмага мувофиқ ҳозирги ва нафақага чиққан собиқ ходимларини Рамазон вақтида рўза тутмасликка чақиради”, – дея хабар эълон қилди.

Тарим дарёси бассейни назорат бошқармаси эса шанба куни умумий овқатланиш жойларида овқатланишаётган ва анъанавий уйғур дўппиларини кийган ўз ходимларининг суратларини интернетга жойлаб мақтанди.

“Меҳмондорчилик мусулмонларнинг Рамазон байрамига тўғри келган бўлса ҳам, ходимлар ижобий муносабат билдиришди ва рўза тутишмайдиган бўлишди”, – дейилади суратлар остига ёзилган шархларда.

Турфон шаҳар тижорат масалалари Бюроси душанба кунадаёқ ўз сайти орқали “давлат хизматчилари ва талабаларнинг рўза тутмасликлари ва диний маросимларда қатнаша олмасликлари ҳақида” огоҳлантирганди.

Хитой ҳукуматининг Рамазон ойида рўза тутишга қарши кампанияси илк маротама эмас. Ҳукумат расмийлари эса ўзларини “соғлиқ ҳақида қайғуриш” билан оқлашади. Шу туфайли Шинжонда диний эркинликлар чекланиб қаттиқ назоратга олинади.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи уйғур ташкилотларининг таъкидлашларича, айнан мана шу сабабли ҳам куч ишлатиш ва минтақадаги хавфсизлик тизимлари билан доимий тўқнашувлар содир бўлмоқда.

Расмий Пекин уйғурларнинг диний эркинлигини чекламаётганини намойиш қилишга урунмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг апрель ойида Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин Шинжонга ташрифи мобайнида масжидга борди ва мусулмон жамоалари вакиллари билан учрашди.

Бироқ амалда мусулмон озчиликка нисбатан таъқиблар давом этмоқда. Душанба куни Хитой ҳукумати уйғурларга текин овқат таклиф қилишган, мулозимлар уйма-уй кириб рўзадорлар бор-йўқлигини текшириб чиқишган. Бу ҳақда қувғиндаги Бутунжаҳон уйғурлар конгрессининг амалдаги раиси Дилхат Ракситнинг сўзларига таяниб «Франс пресс» хабар тарқатди.

“Уйғурларнинг диний эркинликларини чекловчи бу турдаги мажбурлов чораларининг қўлланилиши, фақатгина низонинг кучайишига олиб келади. Биз эътиқод эркинлиги таъминланишига ва Рамазонга нисбатан сиёсий босимлар тўхтатилишига чақирамиз”, – дейди у.

ЎХҲ ахборот бўлими