Ўзбекистондаги хаста тиббиёт

Ўзбекистондаги хаста тиббиёт
32 views
19 July 2014 - 14:02

4

19 июль куни маҳаллий нашрлардан бўлган gazeta.uz сайти тарқатган хабарга кўра Ўзбекистон миллий телевиденияси соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни кўтариб чиққан. Давлат телевиденияси томонидан тайёрланган “Беморга хиёнат” деб номланувчи кўрсатувда Тезкор тиббий ёрдам республика илмий марказининг (ТТЁРИМ) Самарқанд филиали фаолиятидаги порахўрлик, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш ва бюджет воситаларини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида сўз боради.

Кўрсатув саломатлик ва инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устунлиги, Конституцияга кўра ҳар бир шахснинг малакалий тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги сўзлар билан бошланади. Марказ Ўзбекистондаги тезкор тиббий ёрдам тизимининг юраги ҳисобланид республика минтақалари бўйлаб ўзининг филиалларига ҳамда туман марказларида ва шаҳар касалхоналарида 170 дан ортиқ қуйи филиалларга эга.

Кўрсатувда жойларда ўз ваколатларини суистеъмол қиладиган ва аҳолида норозилик келтириб чиқарадиган соғлиқни сақлаш тизимлари вакиллари учраб туриши айтилади. Муаллифлар ўз фикрларини ТТЁРИМ Самарқанд филиалида ўтказган журналистик текшируви натижалари билан тасдиқлашади.

“Сўнги пайтларда вилоят аҳолисининг филиалга нисбатан ишончи сўниб бормоқда”, – дейилади кўрсатувда. Маълум бўлишича, филиалнинг собиқ раҳбари Юсуф Ахмедов қоидабузарликлар туфайли ишдан олинган. Унинг ўрнига мавжуд муаммоларни ҳал қилишў учун янги одам тайинланган. Кўрсатув муаллифлари шартли равишда муаммоларни тўрт қисмга ажратишади.

1. Тиббий ёрдам кўрсатишдаги муаммолар ва камчиликлар

Филиалда тиббий ёрдам кўрсатиш бепул амалга оширилиши лозим бўлишига қарамасдан бу талабга анчадан бери риоя қилинмаслиги аниқланган.

Шунингдек, тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари ва процедураларига амал қилинмаганлик билан боғлиқ яна кўпгина ҳолатлар санаб ўтилади. Масалан, 2013-2014 йиллар давомида биринчи жарроҳлик бўлимининг ўзида 16 та ўлим ҳолати қайд этилган, бироқ фақат 4 ҳолатдагина патологоанатомик экспертиза ўтказилган.

Сўнги уч йил мобайнида 180 дан ортиқ мижозга бир хил ташхис қўйилган ва уларнинг барчаси режали тартибда амалиёт қилинган. “Асосий қоидабузарликларнинг ичида – белгиланган процедураларга умуман амал қилинмаслиги, таҳлилларнинг нотўғри олиб борилиши, невропатолог текшируви ўтказилмаслиги кабилар мавжуд”, – дейди лавозими кўрсатилмаган т.ф.н. Геннадий Ҳайдаров. “Қоидага кўра бемор 15 соат ичида муолажа билан таъминланиши лозим ва фақат шундан сўнгина унинг аҳволида яхшиланиш кузатилмаса амалиёт қилинади. Бизда эса амалиёт 5-6 соатдан кейин дарҳол қилинади”, – дейди у.

Мижозлар тиббий муассаса ходимларининг ўз вазифаларини сидқидилдан бажармасликларини, беморларнинг илтимосларига ҳеч қандай эътибор қилмасликларини таъкидлашади. Физиотерапея хонасида асосан тезкор тиббий ёрдамга муҳтож беморлар қабул қилинган. Бундан ташқари журналдаги рўйхатга олиш ёзувлари ҳам сохталаштирилган.

