Украина ТИВ: Рефат Чубаровнинг Қиримга киришига таъқиқ қўйганлар жавобгарликка тортилади

Украина ТИВ: Рефат Чубаровнинг Қиримга киришига таъқиқ қўйганлар жавобгарликка тортилади
85 views
07 July 2014 - 12:17

1“Россия, Сталинча анъаналарни давом эттирган ҳолда, қирим-татарларига нисбатан шовинистик сиёсат олиб бормоқда”.

Қирим-татар халқининг Мажлис (миллий парламент) раҳбари Рефат Чубаров ҳамда қирим-татар халқининг лидери Мустафо Жамилнинг ўз она юртларига киришларига ҳеч қандай тўсиқларсиз рухсат берилиши лозим.

Мазкур баёнот тан олинмаган Қирим ҳукуматининг юқорида номи тилга олинган шахсларга қўйган таъқиқларига шарх сифатида 6 июль куни Украина ТИВ томонидан эълон қилинди.

“Бу Кремлнинг аҳмоқона қароридир. Бу Қиримнинг қуролли оккупацияси ва аннексия қилинишидан бери қирим-татар халқига нисбатан Россия Федерациясининг Сталин анъаналарини давом эттирган ҳолда олиб бораётган нафрат тўла ва шовинистик сиёсати маҳсулидир”, – дейилади баёнотда. Бу ҳақда УНIАН агентлиги хабар тарқатди.

Вазирликнинг қайд этишича, қоғозга ўралган “россияча кўп миллатлилик” ортида ҳар қандай тил маданият ривожига тўсқинлик қилувчи тоталитар сиёсий режимнинг шафқатсиз юзи яширингандир. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади: “Халқлар турмаси яна ўзининг адоватли тишини кўрсатди”.

“Ҳар қандай нуқтаи назардан – халқаро-ҳуқуқий, сиёсий ва инсоний жиҳатдан ҳам мазкур ҳаракатлар Қирим аҳолисининг умумий норозилигини тўхтатишга бўлган чорасиз уринишни ифодалайди”, – дея қайд этади Украина ташқи ишлар идораси.

Украина ТИВ Қирим автоном республикасининг аввал ҳам, ҳозирда ҳам ва бундан кейин ҳам суверен Украина ҳудудининг бир қисми бўлиб қолишини яна бир бор эслатиб ўтади. Ўз навбатида, Украина қонунчилигини бузган ҳолда Украина фуқароси Рефат Чубаровнинг Қирим автоном республикасига киришига ноқонуний таъқиқ қўйган қирим ҳукуматининг мансабдор шахслари Украина қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

ЎХҲ ахборот бўлими