Қўрққанга қўш кўрина бошлади: Каримов МХХнинг юқори мартабали зобитларини тўплаяпти

Қўрққанга қўш кўрина бошлади: Каримов МХХнинг юқори мартабали зобитларини тўплаяпти
23 views
11 July 2014 - 8:32

2Ўзбекистон президенти маъмуриятига яқин манбамизнинг хабар беришича, диктатор Каримов бугун, 2014 йил 11 июль куни, МХХнинг юқори мартабали ходимлари билан йиғилиш ўтказади. Йиғилишда МХХнинг республика аппарати бўлим бошлиқлари ва Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарма бошлиқлари иштирок этади.

Бугун ўтказилажак тадбирнинг асосий мавзуси мамлакат ичкарисидаги, хусусан, пойтахтдаги ички хавфсизлик чораларини ҳамда республиканинг чегара ҳудудларидаги назорат чораларини янада кучайтириш эканлиги айтилмоқда.

Сўнги кунлар ичида мамлакат пойтахтида ва чегара ҳудудларида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Хусусан, июль ойининг илк кунларида Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган зирхли машиналар – БТРлар пайдо бўлганди. Баъзи кузатувчилар ҳарбий техниканинг Тошкент кўчалари бўйлаб юришини мустақиллик байрамига тайёргарлик билан боғлаган бўлса ҳам, шу пайтгача ҳеч қачон бундай ҳолат кузатилмаган.

Кучишлатар тизимлардаги манбаларнинг билдиришича эса, июль бошларида Тошкентнинг Буюк Ипак Йўли (собиқ Луначарский) кўчасида БТРларнинг пайдо бўлишига бошқа воқеалар сабаб бўлган. Хусусан, бу БТРлар Чирчиқдаги танк ҳарбий ўқув юртига қарашли қисмдан келтирилган бўлиб, улар президентнинг Кўксарой (Дўрмон) қароргоҳи атрофига жойлаштирилиши давом этмоқда. Ҳарбий техника билан биргаликда Чирчиқдаги қисм аскарлари ҳам Кўксарой қароргоҳи яқинида қуриб битказилган янги ҳарбий қисм биносига кўчириб келтирилиши давом этмоқда.

Юқорида санаб ўтилган воқеалар президент Каримовнинг шахсий хавфсизлигини кучайтириш мақсадида амалга оширилаётган бўлса, мамлакатнинг чегара ҳудудларида сўнги бир ой ичида ўтказилган баъзи тадбирлар сарҳадлардаги хавфсизликни фавқулодда кучайтиришга қаратилган.

Бу ҳолатни, айниқса, республиканинг Афғонистонга чегара Сурхондарё вилоятига кириб келишда яққол сезиш мумкин. Жумладан, Дарбанд ҳудудида паспорт назорати аввалгига қараганда кучайтирилган. Шу билан бирга, Термиз чегарасидаги ҳарбий тайёргарликка эга бўлган “Бургут” махсус бўлинмаси ҳам сафарбарлик ҳолатига келтирилган.

Сурхондарёдаги МХХ чегара қўшинлари бир неча ойдирки кучайтирилган тартибда ишлашмоқда. Вилоятдаги манбамизнинг хабар беришича, МХХ зобитлари ҳатто тушлик пайтида ҳам хоналаридан чиқишмаяпти.

Маълумки, жорий йилнинг 26-27 июнь кунлари Фарғона вилоятига сафар қилган президент Ислом Каримов фермерлар билан ўтказилган учрашувда муҳожиротдаги ўзбек мухолифатини тилга олиб, муxолифатнинг Ўзбекистонга қайтиб кела олмаслигини “башорат” қилганди.

Бироқ, Каримовнинг “Улар энди Ўзбекистонга қайтиб кела олишмайди, чунки биз мустаҳкам пойдеворга туриб олдик”, – деган фикрлари ортидан мамлакатда хавфсизлик чоралари ва назорат янада кучайтирилди. Бу эса диктатор ўзи яратган сохта барқарорликка ўзи ҳам ишонмаслигидан, доимий xавотир ва қўрқув ичида эканлигидан далолат беради.

ЎХҲ ахборот бўлими