Ўзбекистон Бош Прокуратураси Мадумаров ва Авакьянларга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида хабар берди

Ўзбекистон Бош Прокуратураси Мадумаров ва Авакьянларга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида хабар берди
18 views
18 July 2014 - 16:21

718 июль куни Ўзбекистон Бош Прокуратураси май ойининг охирида 13 та шахсга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ҳақида хабар берди, деб ёзади республика Бош Прокуратураси матбуот хизмати тарқатган маълумотга таяниб газета.uz.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати 18 июль куни бир гуруҳ шахслар, жумладан Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакьянларга нисбатан 24 май куни чиқарилган айблов ҳукми ҳақида хабар тарқатди.

“Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Р.Мадумаров, Г.Авакьян ва бошқаларга (жами 13 нафар шахс) нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан 2014 йил 24 май куни чиқарилган айблов ҳукми асосида судланувчилар содир этган жиноятлари учун эълон қилинган айбловлар бўйича айбли деб топилиб, уларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, матбуот хизматининг ёзишича, “жиноят ишининг юқорида кўрсатилган шахсларнинг айрим жиноий шерикларига бўлган қисми алоҳида иш юритувга ажратилган ҳамда уларга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланган”.

Бош Прокуратура хабарида ишнинг бошқа тафсилотлари тўғрисида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 17 февраль куни Terra Group, Prime Media ва Gamma Promotion компанияларининг мансабдор шахслари бўлган Рустам Мадумаров, Гаяне Авакьян ва Екатерина Клюевалар Бош Прокуратурага олиб келинганди.

Орадан икки кун ўтиб Бош Прокуратура берган хабарда юқоридаги компаниялар билан боғлиқ жиноят иши бўйича 10 киши олиб келингани маълум қилинганди.

Улар Ўзбекистон ичкарисида ва ҳорижда ноқонуний амалиётлар орқали сохта тузилмалар ташкил қилиш, ноқонуний даромад олиш ва жиноий даромадларни легаллаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ҳориж валютасини яшириш ва уни мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетиш сингари жиноятларда айбланган.

ЎХҲ ахборот бўлими