Рус миллатчилари Путинни сотқинликда айблашмоқда

Рус миллатчилари Путинни сотқинликда айблашмоқда
42 views
08 July 2014 - 16:05

1Қиримнинг оккупация қилиниши ва Украинага қарши парда ортидан олиб борилган уруш президент Путинга Россия фуқаролари орасида машҳурлик олиб келганди. Бироқ, эндиликда Кремлнинг Украина шарқидаги жангариларга ёрдам беришдан бош тортиши ортидан рус миллатчилари Путинни сотқинликда айблашни бошлади, деб ёзади The Washington Times.

Рус миллатчиси Александр Дугиннинг америка нашрига изоҳ беришича, Путин кучли лидер бўлганлиги туфайли улар Путин тарафидалар, бироқ Россия президентининг Украина шарқига қўшин киритишдан воз кечганлиги сабабли кўпчилик ўзларини алдангандек ҳис қилишмоқда. Ҳозирда кўпгина россиялик ватанпарварлар Путиндан юз ўгириш арафасида.

Дугиннинг фикрига кўра, ҳозирда Путинда ўзини қўллаб-қувватлаётганларни йўқотиб қўйиш хавфи бор. Бундан ташқари мақола муаллифларининг қайд этишича, Донбасс ҳудудидаги террорчиларнинг лидерлари аллақачон Путинни ва Россияни сотқин деб аташни бошлашган.

“Донецк халқ республикаси” лидери Денис Пушилиннинг таъкидлашича, Путин айирмачиларга умид берган ва улар Путинга ишонишган. Кейин эса уларни тарк этган.

“Путиннинг этник русларни ва Янги Россияни ҳимоя қилиши ҳақидаги сўзлари жуда жозибали эди, бироқ афсуски буларнинг барчаси қуруқ гап бўлиб чиқди”, – дея нолиди Пушилин.

Ўз навбатида мақолада айтиладики, Путиннинг ҳаракатсизлиги нафақат ЛХР ва ДХР раҳбарларининг, балки Украина шарқига жанг қилиш учун келган ёлланма-миллатчиларнинг ҳам жаҳлини чиқарган. Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги россия форумларида Путиннинг сотқинлиги ва жангариларни сотгани тўғрисидаги ҳақоратли баёнотлар тўлиб тошган. Путиннинг ўзига эса Игорь Стрелков сингари жангариларнинг лидерлари яна қайтиб Россия ҳудудига кириши фойда эмас.

ЎХҲ ахборот бўлими