Гулнора Каримова можароси олдиндан режалаштирилган сценарий асосида бормоқда – эксперт

Гулнора Каримова можароси олдиндан режалаштирилган сценарий асосида бормоқда – эксперт
35 views
15 July 2014 - 12:07
1

Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян (чапдан иккинчи). Фото: Yves Forestier / Getty Images / Fotobank.ru

Гулнора Каримова атрофида бўлаётган ҳодисалар олдиндан пухта режалаштирилган сценарий асосида уни Ғарбда жиноий жавобгарликдан қутқариш мақсадида амалга оширилмоқда.

Гулноранинг шериклари бўлган Мадумаров ва Авакянларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ҳақидаги хабарларнинг ҳақиқатга яқинлик эҳтимоли 100% бўлса ҳам ҳозирча норасмий характерга эга. Бу ҳақда сиёсатшунос ва МДҲ давлатлари бўйича эксперт Аркадий Дубнов “Русская планета” нашрига маълум қилди.

Экспертнинг қайд этишича, ушбу ҳукм тарихи унга собиқ Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков ва идоранинг юқори мартабали ходимларидан бири Евгения Васильеваларга нисбатан очилган жиноий иш ва суд жараёнини жуда эслатади.

“Схема жуда ўхшаш: Эндиликда Сердюковга ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ – у амнистияга тушган ва бутан айб қандайдир порахўрлик билан боғлиқ битимлар туфайли Васильеванинг бўйнига илинган. Худди шу сингари ўзбекча вариантида Сердюков ўрнини Гулнора Каримова эгаллайди. Унинг ҳам гўёки ҳибсга олиниш хавфи бор. Ҳозирда у гўёки уй қамоғида, бироқ унинг назорати остидаги тузилмалар ва жамғармаларнинг фаолияти билан боғлиқ бутун айбловлар унинг шериклари зиммасига юклатилган”, – дея изоҳ беради Дубнов.

Унинг фикрича, жиноий жавобгарлик нуқтаи назаридан Гулнора Каримовага ҳеч қандай хавф йўқ ва бироз вақт ўтгач уй қамоғидан ҳам чиқади.

2

Рустам Мадумаров. Фото: inter.kg

Сиёсатшуносга кўра Гулнора Каримованинг шериклари Мадумаров ва Авакянлар ҳам берилган жазо муддатларини тўлиқ равишда ўташмайди ва яқин келажакда уларга нисбатан қўлланилган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

“Бу фақат қўрқитиш акцияси холос. Бу ўзбек куч ишлатар тузилмалари ва бошқарув элитаси ичидаги кланлар ўртасидаги кураш билан алоқадор. Ушбу ўйин давомида жанжалли ишдан чиқиш учун вариантлар сифатида турли хил “сценарийлар ўйлаб топилади”, – деб ҳисоблайди Дубнов.

Экспертнинг фикрича, Каримов неварасининг РЕН-ТВ телеканали берган интервьюси ҳам рамзий характерга эга бўлиб, олдиндан режалаштиришган сценарийдаги юришлардан биридир. Бу ерда Гулнора Каримованинг ўғли оддий пиёда ролини ижро қилиб берди холос.

“У фақат онасининг ҳалигача барча бева-бечора ва мазлумларнинг ҳимоячиси эканлигини, шунинг учун ҳам унга ҳозир жуда оғирлиги ҳамда гўёки куч ишлатар тузилмалар томонидан жиддий босим остида қолаётганини намойиш қилиш мақсадида жалб қилинган. Менимча президент неварасининг бундай чиқиши амалга оширилаётган яхлит сценарийнинг мақсадини тасдиқлайди: охир оқибатда Гулнора Каримова салкам сиёсий махбус деб тан олинади. Бу эса унга қайсидир маънода унинг Ғарбда жиноий жавобгарликка тортилишдан қутилиб қолишга ёки унинг оқибатларини енгиллатишга ёрдам беради”, – дея ўз фикрига якун ясайди Дубнов.

ЎХҲ ахборот бўлими