Ўзбекистонда ғалла йиғими мавсумида дизел ёқилғиси нархи 11,6%га ошди

Ўзбекистонда ғалла йиғими мавсумида дизел ёқилғиси нархи 11,6%га ошди
60 views
08 July 2014 - 15:28

dizel narxi oshdiЎзбекистонда дизел ёқилғисининг чакана нархи жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ўртача 11,6%га оширилди. Бу ҳақда 30 июнь куни “Дизел ёқилғиси чакана нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 174-сонли Қарори қабул қилинди.  Қарор матни сешанба куни маҳаллий нашрларда эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра бир литр дизел ёқилғисининг чакана нархи 11,7%га оширилиб – 1910 сўм (Марказий банк курси бўйича 0,82 АҚШ доллари), “ЭКО” дизел ёқилғиси эса 11,5%га оширилиб – 1990 сўмгача (Марказий банк курси бўйича 0,86 АҚШ доллари) қилиб белгиланди. Бозордаги аввалги нархлар 2014 йилнинг 9 январидан бошлаб амалда эди. Ёқилғининг бошқа турлари нархлари ўзгартирилмаган.

“Ўзбекнефтгаз” МХК таркибига кирувчи ва республикадаги нефт махсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни бирлаштирувчи “Ўзнефтмахсулотлари” акциядорлик компанияси автомобил ёқилғиларига бўлган нархнинг оширилиш сабабларини очиқламади. Бозор мутахассисларининг фикрича, нархларнинг оширилиши июнь ойи бошларида ғалла йиғими бошланганлиги муносабати билан ушбу тур ёқилғи таъминотида юзага келган дефицит билан боғлиқдир. Тошкентдаги кўпгина автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ва вилоят марказларида дизел ёқилғиси сотилмаяпди. Қора бозорда эса дизел ёқилғисининг нархи бир литри учун 3500 сўмгача кўтарилган.

Ўзбекистондаги юк транспортининг аксарияти ва йўловчи транспортининг салмоқли қисми дизел ёқилғисида ҳаракатланади. Республикадаги Бухоро, Фарғона ва Олтиариқдаги нефтни қайта ишловчи заводларнинг умумий қуввати 11, 12 млн. тоннани ташкил қилади. Бироқ, амалдаги нефт қазиб олиш конларидаги заҳиранинг тугаб бориши заводлар фаолиятига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими