Пайғамбарлар тарихи (27). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (27). Муҳаммад алайҳиссалом
30 views
12 July 2014 - 9:50

p.t.3Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оиласига қайтарилиши

У беш ёшда экан, Ҳалима хотин уни бобоси Абдулмутталлибга топширди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳалима хотинни ҳар кўрганида “менинг онам, онажоним,” дерди, унга севги ва эҳтиром кўрсатарди. Ҳалима хотин бир куни Пайғамбаримизни кўргани Маккага борганди. У пайт Пайғамбаримиз Ҳазрати Ҳадичага уйланганди. Ҳалима хотинни кутиб олиб, меҳмон қилишди. Ҳазрати Ҳадича унга қирқ қўй ва бир туя ҳадя этди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккани фатҳ этганида, Ҳалима хотиннинг синглисини кўриб, сут онасининг аҳволини сўради. Унинг ўлганини эшитиб, кўзлари ёшга тўлди. Кейин Ҳалима хотиннинг яқинларига турли ҳадялар берди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг онаси билан Мадинага бориши

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг онаси Ҳазрати Амина завжи Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат этиш учун борганида ёнида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳам олиб борди. Улар Мадинада Пайғамбаримизнинг тоғалари Нажжар ўғиллари уйида бир ой қолишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ерда кечган кунлари ҳақида шундай хотирлайди: “Бир куни яҳудийлардан биттаси келиб, менга узоқ тикилиб турди, кейин қайтиб кетди. Кейин яна бир куни – мен ёлғизлигимда – келиб:

– Эй, бола, исминг нима? – деб сўради.
– Аҳмад, – дедим мен. У менинг елкамни кўриб:
– Бу шу умматнинг пайғамбаридир, – деди.
Тоғаларим бу ҳақда онамга айтишди, онам мен учун ташвишлана бошлади. Ва биз Маккага қайтиш учун Мадинани тарк этдик”. (Абу Нуайм,”Далоил”, 1/163).

Ҳазрати Аминанинг вафоти

Ҳазрати Амина Мадинадан қайтиб келаётганида хасталаниб, Абва қишлоғида тўхташга мажбур бўлишди.
Кўп ўтмай Ҳазрати Амина вафот этди. Ўша қишлоқда дафн этилди. Абва қишлоғи Макка ва Мадина орасида бир қишлоқ бўлиб, Мадинадан 23 мил узоқликдадир. Ҳазрати Амина вафотидан сўнгра Пайғамбаримиз алайҳиссаломни унинг энагаси Умму Аймон (Барака) бағрига босди ва туяга миниб, йўлга чиқди, беш кун йўл юриб, Пайғамбаримизни Маккада бобоси Абдулмутталлибга топширди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саккиз ёшга қадар бобоси Абдулмутталлибнинг ёнида қолди.

Абдулмуталлиб бобонинг вафоти

“Абдулмутталибнинг ўлимини эслайсизми?”, деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳа, у пайтда мен саккиз ёшда эдим. Абдулмутталиб бобонинг орқасидан йиғлаганим каби ҳеч кимга йиғламадим”, деди.
Қуръайшликлар Абдулмутталибга “иккинчи Иброҳим” дейишарди. У охиратда жазо ва мукофотга ишонарди. Байтуллоҳни кўп тавоф этарди. Ҳаж мавсумида ҳожиларга молларининг энг яхшисини берарди. Меҳмонсевар зот эди.

Абу Толибнинг тарбиясида

Абдулмутталиб бобо вафоти олдидан ўғилларига Пайғамбаримиз алайҳиссаломга яхши қарашни васият этди. Зубайр билан Абу Толиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг отаси Ҳазрат Абдуллоҳ билан бир онадан, яъни Фотима бинти Амр бин Аиз, бин Имрон, бин Маҳзумдан туғилган ака-укалар эди. Бу икки амаки Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тарбиясига олиш учун қуръа ташладилар. Қуръа Абу Толибга чиқди. Абу Толиб амакилар ичида энг шафқатлиси, меҳрибони эди. Абу Толибнинг оиласи катта ва уни боқиш учун қийинчилик чиқар эди. Аммо Қуръайшликларнинг саййиди, улуғи ҳисобланарди. Унинг ҳар ерда сўзи ўтар ва унга қарши келишдан қўрқишар эди. У ҳам отаси Абдулмутталлиб каби оғзига ичкилик олмас эди.
У Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ёнидан айирмас, кўз қорачиғидек асрарди. Абу Толиб амакининг завжаси Фотима хотин фазилатли, хуштабиатли хоним эди. Фотима хотин вафот этганида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўзларидан шашқатор ёшлар оқиб, “бугун онам вафот этди”, дея эътироф этганди.
“Ўз болалари оч экан, у аввало менинг қорнимни тўйдиришга ҳаракат қиларди. У менинг онам эди. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳу Таоло тарафидан “бу хотин жаннатликлардандир”, дея менга хабар берди,” деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юрагига раъфат ва раҳмат тўлдирилиши

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўн ёшидан ўтган пайтларда қирда, боши устида бир овоз эшитди. Бошини кўтариб қараганида, бир одамнинг иккинчисига: “Бу ўшами?,” деб сўраганини кўрди. “Ҳа, ўша,” деди иккинчи одам. Юзи ҳам, кийиниши ҳам бошқаларга ўхшамаган бу одамлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ушлаб, қўлидан тутдилар. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларнинг қўлларини ҳеч ҳис этмади. Улардан бири иккинчисига “уни ётқиз!,” деди. Ётқиздилар. Сўнгра бири иккинчисига “кўксини ёр!” деди. Ва пайғамбаримизнинг кўксини ёрдилар, аммо на қон чиқди, на да оғриқ ҳис этди.
“Кин ва ҳасадни чиқариб ташла!,” деб буюрди яна ўша одам. Қуюқлашган бир лахта қонни чиқариб, четга улоқтирдилар. Сўнгра “Энди раъфат ва раҳмат билан тўлдир”, деди. Бу воқеадан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом кичикларга шафқатли, катталарга эса ниҳоятда марҳаматли бўлди. (Ахмад бин Хонбал, 5/139).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Абу Толиб билан Бурсага саёҳати

Пайғамбаримиз алайҳиссалом 12 ёшида амакиси Абу Толиб билан Шомга, Бусрага борди. Бусрада Боҳира исмли роҳиб ва у мансуби бўлган монастир бор эди. Боҳира яҳудий бўлиб, христиан олимларидан эди. Исо алайҳиссаломнинг динида эди. Ривоятга кўра, Боҳира монастирдан туриб, бир тижорат карвоннинг монастирга яқин бир жойда қўноқлаганини кўради. Ўша пайтда бир булут карвондаги Пайғамбаримиз алайҳиссалом устига соя солиб келганига шоҳид бўлади. Бундан ҳайратланган Роҳиб Боҳира карвон аҳлини монастирга зиёфатга чақиради. Аммо уларнинг ичида Пайғамбаримиз йўқлигини кўриб, “бу зиёфатга келмаган одам қолдими?”, деб сўрайди роҳиб. Ҳаммадан ёши кичик бўлгани учун карвонга қоровуллик қилиш учун қолдирганлари Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг қолганини айтишади. Роҳиб “уни ҳам чақиринглар”, дейди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам зиёфатга олиб келинади.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.