Ўзбекистондаги сармоя муҳитининг ҳақиқий юзи

Ўзбекистондаги сармоя муҳитининг ҳақиқий юзи
36 views
24 July 2014 - 14:30

4Ўзбекистонга сармоя киритишдаги хавф барчага аён, бироқ бирон наф борми, деган савол «Берлек-Единство» Геосиёсий тадқиқотлар Маркази интернет саҳифасидаги мақолага сарлавҳа бўлган.

Мақолада навбатдаги Россия сармоядорининг Ўзбекистондан ҳайдалиши билан боғлиқ сўнги бир неча кун ичида Ўзбекистондаги “Оҳангаронцемент” заводи атрофида бўлаётган ҳодисалар тилга олинади. Мақола мазмунига эътибор қилинса, Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлигининг баъзи йўналишлари оқсаётганлиги муаллиф томонидан норози бир оҳангда яширин танқид остига олинади.

“И. Каримовнинг 2013 йил апрель ўрталаридаги Россияга ташрифидан сўнг, томонлар ўртасида ҳеч қандай бир шаклда ўзаро интеграциявий ташаббусларни ривожлантиришга доир ҳаракатлар кузатилмади. Хавфсизлик соҳасида ҳам Ўзбекистон ҳаттоки ўзининг сиёсий режими Ғарб қадриятларига унчалик уйғун бўлмаса ҳам кўпроқ Ғарбга ён босади”, – дейилади мақолада.

Муаллифнинг фикрича, 2014 йил бошларида Каримов Прагага ташриф буюриши керак эди, бироқ бу Оврўпа Иттифоқи босими остида қолдирилди.

Шу ўринда аниқлик киритадиган бўлсак, халқаро саҳнада “диктатор” сифатида танилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Оврўпа Иттифоқи аъзоси бўлган Чехияга таклиф қилиниши кўплаб инсон ҳақлари ташкилотлари, ҳориждаги ўзбек фаолларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлганди. Бунинг ортидан Чехия Бош вазири Богуслав Соботка бошлиқ ҳукуматдаги бешта вазир ва Прага шаҳар ҳокими айнан Каримов келадиган куни Ўзбекистон вакиллари билан учраша олмасликларини билдириши натижасида Ўзбекистон тарафи учрашувни кечиктиришга мажбур бўлганди.

“Бироқ, Ислом Каримов Ғарб учун иккинчи даражали статусга эга одам бўлишига қарамасдан барибир АҚШ ва Оврўпа Иттифоқи билан ҳамкорликни ривожлантиришга интилади. Латвия бу ҳамкорликда воситачилардан бири бўлишга уринмоқда. Кўпгина таҳлилчиларнинг фикрича, бундай ҳамкорликнинг оқибати рангли инқилоб билан якун топади”, дея юқоридаги фикр давом эттирилади.

Эътиборли жиҳати, муаллиф Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлигида сиёсий босим омилининг мавжуд эмаслигини ва биринчи навбатда, Афғонистон тарафдан бўладиган таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилишнинг муҳимлигини таъкидлайди.

“Москва Афғонистон тарафидан бўладиган ноанъанавий таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш мутлақо ўзини оқлади”, – дея иддао қилади муаллиф.

Эътироф этиш керакки, Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ҳар йили биринчи ўринда бўлиб келади. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳажми йилига ўртача $ 5-7 млрд.ни ташкил қилади.

Россиялик таҳлилчиларни безовта қилган нарса сўнги бир неча йил мобайнида Ўзбекистонда россия бизнесининг кучли босимга учраши билан боғлиқ ҳолатлар саналади. Хусусан, 2012 йилнинг ёзида Россиянинг МТС алоқа операторининг Ўзбекистондаги фаолиятига чек қўйилди ва унинг активлари маҳаллий оператор ҳисобига ўтказиб юборилди. Бироқ, МТС ва Ўзбекистон ўртасидаги сўнги музокаралар ўртадаги муаммолар ечим топганидан давлолат беради ва яқин кунлар ичида компаниянинг ўзбек бозорига қайтиши кутилмоқда.

