Ўзбекистон – Туркия: музлар эрий бошладими?

Ўзбекистон – Туркия: музлар эрий бошладими?
60 views
17 July 2014 - 14:22

4

Ўтган ҳафтада Туркия матбуоти турк-ўзбек алоқаларида янги саҳифа очилаётгани ҳақида ёзди: 10-12 июнь кунлари Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмед Довудўғли расмий ташриф билан Тошкентга келди. Бу Туркия ташқи сиёсат идораси раҳбарининг Ўзбекистонга сўнгги 13 йилдаги илк сафари бўлди. Аҳмед Довудўғли Ўзбекистон раҳбари билан учрашувда мазкур ташрифни президент Абдуллоҳ Гул ҳам, бош вазир Ражаб Тайип Эрдоған ҳам “буюк ҳасрат” билан кутишганини маълум қилди. Ислом Каримов эса икки ўртада ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган алоқаларни қуриш пайти келганини айтар экан, аввал йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Кўз тегдими?

Аҳмед Довудўғли Тошкентга келишидан аввал ўртадаги англашилмовчиликлар туфайли муносабатларда 2006 йилдан бери турғунлик юзага келганини, бироқ алоқаларни қайтадан исталган даражага кўтариш учун дипломатлар анчагина саъй-ҳаракат қилишганини билдирди. “Бу янги ва янада кучли бошланғич бўлади”, – деди Довудўғли ҳамда Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг юрагида жойлашганини, Туркия нуқтаи назаридан буюк маданий меросга эга, дўст ва қардош ўлка эканини таъкидлади.

Туркия – Ўзбекистон мустақиллигини илк тан олган давлат. 1992 йилда ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган. 1990-йиллар бошида икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳавас қилгудек даражада эди. Борди-келдилар йўлга қўйилган, ҳатто Ислом Каримов Ўзбекистон Туркиянинг ривожланиш йўлидан кетишини эълон қилган эди.
Ислом Каримов 1991-1999 йиллар орасида турли сабаблар билан ўн марта Туркияга келди. Туркия президентларидан Турғут Ўзал, Сулаймон Демирел ва Аҳмед Неждет Сезер Ўзбекистонга ташриф буюрди. Икки давлат бош вазирлари олти марта учрашув ўтказди.

Аммо 1990-йилларнинг ўрталаридан аста-секинлик билан муносабатларга дарз кета бошлади. Аввалига Ўзбекистон Туркияда таҳсил олаётган минглаб талабаларни бирданига ортга қайтарди. Ўзбекистонда очилган турк лицейлари фаолияти тўхтатилди, турк бизнесига босим кучайди.

Гуленчиларга тақиқ

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида турк лицейларининг обрўси катта эди. Туркиялик таниқли диний раҳнамо Фатҳуллоҳ Гуленнинг фатвоси билан очилган бу лицейларда чиндан ҳам таълим сифати юқори бўлиб, бир неча хорижий тилларни пухта ўзлаштирган минглаб истеъдодли ёшлар етиштирилди.

Аммо бу лицейлардан пантуркистлар, диний экстремистлар етишиб чиқиши борасидаги хавотирлар баҳона Ўзбекистон уларни ёпишга киришди. Миллий хавфсизлик хизмати битирувчилар билан суҳбатлар ўтказиб, уларнинг “зомби”ларга айлантиришга ҳаракатлар бўлганини “тушунтирди”. Ҳақиқатан ҳам, гуленчилар лицейлар битирувчиларига нурчилик оқимининг ғояларини сингдириш, Фатҳуллоҳ Гуленнинг асарларини ўқитиш билан шуғулланган эди.

2000 йилга келиб Ўзбекистондаги барча турк лицейлари ёпилди. Аммо гуленчилар таслим бўлишни истамади, чоғи, 2000-йилларнинг ўрталарида ўқув курслари очиш орқали фаолиятларини тиклашга уринди. Ҳатто “Етти иқлим” номли газета, “Ирмоқ” номли журнал очишди, Туркияда гуленчиларга тегишли “Сомон йўли” телевидениеси дастурларини Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этишга уринишлар бўлди. Охир-оқибат бу ҳаракатларга ҳам чек қўйилди.

2011 йилда эса “Туркуаз”, “Гунеш”, “Кайнак” сингари элликка яқин фирмалар нурчилик диний оқимини тарғиб қилиш, ноқонуний диний ташкилот тузишдай айбланиб ёпилди, раҳбарлари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон телевидениесида махсус кўрсатув намойиш этилди.
Табиийки, бу ҳолатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларга таъсир ўтказмай қолмас эди. Аммо сўнгги пайтларда Туркиянинг ўзида ҳам гуленчиларга, уларнинг ўқув муассасаларига қарши тақиқлар кучайиб бормоқдаки, Анқаранинг Ўзбекистонда ёпилган турк лицейлари учун ўпкалашига ҳожат ҳам йўқ энди.

Туркия – ўзбек мухолифатига бошпана

Ўзбекистон – Туркия муносабатлари ҳақида сўз борар экан, ўзбек мухолифати етакчиларидан бири Муҳаммад Солиҳ ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Зеро, айнан Муҳаммад Солиҳ ва ўзбек мухолифати икки давлат ўртасига совуқчилик тушишига асосий сабабчилардан бири сифатида кўрилади.
Мухолифатчи “Эрк партияси” етакчиси Муҳаммад Солиҳ 1991 йилги президентлик сайловида Ислом Каримовга ягона рақиб бўлган эди. Аммо бу рақиблик душманликка айланиб кетди: 1993 йилда Муҳаммад Солиҳ “давлатга хиёнат” айби билан қамоққа олинди, аммо халқаро жамоатчилик босими остида озодликка чиқарилди. Ўша йили мухолифат етакчиси президент Турғут Ўзалнинг таклифига биноан Туркияга келди.

