Малайзия “Боинг”ини рус бўлгинчилари уриб туширгани исботланди (аудио)

Малайзия “Боинг”ини рус бўлгинчилари уриб туширгани исботланди (аудио)
72 views
18 July 2014 - 11:44

1

Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing 777 самолёти 2014 йилнинг 17 июль куни Донецк узра парвоз вақтида ҳалокатга учради ва Украинанинг Торез шаҳри яқинидаги Грабово қишлоғига қулаб тушди, деб хабар берди The Aviation Herald.

Самолёт бортида 283 та йўловчи ва 15 та экипаж аъзоси бўлган ва уларнинг барчаси ҳалок бўлишган. Самолёт Украина шарқидаги қуролли низо бўлаётган ҳудудга қулаган.

Бу сўнги беш ой ичида мазкур авиакомпанияга тегишли авиалайнерларнинг Boeing 777 самолёти ғойиб бўлганидан кейинги иккинчи ҳалокати бўлса, Украина шарқидаги қуролли низо ҳудудида сўнги бир ой ичида содир бўлган иккинчи йирик авиаҳалокат ҳисобланади.

Украина ва Россия ҳукуматлари ҳамда Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар ҳам ҳалокатга ҳеч қандай алоқалари йўқлигини таъкидлашмоқда ва бир-бирини айблашмоқда.
Қурбон бўлганлар сонига кўра ушбу ҳалокат 2001 йил 11 сентябрдан кейинги тарихдаги энг йирик ҳалокатлар ўнталигига киради.

2

Амстердам — Куала-Лумпур йўналиши бўйича парвони амалга оширадиган Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 777 самолёти Амстердамнинг Схипхол аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 10:14 да ҳавога кўтарилган ва Куала-Лумпур маҳаллий вақти билан соат 06:10 да манзилга етиб келиши лозим бўлган. Самолёт Россия ҳаво бўшлиғига киришига 50 километр қолганда баландликни йўқота бошлаган. Соат 14:15 да эса самолёт билан алоқа йўқолган. Парвозларни кузатувчи Flightradar24 портали берган маълумотга таяниб CNN берган хабарга кўра самолёт Кременчуг туманида радарлардан ғойиб бўлган.

Самолёт Грабово қишлоғига қулаб тушганидан сўнг унинг ёнаётган қолдиқлари Украина ҳудудидан топилган.

17 июль куни Life News ва ИТАР-ТАСС агентликлари Украинанинг Ан-26 самолёти исёнчилар томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар беришганди.

Гувоҳларнинг эътироф этишича, деб ёзади РИА Новости, бу ҳодиса маҳаллий вақт билан 16:00 да Малайзия Боинги радарлардан ғойиб бўлишидан бироз олдин ва айни ҳудудда содир бўлган.
Украина ички ишлар маслаҳатчиси Антон Грешенконинг тахминича, Боинг 777 самолёти террорчилар томонидан “Бук” зенит ракета мажмуаси воситасида уриб туширилган. Унг кўра ракета Торез шаҳрининг 3-митти туманидан учирилган.

Украина хавфсизлик хизматининг маълум қилишича террорчиларнинг фуқаролик самолётини уриб туширганликлари ҳақидаги суҳбати қайд этилган тасма қўлга киритилган. Уларнинг маълумотига кўра қўлга киритилган тасмада муҳрланган суҳбатда И. Безлернинг(“Бес”) ўз куратори полковник В.Германинга фуқаролик самолётини уриб туширгани ҳақида маълумот бераётгани қайд этилган.

Шунга қарамасдан “Луганск Халқ Республикаси” (ЛХР) раҳбарияти Boeing 777 Украинага тегишли Су-25 бомбардимончи самолёти томонидан уриб туширилгани иддао қилишда давом этмоқда. ЛХР раҳбариятининг эътирофича улар бундай баландликдаги самолётни уриб тушира оладиган қуролга эга эмаслар.

3

Россия президенти Владимир Путин эса Малайзия «Боинги»нинг қулаши учун жавобгарликни Украина зиммасига юклади ва фожеа тафсилотларини чуқур ўрганиб чиқиш учун барча чораларни ишга солишни талаб қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс» ахборот агентлиги.

«Сўзсиз, бу даҳшатли фожеа учун, ушбу воқеа қайси мамлакат устида содир бўлган бўлса, шу мамлакат жавобгар бўлади», – деди Россия президенти.

«Агар ушбу жойда тинчлик бўлганида, Украина жануби-шарқида жанговар ҳаракатлар қайта бошланмаганида эди, ушбу фожеа содир бўлмасди», – деди Владимир Путин.

Путин авиаҳалокат тафсилотларини аниқлаш бўйича Россия ҳукуматига кўрсатма бераркан, «содир бўлган воқеанинг ҳаққоний тасвири ҳам Россия, ҳам Украина ва умуман бутун жаҳон жамоатчилиги мулкига айланиши керак»лигини қайд этиб ўтди.

Айни пайтда АҚШ разведкаси Украинада қулаган «Боинг»ни уриб туширган ракета парвозини қайд этди. Америка разведкаси «ер – ҳаво» типидаги ракета учирилганини қайд этди – катта эҳтимол билан, Украина шарқида қулаган Малайзия «Боинги» айнан шу ракета орқали уриб туширилган бўлиши мумин. Бу ҳақда, махсус хизматлардаги манбаларига асосланиб, The Wall Street Journal газетаси хабар берди.

Разведка хизмати ходимлари портлаш жараёнини кузатишга муваффақ бўлишган, бироқ, ракета айнан қаердан учирилганини аниқлаш имкони бўлмаган. Ўз навбатида, Associated Press’нинг АҚШ вице-президенти Жо Байденнинг иқтибос келтиришича, Украина шарқидаги авиаҳалокат «бахтсиз ҳодиса эмас». Байденнинг таъкидлашича, самолёт олдиндан режалаштирилган ҳолда, мақсадли равишда уриб туширилган.

Ҳозирда Аэрофлот, Трансаэро, Air France, Turkish Airlines, Virgin Airlines, Lufthansa ва S7 авиакомпаниялари ўз парвозларини Украина ҳаво бўшлиғини айланиб ўтиб амалга ошириш ниятида эканликларини маълум қилишган.

ЎХҲ ахборот бўлими