Таҳлилчиларнинг Ўзбекистондаги сармоя жозибадорлиги билан боғлиқ ҳолатни тилга олишларига сабаб, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг шикоят аризаси асосида шу йилнинг 21 июль куни Тошкент вилояти хўжалик суди томонидан 1994 йилдаги “Оҳангаронцемнет” бирлашмасини хусусийлаштириш натижаларини ноқонуний тўғрисидаги қарорнинг чиқишидир.

Аслида, “Оҳангаронцемент” корхонаси жорий йилнинг апрель ойи бошларидаёқ муаммоларга дуч кела бошлаганди. Бу ҳақда бир қанча мустақил нашрларда хабарлар пайдо бўлганди. Ўшанда, “Оҳангаронцемент” заводида “кўплаб ҳуқуқбузарликлар ва молиявий қаллобликларга оид фактлар юзасидан” жиноят иши қўзғатилгани, тергов кетаётгани, завод бош директори иш жойидан ғойиб бўлгани тўғрисида айтилган ва атроф-муҳитни ифлослантираётганликда айбланган эди.

Юқорида тилга олинган мақола муаллифлари эътироф этганидек, “Оҳангаронцемент” заводи билан боғлиқ ҳодиса Ўзбекистондаги сармоя муҳитининг ҳақиқий “юзини очиб берди”, – дейдиган бўлсак, бу нотўғри бўлади. Чунки бу каби ҳолатлар Ўзбекистон ичкарисидаги чет эл бизнеси учун янгилик эмас.

Бундан ташқари, чет эл сармояси билан боғлиқ миллий қонунчилик нормаларининг халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмаганлиги, энг асосийси ички қонунчиликда сармоядорлар ҳуқуқларини кафолатлайдиган механизмнинг йўлга қўйилмаганлиги бир неча маротаба халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг ҳисоботларида акс этган.

Шу сабабли ҳам коррупциялашган тизим қоидалари асосида амалга ошириладиган бизнесда давлатнинг ғирромлик қилишидан нафақат Россия ширкатлари, балки Ўзбекистонга йирик миқдорда сармоя олиб кирган жуда кўплаб ширкатлар зарар кўришган. Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинганлар сифатида, мақолада санаб ўтилганидек, Демир ва Turkuaz сингари турк ширкатлари ва Германиянинг Вкусный хлеб ширкатлари қаторида АҚШнинг Newmont Mining Corp компанияси киритган сармоя асосида ташкил қилинган олтин қазиб олувчи Зарафшан-Ньюмонт қўшма корхонаси, Британиянинг олтин қазиб олувчи Oxus Gold ширкати, Исройилнинг Metal-Tech Ltd ширкати, 2012 йилда ёпилган Ҳинд сармоясидаги Ўрта Осиёдаги йирик «Spentex Toshkent Toytepa» текстил ширкати ва бошқаларни келтириш мумкин.

Кўриниб турибдики, иқтисодиётни тартибга солишдан кўра тоталитар бошқаришга асосланган ўзбек режимидан жабр кўрган сармоядорларнинг аксарияти Ғарбга оид.

Шундай экан, Ўзбекистондаги чет эл сармоядорларининг мулки тортиб олинган ёки йирик миқдордаги жарима шаклида маблағлари ўзлаштириб юборилган ҳолатларнинг асосий сабабини сиёсий омилларга боғлаш бироз нотўғридир. Чунки, Ўзбекистонда бизнес юритиш тамалини қонун нормалари эмас, балки коррупция ва таниш-билишчилик қоидалари белгилаб берадиган мавжуд тизимда “биринчи оила” ва унинг атрофида бирлашган гуруҳлар учун шахсий моддий манфаатдорлик ҳаттоки давлатлараро сиёсий ҳамкорликдан ҳам устун туради.

Замир Малик