Ўзбекистонда пенсия ишини расмийлаштириш қоидаларига ўзгаришлар киритилди

Ўзбекистонда пенсия ишини расмийлаштириш қоидаларига ўзгаришлар киритилди
97 views
14 July 2014 - 13:48

uzb pensiyaga uzgartirish kiritildiМолия вазирининг буйруғи билан “Пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари ҳамда пенсионерлар йиғма жилдини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳақидаги Йўриқнома”га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар берди Norma.uz.

Хусусан, I гуруҳ ногиронлари ва 80 ёшдан ошган кексаларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахсларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланди. Унга кўра бундай шахслар ҳар 12 ойда бир маротаба амалга оширилаётган парвариш ишлари юзасидан текширув актини расмийлаштирадилар. Шундан сўнг текширув актининг бир нусхаси ногирон ёки 80 ёшдан ошган кекса шахснинг нафақа ишига тикиб қўйилади, иккинчи нусхаси эса парвариш билан шуғулланаётган шахсга берилади.

Йўриқномага Тиббий меҳнат экспертизаси комиссиясидан (ТМЭК) ўз вақтида текширувдан ўтмаган шахсларнинг мурожаат қилиши куни ва белгиланган муддатда текширувдан ўтишини белилаб берувчи норма ҳам киритилди. Мурожаат қилинган кун I ёки II гуруҳ ногиронлик аниқланган кун деб ҳисобланиши белгиланди.

Бундан ташқари, ўзгаришларга кўра, доимий яшаш мақсадида 1992 йил 13 мартда имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо давлатлари фуқаролари ҳуқуқлариинг кафолатлари тўғрисидаги Битимга аъзо давлатлардан бирига ёки пенсия таъминоти тўғрисида икки томонлама шартномага эга давлатларга доимий яшаш учун кўчиб кетган шахсларнинг пенсия ишлари энди олдингидек пенсионернинг сўровномаси бўйича эмас, балки пенсионернинг янги яшаш манзилидаги Пенсия жамғармаси бўлимининг сўровномаси асосида почта орқали юборилади.

Бироқ, пенсионернинг давлат олдида қарзи мавжуд бўлган ҳолда ортиқча пенсия тўланганлиги аниқланса содир қилинган суистеъмолчилик (нотўғри ҳужжатларни тақдим қилганлик, боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия тайинланганда оила аъзолари сонининг ўзгарганлиги ҳақида хабр бермаганлик) учун пенсия иши етказилган зарар тўла қопланганидан сўнгина берилиши мумкин.

Бундан ташқари ҳужжат тўловларни янгилаш мақсадида пенсионерни янги яшаш манзили бўйича рўйхатга қўйиш учун мурожаат қилишнинг энг узоқ муддатини ҳам белгилаб беради. Пенсия тўлаш, ижтимоий ёрдам ва бошқа турдаги тўловлар пенсионернинг олдинги яшаган манзилида мазкур тўловлар тўхтатилган кундан эътиборан, бироқ янги манзилга рўйхатга қўйиш бўйича мурожаат қилишдан олдин 3 йилдан ошиб кетмаган муддат учун тўланади.

ЎХҲ ахборот бўлими