Болалар реанимацияси бўлими таъмирга муҳтож, бу ерда алоҳида тиббий жиҳозлар етишмайди. Журналистлар бир вақтнинг ўзида иккита боланинг битта кислород ёстиқчасидан фойдаланишаётганига гувоҳ бўлишган. Бўлим мудири Фарход Шакаровнинг изоҳ беришича, ёстиқчалар етишмаслиги туфайли врачлар шундай қилишга мажбур.

2014 йилда бўлимдаги 477 та беморнинг биронтаси ОИТВ кўригидан ўтказилмаган. Филиал директорининг даволаш қисми бўйича ўринбосари Аминов: “Биз ҳақиқатан ҳам келган мижозларни ОИТВ кўригидан ўтказишимиз лозим”, – дея эътироф этади. Бироқ, унинг сўзларига кўра баъзи мижозлар бир кунда, баъзилари ундан ҳам олдин филиални тарк этишади. Унинг қайд этишича жавобгар шахслар жазога тортилган.

2. Тиббий жиҳозлар ва дори-дармон таъминоти билан боғлиқ муаммолар

Мижозларнинг айтишича, врачлар аксарияти топиб бўлмайдиган дориларни ёзиб беришади. “50 минг, 161 минг, 34 минг сўмлик”, – дея дориларнинг нархини санай бошлайди беморлардан бири. “Ҳатто бинтни ҳам сотиб олишга мажбур қилишади!”, – дейди у. Уч кун ичида дориларга 700-800 минг сўм сарфланди, дейди яна бир аёл. Шприцларни ва бошқа кўп нарсаларни сотиб олишга тўғри келади..

Кўрсатув муаллифлари беморларнинг дориларни сотиб олиш имкониятларини четлаб ўтишади, бироқ уларни қўллаш тартибига риоя қилиш муҳимлигига эътибор қаратишади. Биринчидан, муассаса зарур дори-дармонлар билан тўла таъминланиши ва алр билан беморлар ҳам бепул равишда таъминланиши лозим. Иккинчидан, беморларнинг дориларни сотиб олганликлари ва бир маротаба қўлланиладиган жиҳозлар мажбурий тартибда касаллик варақасида кўрсатилиши лозим.

“Нима учун беморлар бунчалик кўп дори сотиб олишлари керак? Дориларга бўлган талабни таҳлил қилиш ва филиални улар билан зарур миқдорда таъминлашнинг иложи йўқми?”, – дея савол берилади кўрсатувда. “Биз заҳирадаги барча дорилардан фойдаланамиз, етмаганларини беморлардан сотиб олишларини сўрашга мажбурмиз”, – дейди Аминов. Бу беморнинг ҳаётини қутқариб қолиш учун қилинади, – дейди у.

Шундан сўнг кўрсатувда жиҳозларнинг бузилганлиги ҳақида сўз боради (344 номдаги жиҳоздан 43 таси бузилган). Баъзи кардиомониторлар 2013 йилдан, компьютер томографияси ва 8 та гемодиализ жиҳози 2009 йилдан бери ишламайди. Жарроҳлик реанимацияси бўлими мудири Ботир Эшмирзаевнинг тан олишича, жиҳозлар етишмайди, кўпгина жиҳозларнинг яроқлилик муддатлари ўтиб бўлган.

Айни дамда бўлинма омборида яроқлилик муддати ўтиб кетган бир қанча жиҳозлар ва катта миқдордаги дори воситалари қолиб кетган. Баъзи дориларнинг яроқлилик муддати 1991 йилгача, баъзилариники ҳатто 1978 йилда ўтиб бўлган.

Иккинчи жарроҳлик бўлинмаси собиқ мудири Комил Жулибековнинг хонасида ҳужжатсиз 23 та тиббий анжомлар топилди. Иккинчи жарроҳлик бўлинмаси катта ҳамшираси Жумаева масъул бўлган хонада ҳужжатларсиз 105 та тиббий анжомлар топилди. Бўлинма омборида психотроп воситалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар сақланган. Уларнинг сақланганлиги факти бўйича жиноят иши очилган.

Мудир катта ҳамширага ишонгани туфайли етарлича эътибор қилмаганини айтади. Хатомизни тушиндик, назоратни кучайтирамиз, дейди у.

