Қуллик тамғаси

Қуллик тамғаси
123 views
17 July 2014 - 9:21

qullikҚуллар ҳақида гап очиладиган бўлса кўпчилик қадимги дунё қулдорлик тузумини ёки АҚШдаги қора танли қулларни кўз олдига келтирадилар. Қулдорлик мозийда қолиб кетган босқич бўлиб, уни шу бугунги замановий дунёда тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ юзага келган воқелик бутунлай бошқача: ҳозирги замонда дунё бўйича камида 30 миллион қул бор экан. XIX аср ўрталарида АҚШда битта қулнинг нархи 50 минг долларга етган бўлса, бугунги кунда 100 доллар ҳам кифоя бўлиб қолди.

Энг йирик қулдорлик мамлакатларидан бири Хитой саналанади. Турма ва ахлоқ тузатиш лагерларидаги маҳбуслар армияси оғир шароитдаги меҳнатлари эвазига 200 турдан зиёд кенг истеъмол маҳсулот молларини ишлаб чиқаради. Ушбу товар-махсулотлар ташқи бозорга экспорт қилинади. Масалан, дунёда ишлаб чиқарилган чой маҳсулотларининг деярли учдан бирини маҳбуслар тайёрлайдилар.

Аҳолиси аттиги 3,8 миллион кишидан иборат Мавританияда 140 минг қул бор: уларни сотиш, ҳадя қилиш одатий ҳол саналади. Гаитида ҳар ўнта боланинг биттаси қулликка ва оғир меҳнатга маҳкум. Ҳиндистонда болалар меҳнати каби эрта никоҳлар ҳам кенг тарқалган. Унисида ҳам, бунисида ҳам болалар ҳуқуқи поймол қилинади.

Саудия Арабистонида 1,5 миллион филиппинлик аёллар саудияликлар уйида хизматкор бўлиб меҳнат қилишади. Аксарият ҳолатларда уларга муносабат чўриларга бўлгани кабидир. Турли мамлакатлар чиққан гастарбайтарлар ўз юртларида қашшоқлик, ишсизликдан қочиб ўзга юртларда қул каби ишлашга мажбур. Улар тузукроқ иш ва мўмай даромад орзусида ўзга юртларга отланадилар, бироқ кўпчилик фирибгарлар қўлига тушиб, ўз уйларига қайтиш ихтиёридан мосуво бўлган ҳолда бир бурда нон эвазига ишлашга мажбурланади. Ишга яроқсиз қолган ҳолатда уларни ахлат мисоли улоқтириб ташлайдилар. Ҳатто йирик концернларда ҳам қуллар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари кузатиб турилади.

Одамлар ўғирланади, қарзлари эвазига сотилади ва сотиб олинади. Қулга айланишнинг йўллари жуда кўп, бунинг учун қандайдир ўзга юртларга бориш шарт эмас. Ҳозирча эркин ва хур халқаро ҳамжамият ушбу масалага бефарқ қолиши давом этар экан, бу иллат, бу жиноят ривожланиб яшанайверади. Одам савдосиги оид жиноятларни фош этишлар ва бу иллатга қарши кураш давомида ютуқлар бўйича кўрсаткичларни оширишлар – дарёдан бир томчи, холос.

Ҳеч қайси ақли расо инсон ўз фарзандинининг тирикчилиги 14-16 соат меҳнат билан ўтишини, набираларининг фоҳишахоналарга сотилишини ёки ўзга юртдаги қандайдир бойнинг чириб кетган жигарини алмаштириш мақсадида донор бўлиши учун сўйилишини истамаса керак. Аммо бизнинг бу иллатга бефарқ қолиб курашмаётганимиз, бу муаммо ҳақида индамай туришимиз эртанги ёруғ кунимизни қора тунга айлантириб қўйиши мумкин. Қизиганган темир тамға изини ҳеч нарса ўчира олмайди, аммо бугунги кундаги жамият танасидаги қуллик тамғасини ҳозир ўчиришнинг иложи бор. Хулласи калом, бу масалада бефарқ қолманг…

http: info.islom.uz