Ислом Каримовнинг энг катта душманига Туркиядан бошпана берилиши, албатта, уни хафа қилмай қўймас эди. Муҳаммад Солиҳ 1999 йилнинг февралида Тошкентда юз берган терактларда айбдор деб топилди ва сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Солиҳ бир неча бор Туркиядан чиқариб юборилган бўлса-да, Ўзбекистонга топширилмади.
Ислом Каримов Туркия Ташқи ишлар вазири билан учрашувда “аввал йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги керак”лиги таъкидлар экан, Туркиянинг ўзбек мухолифатига қучоқ очганига ҳам шама қилган бўлса ажаб эмас.

Иқтисодий ҳамкорлик кучайтирилмоқчи

Хуллас, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар бир неча йилдан бери турғун ҳолатда қолаётган эди. 2012 йили Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Нью-Йоркда туркиялик ҳамкасби Аҳмед Довудўғли билан кўришди. Ўша учрашувда 2013-2015 йиллар орасида Довудўғлининг Ўзбекистонга ташрифи келишиб олинди.
Бундан ташқари, Сочи олимпиадасининг очилиш маросимида Туркия бош вазири Ражаб Тайип Эрдоған президент Ислом Каримов билан учрашди ва Ўзбекистонга бориш ниятида эканини маълум қилди.
Туркиянинг Тошкентдаги элчиси Намиқ Гунер Эрпул Ўзбекистоннинг Туркия номзодини 2015 йил учун БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига қўллаб-қувватлаётганини билдиргани икки давлат ўртасидаги алоқаларда силжиш борлигига ишора бўлди.

Аҳмет Довудўғли Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан бирга Ўзбекистон – Туркия муносабатларини ривожлантириш бўйича йўл харитаси борасида келишиб олишгани, бу харита Ислом Каримов томонидан ҳам маъқулланганини айтди. Шунингдек, Довудўғли Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ҳам музокаралар ўтказди.
Табиийки, учрашувларда иқтисодий ҳамкорликка катта эътибор қаратилди. 2013 йилда икки давлат ўртасида товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион долларни ташкил этди, томонлар бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш ниятида. Довудўғли транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлар экан, Туркия портлари Ўзбекистон учун очиқ эканини, Хитойнинг “Пекин – Истанбул” темир йўл лойиҳаси Ўзбекистонга ҳам фойда келтиражагани билдирди.

Шунингдек, Аҳмет Довудўғли Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳар ҳафтада амалга оширилаётган авиарейслар сонини 7 тадан 14 тага етказишни, Самарқанд ва Бухорога ҳам рейслар очишни таклиф қилди. “Бу Ўзбекистонда сайёҳликнинг ривожланишига хизмат қилади”, – деди у.

Айни пайт Ўзбекистонда турк сармояси иштирокида 485 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Туркия Ташқи ишлар вазири турк бизнесини Ўзбекистонга жалб этиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилинишини билдирди. Довудўғли турк ишбилармонларига хитобан шундай деди: “Ўзбекистон ва Туркия алоқаларида янги палла бошланмоқда. Ушбу мамлакатни ўз ватани каби кўриб, унинг ривожига ҳисса қўшган турк ватандошлари Туркия ривожига ҳисса қўшгандек бўлади. Ўзбекистоннинг ютуғи бизнинг ютуғимиздир”.

Чиройли гаплар ўз йўлига, аммо Ўзбекистондан бадарға қилинган турк тадбиркорларининг бу мамлакатга яна қайтиши даргумон. Қолаверса, Ўзбекистондаги бюрократик-коррупцион тўсиқларга хорижлик сармоядорларнинг ҳаммаси ҳам дош беравермайди.

Хуллас, Аҳмед Довудўғлининг чақириқларига турк бизнеси вакилларининг қанчалик жавоб қайтаришини вақт кўрсатади.

Туркиянинг яна бир истаги – Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлигига қўшилиши. Жумладан, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг июнь ойида Бокуда ўтказилган йиғилишида Туркия парламенти раиси Жамил Чичек Ўзбекистонни “зудлик билан” ташкилотга қўшилишга чақирди. “Орамизда бошқа қардош давлатларни ҳам кўришни истаймиз, бу мақсадларимизга тезроқ эришишимизга ёрдам беради”, – деди у. Аммо Ўзбекистон ҳанузгача бу чақириққа жавоб бергани йўқ.

Аҳмед Довудўғлидан кейин Туркия бош вазири Ражаб Тайип Эрдоған ҳам, ўзи ният қилганидек, Ўзбекистонга сафар қилса ажаб эмас (аммо у Тошкентга келадиган бўлса, бош вазир эмас, президент сифатида келади. Чунки Туркияда август ойида президентлик сайлови ўтказилади ва Эрдоған энг асосий номзод сифатида кўрилмоқда). Бундан ташқари, турк томони Ўзбекистон раҳбариятининг Анқарага ташрифини кутмоқда.

Икки орада йиллар давомида катталашган музлик бирданига эриб кетмайди, албатта. Ўртадаги алоқаларнинг илиқлашиши биринчи навбатда Ўзбекистон иқтисодиётига фойда келтиришини тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ. Муҳими, “юқоридагилар” тил топиша олса бўлгани.

Манба: uz.ca-news.org