3. Таъмагирлик ҳолатлари ва хулқ-атвор билан боғлиқ муаммолар

Кўрсатув муаллифлари юқорида тилга олинган камчиликларнинг асосий сабабини порахўрлик, таъмагирлик, ходимларнинг ўз мажбуриятларига масъулиятсиз ёндашишлари, бюджет воситаларини ўмариш ҳамда раҳбарият ва филиал ходимлари малакасининг пастлиги билан боғлашади.

Малакасиз кадрларнинг ишга олинганлиги туфайли кўпгина тажрибали ходимлар босим остида ўз ишларини тарк этишга мажбур бўлишган. Самарқанд тиббиёт институтидан бу ерга юбориладиган ёрдамчилар белгиланган 0,25 ставка ўрнига пора эвазига тўлиқ ойлик маош олишган.

Ёрдамга муҳтож беморлар пора эвазига қабул қилинган, кўрикдан ўтказганидан сўнг яна пул эвазига яхши муиахассисга жўнатилган. Кўрсатувда айтилишича, ноқонуний олинган маблағларнинг ярмини қабул бўлинмаси мудири олган.

Асосан тунги навбатчиликлар “даромадли” ҳисобланган. Врачлар 200-300 минг сўмлик пора билан кўпроқ тунги навбатчиликларни қўлга киритишган. Агарда воач навбатчиликка келмай қолса, унинг ўрнини эгаллаш учун ҳақиқий “ким ошди савдоси” ташкил қилинган.

Иккинчи жарроҳлик бўлинмаси собиқ раҳбари Жулибеков порасиз ҳатто фаррошларни ҳам ишга олмаган. Ходимларнинг айтишича, бу ҳам етмагандек улар доимий равишда чойшабларни алмаштириш ва бошқа харажатлар учун пул беришлари керак бўлган. Бўлинма собиқ раҳбари ходимлардан арзимаган нарсалар учун айб топиша уринган ва очиқчасига уларга босим ўтказиб келган.

Филиалдаги барча процедуралар, дастлабки тиббий кўрикдан бошлаб станционарда қолиш ва овқатланишгача барчаси пул туради, дейилади кўрсатувда.

4. Филиалдаги шароит

Томошабин кўрсатув мобайнида мижозлар ва уларнинг яқинларининг филиал биноси қаршиси ерда ва ўтлоқлар устида ўтирганликларига гувоҳ бўлади. Улар учун ичкарида ҳам ташқарида ҳам умуман шароит йўқ. Боғда дайди итлар айланиб юрибди, йўлаклар таъмирталаб, чиқинди майдонига контейнер қўйилмаган, дея санаб ўтилади кўрсатувда. Бинонинг ичида одамлар ўтиришга жой етишмаганлиги туфайли тикка туришибди ёки чўккалаб ўтиришибди.

Қабул бўлими мудири Норқувват Йўлдошевнинг айтишича, барча шароит мавжуд, ҳатто арзон нархда меҳмонхона ҳам бор (5000 сўм). Бироқ ундан меҳмонхонани кўрсатиш сўралганда унинг филиалга қарашли эмаслигини айтади.

Бинонинг ўзи тўлиқ таъмирга муҳтож. Таъмир учун ишчилар эмас, тиббий муассаса ходимлари жалб қилинган, баъзан уларга ҳатто беморлар ҳам ёрдам беришади. Мана шу ҳолда филиал 2013 йилда назарда тутилганидан 84 млн сўм ортиқ бюджет маблағларини таъмир учун сарф қилиб юборган.

Филиалда электр токи ўчиб қолиши муаммо экани айтилади. Бу вақтда лифтлар ишламайди, УЗИ ва ЭКГ да узун навбат юзага келади, врачлар амалиётларни чироқсиз қилишади. Энергия йўқлиги сабаб сув чиқариш тўхтайди. Хўжалик ишлари бўйича мудир Сарвар Амир-Асановнинг таъкидлашича, бошқа бир станциягача 3,5 км узунликдаги кабелни ётқизиш билан муаммони ҳал қилиш мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими