Шаҳрисабзда олти асрлик обида меҳмонхонага айлантирилди

Шаҳрисабзда олти асрлик обида меҳмонхонага айлантирилди
82 views
14 July 2014 - 14:20

shahrisabz 6 asrlik obidaШаҳрисабзлик тадбиркор Ойбек Қўчқоров хорижий сайёҳлар ва бошқа меҳмонлар — “Дўлон” меҳмонхонасини ишга туширди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетаси муҳбирининг маълумотига таяниб CA-news.org хабар берди.

“15 ўринли мўъжаз меҳмонхонанинг одатдагиларидан фарқи шундаки, унда дам олувчилар қарийб олти асрлик тарихга эга бўлган атласу адраслар, ҳунармандлик, кулоллик ва уй-рўзғор буюмлари билан танишишлари мумкин”, – деб ёзади “Халқ сўзи” газетаси муҳбири Аҳад Муҳаммадиев.

XV асрга мансуб тарихий обида негизида “Кеш-Рубинтур” МЧЖ томонидан барпо этилган меҳмонхонада ташриф буюрувчилар учун қадимий анъаналар бўйича махсус ҳужра-қабулхона ҳам ишга туширилган. О. Қўчқоровнинг таъкидлашича, “Дўлон” ер ости ўтиш жойи маъносини билдиради ва бу ном машҳур Оқсарой ёдгорлиги яқинидаги жойлардан бири билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори билан “Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган эди.

Ушбу Низомга кўра, давлат мулки ҳисобланган ва тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа маданий қийматга эга ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижарага олиниши мумкин.

Мазкур тарихий ва маданий объектларда кўргазма заллари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари – чойхоналар, кафелар, ошхоналар, алкогол ичимликлар сотилмаган ҳолда ресторанлар, банклар, почта хизматлари пунктлари, авиа ва темир йўл кассалари, маиший техникага хизмат кўрсатиш пунктлари, кутубхоналар, конференция заллари, музейлар, болалар ва ўсмир тўгараклари, чет тилини ўрганиш курслари ташкил қилиниши мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими